Линклар

Буғдойи тортиб олинган фермерларнинг пахта мавсуми харажатларига пули қолмади


Буғдойидан айрилган фермерлар пахта режаси шубҳа остида қолаётганидан шикоят қилмоқда

Буғдойидан айрилган фермерлар пахта режаси шубҳа остида қолаётганидан шикоят қилмоқда

Тошкент вилояти Оққўрғон туманилик фермерлар пахта терими билан боғлиқ харажатларни қоплай олмаётганларидан шикоят қилишмоқда. Оққўрғонлик фермерларнинг Озодликка айтишича, шу йилнинг июль ойида туман ички ишлар бўлими бошлиғи бошчилигидаги ҳокимият вакиллари уларга тегишли буғдойни тортиб олгани боис фермер хўжаликлари пулсиз қолган ва ҳозирда пахта режаси бажарилиши ҳам шубҳа остида қолган. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Озодлик билан суҳбатда фермерларни муаммони бўрттираётганликда айблади.

Тошкент вилояти Оққўрғон туманилик 27 нафар фермернинг режадан ортган буғдойи олиб қўйилгани ҳақида Озодлик июль ойида хабар қилган эди. Айни фермерлардан бир гуруҳи Озодликка яна мурожаат қилиб, тортиб олинган буғдойи учун ҳатто давлат белгилаган нарх ҳам берилмагани бугун айни пахта мавсуми авж палласига чиққан пайтда фермер хўжаликларини жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келишига олиб келганидан шикоят қилишди.

“Режадан ортиб қолган, ўзимизга қолиши керак бўлган ғаллани июль ойи бошида олиб қўйишган эди. Одатда ўзимизга қоладиган ғаллани сотиб, пахта мавсумида чиқадиган харажатларни қоплар эдик. Ҳозир ғалласи тортиб олинган фремер хўжаликлари бир тийинсиз қолди, кундалик харажатларни қоплолмаяпмиз, пахта режасини қандай бажаришни билмай бошимиз қотиб қолган”, дейди фермерлардан бири.

Унинг айтишича, давлат билан тузилган шартнома бўйича фермерларга тегишли ғалла зўравонлик билан тортиб олинганидан кейин Ўзбекистон президенти, бош прокуратура, вазирлар маҳкамасига шикоятларга жавобан фермерлар ҳақи берилиши ваъда қилинган, лекин буғдойнинг ҳатто давлат белгилаган нарх ҳам берилмаган.

“Ўшанда Оққўрғон туман ички ишлар бўлими бошлиғи Собир Иброҳимов фермерларга зўравонлик қилиб, ғалласини олиб қўйган, бир икки кишини ҳатто қамаб қўйган эди. Кейин биз президентга, бош прокуратура, вазирлар маҳакамасига шикоят қилиб борган эдик. Чора кўрамиз, ҳақларингни берамиз, деб ваъда қилишди. Одамларнинг 25-30 тонна ғалласини олиб қўйди. Уни бозорда минг сўмдан сотсак, 25-30 миллион сўм пул бўлади. Лекин бизга 400 сўмдан ҳақ берилишини ваъда қилишди, ўшани ҳам беришмади. Солиққа олдиндан тўлаб қўясан, соляркага тўлайсан, деган баҳоналар билан олиб қолишди. Натижада фермер хўжаликларининг кўпчилигида пахта далалари қаровсиз қолиб кетди. Пахтани ўташ учун ишчи ёллай олмадик, далалар ўт босиб кетди”, дейди фермер.

Натижада, дея қўшимча қилади у, ҳозирда пахта бўйича давлат режасини бажариш шубҳа остида қолмоқда.

Шу йилнинг 7 июль куни Оққўрғон тумани милицияси бошлиғи дохил ҳокимият вакилларининг бир гуруҳи маҳаллий фермер хўжаликларини айланиб, давлат билан имзоланган шартномага биноан фермерларга тегишли бўлган буғдойни зўравонлик билан ўрдириб олган ва норозилик билдирган икки фермерни уриб, қамаб қўйгани билан боғлиқ ҳодисани Озодлик ёритган эди.

Ҳокимият вакилларининг бу ҳаракатлари боис фермерлар дуч келган қийинчиликлар юзасидан изоҳ олиш мақсадида Оққўрғон туман ҳокимлиги билан боғланиш уринишларимиз натижа бермади. Айни пайтда туман ички ишлар бўлими бошлиғи Собир Ибрагимов Озодлик билан суҳбатда фермерларни вазиятни бўрттиришга уринаётганликда айблади.

- Ғалласини ҳеч ким олиб қўйгани йўқ. Ғалласини олиб давлатга топширганмиз. Давлатдан улар доверенность (ишонч қоғози-таҳр.) олишган топширганлиги ҳақида. Заҳирани фермерлар қайтариб олишган. Мен унга аралашмаганман,- деди туман милицияси бошлиғи.

Суҳбат бошида фермерлар ғалласи олиниб, давлатга топширилганини эътироф этган Собир Ибрагимов кейин умуман бундай воқеа бўлганини инкор қилишга ўтди.

- Унақа ҳолат бўлмаган, ака. Сизга қайси фермер чиққан бўлса, ўша фермерни жўнатинг ҳокимнинг олдига. Ўтириб, ўша ерда гаплашамиз, туман ҳокимининг олдида. Қайси фремрега нима бўлганини. Ака, мен халқ учун юрган одамман. Халқ ичидаман,- дея гўшакни қўйиб қўйди милиция бошлиғи.

Ўзбекистонда айни кунларда пахта йиғим терим мавсуми давом этмоқда. Пахта давлат режасини бажариш жараёни билан боғлиқ муаммоларга биргина фермерлар дуч келаётгани йўқ.

Пахта далаларига оммавий тарзда мажбуран ҳайдалаётган ўзбекистонликлар бу жараён билан боғлиқ харажатларни ўз чўнтагидан қоплашга мажбурланаётганини кўриш мумкин.

Жумладан, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги мактаб ўқитувчиларидан мажбурий равишда пахта учун 800 минг сўмдан пул олинаётгани, ёки пахтага чиқишдан бош тортган пенсионерлар нафақасидан мосуво этилиш билан қўрқитилаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилди.

Ўзбекистонда Пахта-2015 кампанияси қандай кечаётгани тўғрисидаги хабарларни Озодликнинг бунга бағишланган жонли блогида ҳам кузатишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG