Линклар

Петербург суди ўғли учун курашаётган ўзбекистонлик аёл тарафини олди


Тошкентлик Раъно Бекжонова Петербургда ўзи ва ўғлининг ҳуқуқлари учун курашмоқда.

Тошкентлик Раъно Бекжонова Петербургда ўзи ва ўғлининг ҳуқуқлари учун курашмоқда.

Петербургда тергов остида қолаётган фарзанди ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик аёл судда маҳаллий ФМСдан устун келди. Дзержинский туман суди Петербург миграция ходимлари иддаоларини рад этиб, тошкентлик Раъно Бекжонова ҳуқуқлари бузилгани ва у депортация қилинмаслиги тўғрисида ҳукм чиқарди. Аслида 21 яшар ўғлини ҳимоя қилишга Ўзбекистондан келган бу аёл олиб борилаётган терговни ноҳақ, деб Петербург йўл полициясига ҳам қарши курашишга мажбур бўлаётганини гапирмоқда.

Тошкентлик Дилмурод Бекжонов 2015 йил бошларида Санкт-Петербург шаҳридаги олий ўқув юртларидан бирига ўқишга келган.

Сиртдан ўқиш учун маблағ етишмаслиги сабабли 21 ёшли бу йигит маҳаллий ширкатлардан бирига машинада пицца ташувчи бўлиб ишга кирган.

“Кунлардан бир куни уни ДПС ходимлари тутиб олиб, подстава қилишди”, дейди ўғли келганига бир ой бўлмасдан ҳибсга олиниб, жиноий жавобгарликка тортилганини Озодликка айтган Раъно Бекжонова.

- Уни кундузи ҳам тўхтатишган, лекин ҳеч нарса дейишмаган. Тунда кечаси 1:40-да тутиб, қўлидаги ҳужжатлари “фальшивий” деб олиб кетишган. Унга вақтинчалик гувоҳнома бериб, ғойиб бўлмаслиги тўғрисида тилхат ҳам олиб, қўйиб юборишган. Бу 6 январь куни бўлган ҳодиса. 1 февраль куни эса ўғлимни Ропшчино деган қишлоқдан тутиб, 77- полиция бўлимига олиб келишган. Уни “безорилик” моддаси билан 3 кун камерада овқатсиз сақлашган. Кейин олдига полиция бошлиғи кириб урган, “Сен ҳеч ким эмас, чириб кетасан шу ерда!”, деган. Унга ҳужжатга мажбурлаб қўл қўйдиришган. Кейин билса – гўё “безорилик” қилгани тўғрисида протокол экан. У жаримани тўлаб, 3 кундан кейин чиққан, аммо паспорт, регистрация, миграционкасини олиб қолишган, -деди Раъно опа.

Тошкентлик бу аёлнинг айтишича, эртаси куни 77-полиция бўлими навбатчиси ҳужжатларни Дилмурод полиция бошлиғидан шахсан олиши кераклигини билдирган.

“Полиция бошлиғи ўғлимдан ҳужжатлар учун пул сўраган”, дея давом этади у:

- Ўғлим унга “15 минг пул бера оламан, бошқа пулим йўқ”, деган. Улар боламни кўчага чиқарворган, кейин орқасидан бошқа полициячи чиқиб, қўли билан “Прибавь 4 нуля!”, деган, яъни 50 минг рубль олиб келасан деган. Ўғлим 9 феврал куни 40 минг пул олиб келган. У икки соат кўчада кутиб турган, кейин эса уни “фальшивий ҳужжатларга иш очмаслик учун пора олиб келди”, деб қамашган. Мен ўғлим ишини ўрганиб, ўзим ҳам юрист бўлиб кетдим, - деди Раъно Бекжонова.

Опахон ўғли Дилмуродга терговчилар қўяётган айбловнинг бирортаси процессуал қоидаларга мос эмаслиги, тергов бошдан оёқ қонунбузарликлар билан олиб борилганини шахсан аниқлаганини айтади. Масалан, Раъно опа ўғирлангани айтилаётган машина Дилмурод ДПСда тўхтатилганидан бир кун кейин қидирувга берилганини аниқлаган.

Ўзбекистонлик бу аёл ўз фарзанди устидан бораётган тергов жараёнига фаол аралашаётганини кўриб, терговчилар уни Россиядан чиқариб юбориш пайига тушганини гапиради.

- Мен “даволанишга” деб уч ойга келган эдим. 3 ой тўлмасдан, ФМСнинг 2014 йил 12 декабрда қабул қилинган 655-сонли қарорига мувофиқ, муддатни узайтиришга ариза топширдим. Лекин улардан бирор жавоб бўлмади. Биринчи келган кунимдан ўғлим ишига аралаштиришмади, адвокатлар алдайди... Мана 6 ойдан ошди ўғлимни ноқонуний ушлаб туришибди, - деди у.

Ниҳоят, 21 сентябрь кунги маҳкама жараёнида Петербургнинг Дзержинский туман суди ўз қарори билан Ўзбекистон фуқароси Раъно Бекжоновани депортация қилиш масаласи юзасидан маҳаллий ФМС аризасини қондирмади.

Опахон Россияда муваққат туриши ва ўғлининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлганидан мамнунлигини билдирди.

Тергов ходимлари ўзбекистонлик бу йигит устидан олиб борилаётган тергов масаласида ҳозирча маълумот берилмаслигини Озодликка маълум қилишди.

Ўғли Дилмурод Бекжонов ҳуқуқларини ҳимоя қилишга она Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилотини жалб қилди. Озодлик билан суҳбатда ташкилот раиси Баҳром Ҳамроев одатда бундай вазиятларда суд доимо ФМС ва полиция ходимлари тарафини олиши, Раъно Бекжонованинг депортация қилинмаслиги тўғрисидаги қарор эса ғайриоддий эканини гапиради.

- Худди шундай ҳолатга тушганларга кўра, албатта у суд залида ҳибсга олиниб, депортация марказларига жўнатилиши эҳтимоли кўпроқ эди. Мен ҳужжатларни кўриб чиқдим: ФМС ходимларининг талабларидан бу аёлни тезроқ депортация қилиш мақсад экани кўриниб турувди. Суд залида кузатувчи бўлгани учун судя нисбатан қониқарли ҳукм чиқарди. Бу аёлни ҳибсга олмагани ва депортация қилинмаганини ижобий баҳоласак бўлади. ФМС бу опани олдин ҳам суд залига келиб бир неча маротаба олиб кетишга уриниб қўрган экан! Биз Раъно опанинг ўғли судида ҳам қатнашамиз ва ёрдам беришга тайёрмиз,- деди Баҳром Ҳамроев.

Ҳозирда ҳимоячилар 1994 йилда туғилган ўзбекистонлик Дилмурод Бекжонов масаласида судга мурожаат қилиб, бу ишни қайта кўриб чиқиш юзасидан шикоят аризаси ёзгани маълум.

Озодлик радиоси ҳам Дилмурод ишини кузатиб, тергов тафсилотларини ёритиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG