Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити арафасида мактаб ва коллежларда ўқувчилар байрам намозини ўқиш учун масжидларга бормаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда. Айрим мактабларда ота-оналар ва мактаб ўқувчиларидан бу ҳақда тилхатлар олинган. Айни пайтда Ўзбекистондаги масжид имомларига ҳам 17 ёшгача бўлганларни Ҳайит намозига қўймаслик қаттиқ топширилган.

Тошкентнинг Учтепа туманидаги 124-сонли мактабнинг исми очиқланмаслиги шарти билан Озодликка гапирган ўқитувчиси болаларни Ҳайит намозига олиб бормаслик ҳақида ота-оналарга тушунтириш ишлари олиб борилаётганини тасдиқлади.

- Ота-оналар билан синф раҳбарлари бугун бу ҳақда учрашиб, болаларни масжидга олиб бормаслик айтилди. Болалар катталарнинг ибодатини бузиб қўйиши мумкин, дейилди. Бундан ташқари болаларни хавфсизлигини ўйлаб қилиняпти бу. Ҳар хил фавқулодда ҳолатлар бўлиши мумкин. Оёқ остида қолиб кетиши мумкин, - дейди тошкентлик муаллим.

Самарқанднинг Ургут туманидаги мактаблардан бирида эса болаларини Ҳайит намозига олиб бормаслик ҳақида ота-оналардан тилхатлар олинган, талабни бузганлар 15 минимал ойлик миқдорида жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги масжид имомларига ҳам 17 ёшгача бўлганларни Ҳайит намози пайти масжидга яқин йўлатмаслик қаттиқ топширилган.

Тошкентдаги “Хўжа Аламбардор” жомеъ масжиди мутаваллиларидан бири Озодлик билан суҳбатда, нафақат Ҳайит намозлари балки жума намозларига ҳам, болаларни олиб келмаслик тавсия қилинаётганини айтди.

- 17 ёшгача бўлганлар масжидга қўйилмайди. Ҳар хил нарса бўлиб қолиши мумкин-да. Ҳозир бу қаттиқ қўйилган ва биз шуни одамларга чиройли қилиб тушунтиряпмиз, - деди масжид мутаваллиси.

Ўзбекистон президентининг ҳайитни нишонлаш тўғрисидаги қарорида “Нуроний", “Маҳалла” ва бошқа тегишли ташкилотлар ўзбек халқининг миллий қадриятларидан келиб чиққан ҳолда Ҳайит байрамини юқори даражада нишонланишини уюштириш ҳақида кўрсатма берилган.

Наманганлик маҳалла фаоли Убайдулло Азимов ҳам Озодлик билан суҳбатда ёш болаларни масжидга йўлатмаслик тўғри эканини айтади.

- Ёш болалар ўқишини ўқисин. Болани мияси чалғимасин, дейишяпти-да. Фақат, мактабда берилган дарсликларни ўқисин. Мактабни яхши ўқиса олийгоҳларда ўқийди, етук одам бўлиб етишади-да. Мактабни битирганидан кейин масжидга борсин, - дейди Убайдулло Азимов.

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 24 сентябрь куни нишонланади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 18 сентябрдаги қарорига кўра, 24 сентябрь мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинди.

Ҳайит намози пайшанба куни куни Тошкент вақти билан соат тонгги 6:30 ўқилиши хабар қилинди.

Ўтган йилгидек бу йил ҳам Қурбон байрами Ўзбекистонда пахта терими кампанияси авж паллага чиққан пайтга тўғри келаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG