Линклар

Ucell абонентларидан рақамларини биометрик паспортга қайта расмийлаштириш талаб этилмоқда


Ўзбекистондаги Ucell мобил алоқа оператори мижозлари телефон рақамларини қайтадан рўйхатдан ўтказишлари талаб этилмоқда. Ucell абонентларининг Озодликка айтишича, қайта рўйхатдан ўтказилмаган телефон рақамлари ўчириб қўйилмоқда. Шу сабабдан Ucell идораларида телефон алоқасидан айрилиб қолишдан хавотирга тушган мижозлар тўс-тўполонини кузатиш мумкин. Ucell расмийсининг Озодликка айтишича, бу Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги талаби билан амалга оширилмоқда. Мазкур операторнинг эгаси Швециянинг TeliaSonera ширкати ўтган ҳафта Ўзбекистонни тарк этишини эълон қилган эди.

Шу кунларда Ўзбекистондаги Ucell мобил оператори офислари мижозлари тарафидан ишғол қилинмоқда. Мобил абонентларнинг Озодликка айтишларича, ширкат ўз мижозларидан эски паспортга расмийлаштирилган телефон рақамларини қайта рўйхатдан ўтказишни талаб қилмоқда. Яқин кунлар ичида янги биометрик паспортга расмийлаштирилмаган телефон рақамлари ўчириб қўйилишидан огоҳлантирилмоқда, дейди Ucell абонентларидан бири.

“Шунинг учун ҳозир ҳамма жойда тўс-тўполон, абонентлар бир-бирлари билан жанжаллашишгача бормоқда. Сабаби Ucell-да эски паспортга олинган номерлар қулфланар экан”, дейди суҳбатдош.

Самарқанддаги Ucell офисидан олинган бу расмни Озодлик мутарийси юборди

Самарқанддаги Ucell офисидан олинган бу расмни Озодлик мутарийси юборди

Ucell мобил операторининг Тошкентдаги марказий офисидаги Озодлик манбаси рақамлар қайта рўхатдан ўтказилаётганини тасдиқлади. Унинг айтишича, бу Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги талаби билан амалга оширилмоқда.

“5-6 йил олдин олинган номерлар эскириб қолган. Ҳозир паспортлар ҳам ўзгарди, кўча номи, маҳалла ва районлар номлари ҳам ўзгарди-ку. Шунинг учун рақамларни янги биометрик паспортларга расмийлаштиряпмиз. Шунчаки, маълумотлар янгиланяпти. Алоқа вазирлигидан юборилган буйруқ бўйича қилиняпти бу иш”, дейди Ucell ширкати расмийси.

Суҳбатдошимиз, телефон рақамларини яқин орада қайта рўйхатдан ўтказмаган мижозлар мобил алоқадан узиб қўйилишини тасдиқлади.

“Номер блок қилиб қўйилади. Лекин абонент истаган пайтда келиб биометрик паспорти нусхасини топширса, яна улаб қўйилади. Биласиз авваллари истаган одамга номерлар бериб юборилган, ўшаларни ҳозир мижозлар ўзларининг номига регистрация қилишлари мумкин. Ўзбекистонда ҳар бир рақам расман регистрация қилиниши керак, бўлмаса, ҳар қандай жиноятчи номер олиб, жиноят содир қилиши мумкин”, дейди Ucell ходими.

Унинг таъкидлашича, бу жараён биргина Ucell эмас бошқа мобил ширкатлари тарафидан ҳам амалга оширилмоқда.

Лекин Озодлик билан гаплашган Beeline ва UMS мобил операторлари вакиллари бу иддаони рад этишди.

- Ҳеч нима қилмайди, эски паспортингизда тураверади. Шунчаки бизга қўнғироқ қилганингизда бизга эски маълумотларинингизни айтишингиз керак бўлади. Биз номерингизни блок қилмаймиз. Блок қилиниши мумкин, қачонки, бошқа номерингиздан қарзингиз бўлса, ёки сизнинг маълумотларингизни биладиган одам телефон қилиб, музлатиб қўймагунча блок қилинмайди. Ҳеч қанақа янги паспорт маълумотларини бериш шарт эмас,- деди UMS мобил ширкати вакили.

Ucell мобил оперторининг эгаси Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникция бозорини тарк этиш ниятида эканини эълон қилди.

Ucell расмийси Озодликнинг рақамлар қайта рўйхатга олинаётгани TeliaSonera мамлакатни тарк этишини эълон қилгани билан боғлиқми, деган саволини жавобсиз қолдирди.

TeliaSonera бош директори Йохан Деннелинд ширкатнинг Ўзбекистонда 8 йиллик фаолиятини якунлаш қарорига бу мамлакатдаги бизнеси билан боғлиқ коррупция жанжали, қолавреса, конвертация муаммолари боис ширкат топган фойдасини мамлакатдан олиб чиқа олмаётгани ҳисса қўшганини эътироф этди.

TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қила олиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани гумони билан бир неча давлат томонидан тергов қилинмоқда.

Озодлик иштирокидаги журналистик суриштирувлар натижасида жамоатчилик ва терговчилар эътиборига тушган коррупцион жанжалдан аввал, 2012 йилнинг апрелида Ucell мобил оператори ўз мижозларига оид маълумотларни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига тақдим қилгани билан боғлиқ хабарлар Швеция жамоатчилиги томонидан қораланган эди.

Ўша пайтда ширкат вице президенти Озодлик билан суҳбатда “TeliaSonera Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилиб келган, бундан кейин ҳам қонун доирасида ҳамкорлик қилишда давом этади”, дея билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG