Линклар

Россия Президенти Владимир Путин Европада энг йирик экани айтилаётган ва 10 йил давомида қурилган Москва Жомеъ масжидини очиб берди. Эски масжид бузилиб, ўрнида қурилган янги иншоот майдони 20 баробарга кенгайгани ва бир вақтда ўз ичига 10 минг диндорни сиғдириши мумкинлиги айтилмоқда. Россия пойтахтининг марказий масжиди 24 сентябрь куни Россияда нишонланаётган Қурбон ҳайити тантаналарига бағишлаб очилди.

Путин ва Эрдуғон сиёсий масалаларни кўтарди

23 сентябрь куни Москванинг “Проспект Мира” кўчасидаги Жомеъ масжид 10 йиллик қайта таъмирлаш ишларидан кейин очилди.

Унинг очилишида Россия раҳбари Владимир Путин билан бирга Туркия Президенти Ражаб Тайип Эрдўғон, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос, Қозоғистон элбошиси Нурсултон Назарбоев ва Европа ҳамда Осиё давлатларининг элчилари иштирок этди.

Янги масжиднинг очилиш маросимида, шунингдек, Чеченистон президенти Рамзан Қодиров, Татаристон президенти Рустам Минниханов, Ингушетия раҳбари Юнусбек Евкуров ва Доғистон президенти Рамазон Абдулатипов қатнашди.

Масжид очилиши кенг ёритилгани ва унга шахсан Россия ва бошқа давлат раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этганига қарамасдан, тантаналарда Россия Марказий диний мусулмонлар бошқармаси бош муфтийси Талгат Тожуддин, қўшни масжид имоми Албир Крганов, айрим православ ва бошқа дин пешволари иштирок этмагани кузатувчилар эътиборини қаратди.

Янгиланган ҳашаматли масжиднинг очилиши билан барча мусулмонларни табриклаган Россия раҳбари Владимир Путин маросимда қилган чиқишида бир қанча жиддий баёнотларни ҳам берди.

- Ишонаманки, Жомеъ масжид Москва ва Россия мусулмонлари учун муҳим диний марказ, таълим, инсонпарварлик ғояларини, исломнинг асл ва ҳақиқий қадриятларини тарқатиш манбасига айланади, билим ва маънавият улашади, нафақат мусулмонлар, балки бошқа дин вакилларининг умумий эзгу ишларга қаратилган сайи-ҳаракатларини ўзида мужассам этади, деди Путин.

Россия раҳбари ҳукумат маҳаллий мусулмонлар диний мактабини ривожлантиришга кўмаклашиши, жумладан Булғор Ислом академияси тузилишига розилик берганини билдирди.

У бу мактаб ва марказлар ИШИД жанггарилари тарқатаётган ғояларга қарши тура олиши кераклигини ҳам уқтирди.

Маросимда Туркия Президенти Ражаб Тайип Эрдўғонга ҳам сўз берилди.

Туркия давлати бошлиғи Ал-Аксо масжиди атрофидаги жанжал ва Сурия қочқинлари масаласини кўтариб чиқди.

- Исроилнинг Фаластин халқига нисбатан олиб бораётган адолатсиз сиёсати, муқаддас Ал-Аксо масжидининг оёқ-ости қилиниши вазиятни боши берк кўчага киритиб қўймоқда... Ўртаер денгизи атрофида бўлаётган мудҳиш ҳодисалар эса бутун инсоният масъулиятидадир, деди Ражаб Тайип Эрдўғон.

Эрдуғон сўзларича, қочқинлар масаласи Европа давлатлари чегараларининг ёпилиши ва уларни очликдан ўлимга маҳкум этиш билан ҳал этилмаслиги, балки улар мамлакатларини яшаш учун яна хавфсиз қилишдан иборат эканидадир.

Масжид 10 йилдан ортиқ қурилди

Маълумки, бундан 10 йил олдин Олимпийский стадиони биқинида жой олган ёғочли эски бино авария ҳолатига келгани муносабати билан бузиб ташланган ва ўрнида маҳобатли иншоот қурила бошланган эди.

Очилган масжид майдони эскисидан 20 баробарга каттаргани ва 19 минг метр квадрат майдонни эгаллаганини маълум қилди очилиш маросимида тантаналарни бошқараётган Россия бош муфтийси Равиль Ғайнуддин.

Эндиликда ўзига 10 мингдан зиёд одамни сиғдирувчи олти қаватли ибодатхонада 7 лифт мосламаси ҳам ўрнатилди.

Иморатнинг бир нечта алоҳида залларида масжиднинг марказий залида бўлаётганларни акс эттириб турувчи катта плазма экранлари жойлаштирилди.

Жомеъ масжидининг бош гумбази баландлиги 46 метр, диаметри - 27 метр экани айтилди. Бино иккита катта ва битта кичик минорали, битта катта ва тўртта кичик гумбазли қилиб қурилди.

Москва бош масжиди миноралари баландлиги 72 метр бўлиб, ундан баланд фақат Уфадаги Салават Юлаев номидаги Жомеъ масжиди экани маълум.

Москва Жомеъ масжиди асосан бу ерга ибодатга келаётган мусулмонлар ва ҳомийлар маблағларига қурилгани алоҳида эътиборга молик.

Москва Жомеъ масжиди 1904 йилда ҳомий Солиҳ Ерзин маблағи ёрдамида 2 минг кишига мўлжаллаб қурилган.

1987 йилдан буён “Проспект Мира”даги масжидга бош имом этиб Бухородаги “Мир-Араб” мадрасасини эндигина якунлаган Равиль Ғайнуддин тайинланган эди.

24 сентябрь куни Қурбон ҳайити нишонланади

24 сентябрь куни эса Россия мусулмонлари Ийд ал-Адҳа – Қурбон байрамини нишонлайди. Москва ва Москва вилоят ҳукуматлари диндорлар учун бир қанча ибодат жойлари ажратилганини билдирмоқда.

Янги очилган “Проспект Мира” метро бекатидаги масжиддан ташқари мусулмонлар Новокузнецкаядаги Тарихий ва Ғалаба майдонидаги “Шаҳада” масжидларида байрам намозини ўқишлари мумкин.

Москванинг ўзида, бундан ташқари, Жанубий Бутовода “Бунинская аллея” метро бекати ёнида жойлашган чодир ва Коломенское метро бекати яқинидаги Жанубий дарё вокзалидаги махсус жой мусулмонларга ажратилгани айтилди.

Москва вилоятининг шаҳар ва қўрғонларидаги 34 майдончада мусулмонлар байрам ибодатлари учун шароитлар яратилгани маълум.

Россияда 20 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди ва Ислом мамлакатда иккинчи йирик дин саналади.

Сўнгги йилларда Россия пойтахти Москвада Кавказ ва Марказий Осиёдан келган фуқаролар ҳисобига мусулмонлар сони кўпайди ва янги масжидга эхтиёж сезилиб қолган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG