Линклар

Салимбойнинг саломи Қирғизистонда сиёсий жанжалга сабаб бўлмоқда


Салимбой Абдувалиевнинг номи парламент сайловлари арафасида Қирғизистон матбуотида тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди.

Салимбой Абдувалиевнинг номи парламент сайловлари арафасида Қирғизистон матбуотида тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди.

“Ўзбекистонда “криминал авторитет”деб ҳисобланадиган Салимбой Абдувалиев ўз бизнесини Қирғизистонга кўчирмоқчи ва шунинг учун ҳам парламент сайловида ўшлик ўзбекларни “Қирғизистон” партиясига овоз беришга чақирмоқда. Салимбойнинг бу дуои саломини партия раҳбарларига унинг ишончли одами Шомурод Шофайзиев етказди”. Қирғиз матбуоти бугунги кунда мана шундай шов-шув атрофида баҳслашмоқда.

"Майдан": Салимбойнинг саломини Шомурод олиб келди

Бишкекда нашр этилувчи “Майдан” газетасининг 22 сентябрь куни ёзишича, 20 августда Тошкент - Бишкек йўналишидаги учоқда Салимбой Абдувалиевнинг Шомурод Шофайзиев деган ишончли вакили Қирғизистонга келган.

Мақоланинг давомида айтилишича, 23-24 август кунлари Шомурод Шофайзиев Иссиқкўлда “Қирғизистон” партиясининг лидерлари Шаршенбек Абдикеримов, Азиз Турсунбаев, Аҳмаджон Раҳимов ҳамда қирғизистонлик ўзбекларнинг бошқа лидерлари билан учрашиб,уларга “Салимбойнинг дуои саломини етказган”.

“Шофайзиевга сўз беришганида, у миллатдошларини “Қирғизистон” партиясига овоз беришга чақирди. Сўз орасида у Салим бойввачча бизнесини Қирғизистонга кўчириш ниятида эканини ҳамда партия лидерларига Ўзбекистонда бизнес қилишларига кўмак беришга тайёр эканини қистириб ўтди. Шаршенбек Шайлообекович Шомурод Шофайзиевга қўллов учун миннатдорчилик билдирган ва Қирғизистон жанубида Салимбой Абдувалиев билан янги қўшма корхона очиш ниятида эканини, бу корхонага фақат “гулдор дўппили” одамларни ишга олишини айтган. Бундан ташқари у “Қирғизистон” партияси парламентдан ўрин олса 400дан 1600 нафаргача амалдорни ҳукумат ишларига тайинлаш ҳуқуқига эга бўлишини, бу лавозимларга ўзбеклардан ҳам амалдорлар тайинланишини таъкидлаган”, дейилади “Майдан” газетаси мақоласида.

Аҳмаджон Раҳимов: Бу фитначиларга Аллоҳнинг ўзи кифоя қилсин

Мақолада номи тилга олинган Қорасув шаҳрининг собиқ мэри, халқ орасида “полвон”, деб танилган ўшлик этник ўзбек Аҳмаджон Раҳимов Озодлик радиоси билан суҳбатда “Майдон” газетаси тарқатган маълумотни “фитна” деб атади.

- Ҳозирги замон фитначилар замони экан. Бу бир фитна. Бу фитначилар учун Аллоҳ бор. Аллоҳнинг олдида ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб беради, - деди Аҳмаджон Раҳимов.

Газета мақоласида “Қирғизистон” партияси лидерлари “2010 йилдаги Ўш қирғинини уюштирган ички душманлар тегирмонига сув қуяётганликда” айбланган. “Қирғизистон” партиясидан депутатликка номзоди кўрсатилган Аҳмаджон Раҳимов бу айбловларни сиёсий рақибларнинг “ифлос ўйини” сифатида баҳолаш мумкинлигини айтди.

- Мен шу давлатда яшаганимдан кейин қандайдир бир партия учун овоз беришим керак, қайсидир бир партия билан бирга бўлишим керак. Бу партия вакиллари менинг олдимга келиб, “2010 йилда сиз Қорасувни бошқарган экансиз. Шунча хунрезликлар ва фитналарга қарамай, Қорасувдаги бирорта ўзбек ёки қирғизнинг бошидан битта туки тўкилмабди, тинчликни сақлабсизлар, бозорларингизни талон-тарож бўлишдан сақлаб қолибсизлар. Келинг, бундан кейин ҳам мана шу халқ учун хизмат қилишда давом этинг”, дегани учун депутатликка номзодимни қўйишга рози бўлдим, - деди Аҳмаджон Раҳимов.

"Майдан": биз фактларни текширганмиз, гапимиз рост

Бироқ “Майдан” газетаси бош муҳаррири Нургази Анарқулов газетада “Қодиржон Ботиров раҳбарлигидаги айримачилар лойиҳасими?” сарлавҳали мақолада келтирилган фактлар ишончли манбалардан олинганини ва бу фактлар қайта-қайта текширилганини маълум қилди.

- Биз бир мақолани тайёрлашдан олдин маълумотларни имкони борича тасдиқлатишга ҳаракат қиламиз. Дастлаб редакцияга ишончли манба бу ҳақда хабар берди. Шундан сўнг бу маълумотни биз қайта-қайта ўрганиб, бошқа манбалардан тасдиқлатиб олганимиздан сўнг мақола эълон қилдик.Тошкентдан Салимбой бойваччанинг ишончли одами келиб, нуфузли партиялардан бирининг раҳбарлари билан учрашгани, албатта, жамоатчиликни қизиқтиради. Биз бу ҳақда жамоатчилик билиши шарт деган принципдан келиб чиқдик, - деди газета муҳаррири.

"Абу Саҳий"нинг Қирғизистондаги излари

Мазкур мақола ортидан Озодлик радиоси қирғиз хизмати ҳам журналистик суриштирув ўтказди. Суриштирувда “Қирғизистон” партиясининг асосчиси Шаршенбек Абдикеримовнинг “Аю” корпорацияси расмий Бишкек томонидан 2010 йилги Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида кўриладиган Иномжон Абдурасуловнинг Қашқарқишлоқдаги “Эргаш ота” ширкатини сотиб олгани аниқланган.

Партиядан депутатликка номзод сифатида кўрсатилган Азиз Турсунбоев эса расмий Бишкек томонидан 2010 йилги Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида кўриладиган Жалолиддин Салоҳутдинов билан бизнес ҳамкор бўлган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати ўтказган суриштирув жараёнида президент Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримовага мансублиги айтиб келинган “Абу Саҳий” ширкатининг Қирғизистондаги офисини бошқарган Жиргалбек Калмаматов ҳам “Қирғизистон” партиясидан депутатликка номзоди кўрсатилгани маълум бўлган. Журналистик суриштирув натижаларига ишониладиган бўлса, Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга юк ташиган “Абу Саҳий” ширкатига Салимбой Абдувалиев ҳомийлик қилиб келган.

Жиргалбек Калмаматов Салимбой Абдувалиев билан алоқадорлигини рад этар экан, мана буларни билдирган:

-“Абу Саҳий” фирмасини мен тўрт йил аввал бошқа одамга ўтказиб берганман. Бугунги кунда уни авваллари божхона терминалида ишлаган Алмаз деган бола ишлатмоқда. Ҳозир менинг бу фирма билан ҳеч қандай алоқам йўқ, - деган Жиргалбек Калмаматов.

Талант Раззаков: Салимбойнинг саломини қабул қилиб олганлар текширилиши керак

Айни пайтда Миллий хавфсизлик бўйича эксперт Талант Раззаков Салимбой Абдувалиевнинг Қирғизистондаги сайловларга таъсир кўрсатиш ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан чуқур текширилиши шарт, деб ҳисоблайди.

- Салимбой Ўзбекистондаги жиноят олами ва тадбиркорлик муҳитини назорат қиладиган одам қатори танилган. Унинг таъсири Ўзбекистондагина эмас, Қирғизистонда ҳам бор. Бу одамнинг ишончли одами Қирғизистонга келиб, қайсидир бир партияни қўллаб-қувватлашга чақириши жуда ташвиш уйғотадиган воқеа, -деди Талант Раззаков.

“Қирғиз инқилобларининг бульдозери”,деб айтиладиган сиёсатчи Азимбек Бекназаров эса Бишкекда нашр этиладиган “Мекен” газетасига берган суҳбатида: “Агар “Қирғизистон” партияси сайловларда кўп овоз оладиган бўлса бу ўзбек диаспораларини илҳомлантириб юборади”, деб гапирган.

Сиёсатчининг айтишича, “бу қочқинликда юрган Қодиржон Ботировга парламентга ўз одамларини олиб келишига имконият яратади ва бунинг ортидан Ботиров тарих олдида оқланади.Бу эса йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир”.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, мақоламизда номи келтирилган Иномжон Абдурасулов, Жалолиддин Салоҳуддинов ва Қодиржон Ботировлар Қирғизистон ҳукумати томонидан Ўшдаги 2010 йилдаги қирғиннинг асосий айбдорлари сифатида кўрилади. Бироқ мазкур шахслар ўзларига билдирилган айбловлар соҳта экани, улар сиёсий қувғин қилинаётганларини айтиб келадилар. Бу уч шахс айни пайтда хориж давлатларида бошпана топган.

Салим Абдувалиев Ўзбекистон криминал дунёси авторитетларидан бири сифатида кўрилади. 2011 йилда WikiLeaks сайти эълон қилган АҚШ дипломатик ёзишмаларида Ўзбекистон Кураш уюшмаси президенти, 65 ёшли Салимбой Абдувалиев "криминал авторитет" дея таърифланган эди. "Ўзбекистон ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозимларнинг "криминал авторитет", деб танилган Салим Абдувалиев билан яқин алоқалари бор", дейилади АҚШ махфий депешаларида.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG