Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:22

Афғонистон ҳукумати ёшларни мамлакатда қолишга ундамоқда


Грециянинг Кос оролига Туркиядан сузиб келган афғон муҳожирлари, 2015 йил май ойи.
Грециянинг Кос оролига Туркиядан сузиб келган афғон муҳожирлари, 2015 йил май ойи.

Расмий Қобул ҳаётини янгидан бошлаш учун уйини ташлаб ғарбга отланиш ҳақида ўйлаётган афғонистонликларга “Кетма. Мен билан қол. Орқага йўл бўлмаслиги мумкин!” дея мурожаат қилди.

Қочқинлар ва репатриация вазирлиги ижтимоий тармоқларда афғонистонликларни мамлакатда қолишга ундаб кампания бошлади. Вазирлик фуқароларни Европага бориш фикридан воз кечишга ундар экан, бу қарорга келганларни очиқчасига танқид қилмоқда.

Facebook ва Twitterда тарқатилаётган суратлардан вазирлик афғонистонликларни ватан олдидаги бурчларини бажаришга ва уруш чангалида қолган мамлакатни қайта тиклашга ёрдам бериш учун уйда қолишга ундашда таъсирли суратлардан фойдаланаётганини ва одамларда айбдорлик ҳиссини уйғотишга ҳаракат қилаётганини хулоса қилиш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда бўлишилаётган бир тасвирда қочқинлар лагерида чанқоғини қолдириш учун курашаётган бола сурати Афғонистон далаларидан мўл-кўл ҳосил олаётган ота-бола сурати билан солиштирган ва дарий тилида “Давлатимни севаман. Бу ердан кетмайман. Яқинларим учун уни ривожлантираман”, деб ёзилган.

Қўрқув ҳиссини уйғотишга қаратилган яна бир суратда лиқ тўла кемалар ва қутқариш қайиқлари тасвирланган бўлиб, Европага кетаёнган муҳожирлар чўкиш хавфига учраши айтилган.

Ҳукумат чора кўрмоқда

Европага отланган муҳожирлар орасида афғонистонликлар иккинчи энг катта гуруҳдир. БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги ҳисобларига кўра, йил бошидан бери 50 000 дан ошиқ афғонистонлик Европага кетган.

Афғонистонликлар эмиграциясига бир неча омил туртки бўлмоқда. Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши кўп жойда хавфсизлик бўшлиғи яратди ва мамлакатда ишсизлик кўпайишига ва иқтисод сусталишишига сабаб бўлди. Толиблар Афғонистон бўйлаб ерларни босиб олмоқда, мамлакатда зўравонликлар кўпайиб бормоқда. Бундан ташқари, жуда кўп афғонистонлик ҳукумат уларнинг ҳаётини яхшилаш учун етарлича чора кўрмаяпти, деб ҳисоблайди.

Афғонистонликларнинг мамлакатни тарк этаётгани “ақллар сизиши” – малакали ёш мутахассисларнинг мамлакатни тарк этиши – ҳақида қайғураётган ҳукумат расмийлари орасида хавотир туғдирмоқда.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани фуқаролар қолиши учун қулай шароит яратишда мамлакатнинг оқсоқлаётган иқтисодини ривожлантириш муҳим қадам, деб ҳисоблайди.

Президент Озодлик радиосининг афғон хизматига 20 сентябрь куни берган интервьюсида: “Президент бўлганимдан кейинги илк ойларда афғон хавфсизлик кучларига эътиборимни қаратдим. Агар хавфсизлик кучлари ўз оёғида тура олмаганида, қолган барчаси беҳуда бўларди”, деди.

“Кейинги тўрт ой давомида эътибор иқтисодга кўчди”, деди президент ва “бунинг натижасини яқинда кўрасиз”, дея ваъда қилди.

Катта-кичик овозлар

Афғонистон ҳукуматининг бу ҳаракатига бир неча нуфузли сиёсатчи ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Собиқ президент Ҳамид Карзай Tolo News телеканали билан суҳбатда афғонистонлик ёшлар “қолиб, мамлакатларини ривожлантиришга ҳисса қўшишлари керак”, деди.

Мамлакат разведкасининг собиқ етакчиси ва Green Trend сиёсий ҳаракати бошчиси Амрулла Салеҳ эмиграция муаммосини ечишнинг энг яхши йўли “халқ кўнглида умид ва ишонч уйғотиш” эканлигини айтиб, Facebookда фикр билдирди.

Қочқинлар ва репатриация вазирлиги матбуот котиби Исломиддин Жорат Tolo News каналига берган интервьюсида мамлакат толиблар ағдарилганидан кейин тарбиялаган ёш авлоддан айрилиш оқибати яхши бўлмаслигини айтди.

“Муҳожирлар орасида олий маълумотлилар, ҳатто докторлик даражасини олганлар бор. Бу ёшлар Афғонистонга хизмат қилиши мумкин”, деди Жорат.

Ҳукумат кампаниясидан ташқари оддий аҳоли ҳам афғонистонликларни қолишга ундаб ҳаракат бошлади.

Twitterдаги “Сиз Афғонистонда керкасиз” ҳаракати қатнашувчилари мамлакатда қолишларини ваъда қилиб, ўз суратларини ижтимоий тармоққа юкламоқдалар.

Қобуллик фаол ва Мусулмон ёшларнинг афғон жамияти аъзоси Модасер Исломий мазкур ташкилот ёшларни мактаб ва олийгоҳларни тарк этмасликка ундашга ҳамда ўқишни тамомлаганлар учун иш топишга курашаётганини айтди. “Биз бир неча университет билан абитуриентларга салмоқли чегирма бериб ўқишга олиш бўйича келишувга эришдик”, деди фаол.

“Биз яна ишга жойлаштириш агентликлари билан ёшларга иш топиб бериш бўйича ҳамкорлик қиляпмиз. Бу билан ёшларни хорижга кетишдан ва миграция хавфларидан сақлаб қолмоқчимиз”.

Фруд Бежан қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG