Линклар

logo-print

Ўзбек киносининг Отабеги оламдан ўтди


Ўлмас Алихўжаев "Ўткан кунлар"даги Отабек ролида.

Ўлмас Алихўжаев "Ўткан кунлар"даги Отабек ролида.

Ўзбек киносининг энг ëрқин юлдузларидан бири¸ мухлислар хотирасида Абдулла Қодирий романи асосида суратга олинган “Ўткан кунлар” фильмидаги Отабек роли билан муҳрланган Ўлмас Алихўжаев 25 сентябрь куни эрталабки соат 11 лар атрофида узоқ хасталикдан сўнг оламдан ўтди. Таниқли актëр жума куни аср намозидан сўнг Тошкентнинг Минор қабристонига дафн этилди.

Ўлмас Алихўжаевнинг вафот этгани ҳақида Озодликка етиб келган хабарни тасдиқлаган марҳумнинг яқинлари 75 яшар актëрнинг кўпдан буëн қандли диабетдан азият чеккани ва 25 сентябрь куни тушга яқин жони узилганини билдирдилар.

Яқинларига кўра¸ Ўлмас Алихўжаев жанозаси аср намозидан кейин ўқилиб¸ марҳум жасади Минор қабристонига қўйилди.

Озодлик Алихўжаевлар хонадонига боғланганида марҳумни сўнгги йўлга кузатиш учун тумонaт одам йиғилган ва унинг ҳамкасб ва дўстлари бу йўқотишдаn чуқур қайғуда эди.

- Ҳозир Ўлмас акамни чиқаришаяпти¸ гапира олмайман. У кишини сўнгги йўлга кузатаяпмиз¸ деди “Ўткан кунлар”да Отабекнинг севгилиси Кумуш ролини ўйнаган таниқли актриса Гулчеҳра Жамилова йиғлаб туриб.

Ўлмас Алихўжаев тупроққа қўйилганидан кўп ўтмай¸ Озодлик Отабекнинг Кумуши сифатида танилган Ўзбекистон Халқ артисти Гулчеҳра Жамилова билан қайта боғланиб¸ марҳумнинг инсон ва санъаткор сифатидаги ҳаëти ҳақида суҳбатлашди.

Ўлмас Алихўжаев билан унинг сўнгги кунларига қадар яқин муносабатда бўлган актриса ўзбекнинг Отабегини санъат ва санъаткор обрўсини баланд ушлаган ҳақиқий истеъдод сифатида баҳолади.

Драматург Санжарали Имомов Ўлмас Алихўжаевнинг вафоти ҳақидаги хабарни Озодликдан эшита туриб¸ Ўзбекистонда маданият¸ санъат¸ умуман халқ маънавий ҳаëтида у ëки бу тарзда ëрқин из қолдирган шахсларнинг ўлими ҳақида гапирмаслик¸ уларни сўнгги йўлга лойиқ эҳтиром билан кузатмаслик урф бўлиб қолганини афсус билан гапирди:

- Озодлик айтмаса¸ миллатимизнинг бунақа забардаст санъаткорларининг вафоти ҳақида ҳам давлат матбуоти ва телеканаллари чурқ этмайдиган бўлиб қолган. Ўлмас ака нафақат ижоди¸ балки шахси¸ юриш-туриш¸ гап-сўзи билан ҳам ўзбек халқининг аристократ санъаткори эди. У киши бошқа актëрлар каби кейинги йилларда урчиб кетган масхарабозлар армиясига қўшилмади¸ бозор экан деб¸ икки пулга қиммат киною сериалларда ўйнаб бермади¸ ўз талантига мос келмайдиган ролларни қабул қилмади. Афсуски¸ бугунги ўзбек киноси Отабек¸ Ҳамза каби роллари билан жуда юқори даражага кўтарилган Ўлмас акага лойиқ ролларни бера олмас ҳолга келган. Ўлмас акалар билан ўзбек санъатининг ëрқин юлдузлари сўнди¸ улар ўрнини боса оладиган талантлар эса йўқ¸ дейди ўзбекистонлик драматург.

1941 йили тошкентлик ҳарбий оиласининг Урганчда туғилган ўғли Ўлмас Алихўжаев ўттиздан ошиқ фильмда бош ролларни ўйнаган.

Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетида ўқиган Алихўжаев талабалик йилларидаëқ кинога таклиф этилган ва илк ролини 1962 йилда “Абдулла Набиев” бадиий фильмида Абдулла Набиев образидан бошлаган.

Бу кинодаги муфаввақиятли дебютидан сўнг Ўлмас Алихўжаев “Улуғбек юлдузи”да Али Қушчи, “Ўткан кунлар”да Отабек, “Шиддат”да Ёдгор Ҳамидович, “Оловли йўллар”да Ҳамза ролларини ўйнаган.

“Ўзбекистон халқ артисти” мукофоти соҳиби бўлган Ўлмас Алихўжаев вафоти муносабати билан “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўз расмий расмий сайтида таъзия изҳор қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG