Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:57

Мутахассис: Газ тақчиллиги сабаби-"Ўзбекнефтгаз" рақамларни бўрттираётганида


Бир пайтлар минтақада энг газлаштирилган Ўзбекистонда бугун аҳоли ўчоқда овқат пиширмоқда.
Бир пайтлар минтақада энг газлаштирилган Ўзбекистонда бугун аҳоли ўчоқда овқат пиширмоқда.

Ўзбекистонда иситиш мавсуми яқинлашган сари вилоят ва туманларда газ тақчиллиги муаммоси мураккаблашаётгани кузатлмоқда. Озодликка мурожаат қилаётган ўзбекистонликлар йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олишини иддао қиладиган Ўзбекистон нега аҳолисини газ билан таъминлай ололмайди, деган мантиқий саволни қўймоқда. Мутахассислар фикрича, Ўзбекистон газ экспортининг умумий ҳажми бугунги кунда 6-7 миллиард куб метрни ташкил қилади. Бу эса қазиб олинаётган газнинг 90 фоизи ички истеъмол учун қолаётганини айнглатади. Хўш ўзбекистонликлар нега газ тақчиллигини бошдан кечирмоқда?


“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, милий холдинг ширкатининг “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш “имконини беради”. Давлат ширкатининг яна иддао қилишича, Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11 ўринни эгаллайди.

70 миллиард куб метр газ қани?

Лекин шунга қарамасдан, газ тақчиллиги муаммоси ўзбекистонликлар кундалик ҳаётининг воқеалигига айланган. Айниқса, сўнгги 5-6 йил давомида аксар туман ва қишлоқларда аҳоли хонадонлари газ қувурларидан узиб қўйилиб, ўзбеистонликлар энди ваъда қилинган суюлтирилган газ етказиб бериламаётганидан шикоят қилмоқда.

Ўзбекистонда иситиш мавсуми яқинлашган сари, Озодликка шу кунларда газ тақчиллиги муаммоси битилган шикоятлар сони ошиб бормоқда.

Айниқса, асосий газ конлари жойлашган Қашқадарё, Бухоро вилоятларида газ нега газ тақчил, деган мантиқий саволни ўртага ташламоқда ўзбекистонликлар.

Қарши шаҳридан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз, шаҳар марказидаги камида 5та маҳаллада икки ойдан бери газ умуман йўқлигини айтади.

“Икки ой бўлди газни умуман узиб қўйишди. Ўзи газнинг босими жуда паст эди, шунда зўрға чойни қайнатаётган эдик. Ҳозир салқин тушиб боряпти, ўтин йўқ. Уйларни нима билан иситамиз. Қашқадарё бутун Ўзбекистонни газ билан таъминлашини мақташади. Нега ўзимизда газ йўқ?”, дея сўрайди қаршилик суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон аҳолисига газ етказиб бериш учун масъул “Ўзтрансгаз” ширкати иситиш мавсуми бошланиши арафасида маҳаллий нашрлар орқали газ таъминотида муаммолар борлигини эътироф этди.

"Савол жавобини билмайман"

“Ўзтрансгаз” ширкатининг ўзини таништирмаган мутахассисларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда табиий газ таъминоти қониқарсиз бўлган ҳудудлардаги хонадонларни суюлтирилган газга мослаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори секин аста амлага оширилаётгани ва бу жараёнда камчиликлар кузатилаётганини тан олди.

Шу билан бирга “Ўзтрансгаз” мутахассиси ўзбекистонликлардан келаётган асосий ва мантиқий савол – “мамлакат қазиб олаётган 70 миллиард куб метр газ қаерга кетмоқда”, деган саволга жавоб беришга қийналишини ҳам тан олди.

- Энди бу масалага мен жавоб бера олмайман, тўғриси. Бу масалага, тўғрисини айтсам, катталар жавоб беради. Мен оддий мутахассисман, бу саволга жавоб бера олмайман,- деди “Ўзтрансгаз” мутасаддиси.

Ўзбекистон қазиб оладиган газнинг катта қисми яқин йилларгача экспорт қилинган, лекин кейинги йилларда экспорт ҳажми йилдан йилга қисқариб бормоқда.

Хусусан, ўзбек газининг асосий харидори бўлиб келган Россия жорий йилда Ўзбекистондан сотиб олинадиган табиий газ ҳажмини тўрт баробарга камайтиришини билдирди. 2009 йилда рекорд даражадаги 15 миллиард куб метр газ сотиб олган “Газпром” ширкати 2015 йилда атиги бир миллиард куб метр газ сотиб олишини эълон қилди.

Сўнгги олти йил ичида Россия сотиб олаётган газ ҳажми камайган сари Ўзбекистон газ экспорти йўналишини диверсификация қилиш режаларини эълон қилган. Жумладан янги қурилган Марказий Осиё-Хитой газ қувурига Ўзбекистон йилига 10 миллиард куб метр газ қуйишни режалаштираётганини айтиб келади.

Марказий Осиё-Хитой газ қувури орқали оқаётган ўзбек газ ҳажми 2,5 миллиард куб метрдан ошгани йўқ
Марказий Осиё-Хитой газ қувури орқали оқаётган ўзбек газ ҳажми 2,5 миллиард куб метрдан ошгани йўқ

Лекин Марказий Осиё ва Хитой газ бозорини таҳлил қилган мутахассиснинг шахси сир қолиши шарти билан Озодликка айтишича, бу режалар ҳали амалга ошгани йўқ. Хитойга сотилатган газ ҳажми айтилаётганидан анча камроқдир, дейди у.

“Марказий Осиё-Хитой газ қувури лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ўз газини 2012 йил ўрталарида экспорт қила бошлади. Ўшанда 4 ой ичида Ўзбекистон Хитойга 150 миллион куб метр газ сотди холос. Мендаги маълумотларга кўра, ўтган йили Хитой Ўзбекистондан 2,5 миллиард куб метр газ сотиб олди. Жорий йил биринчи ярмида эса 1 миллиард куб метр ўзбек гази Хитойга сотилди. Яъни 2015 йилда Хитойга 10 миллиард эмас, тахминан 2-2,5 миллиард газ сотитилишини прогноз қилиш мумкин”, дейди таҳлилчи.

Мутахассиснинг айтишича, Ўзбекистон газ экспортининг жорий йилги ҳажми нари борса, 6-7 миллиард куб метрни ташкил қилиши мумкин.

"Ўзбекнефтегаз" рақамларни бўрттирмоқда"

Бизнес бошқарув консалтинги билан шуғулланувчи Қозоғистондаги “Алмагест” ширкати бош директори, Марказий Осиё минтақасида энергетика масалалари бўйича мутахассис Айдарбек Кусаинов Ўзбекистон ички истеъмол учун олиб қолаётган 50-60 миллиард куб метр газнинг аҳолини таъминлашга етмаётганини “Ўзбекнефтегаз” рақамларни бўрттираётгани билан изоҳлаш мумкин дейди.

- Бундан бир неча йил аввал экспорт шартномалари имзоланаётган пайтда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажмлари қисқариши мумкинлигига доир прогнозлар берилган эди. Бу прогнозларга анча бўлди, лекин ўшандаёқ Ўзбекистоннинг газ экспорт салоҳиятига доир шубҳалар билдирилган эди. Афтидан ўша шубҳаларда асос бўлган кўринади, дейди мутахассис.

Айдарбек Кусаиновнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда аҳолини газ билан таъминлашда қийинчиликларга дуч келаётгани сабабиларидан бири Тошкент ҳукуматининг мустақиллик йиллари бошларида газ экспорти ва ички истеъмол ўртасидаги мувозанатга эътибор қаратмагани билан изоҳлаш мумкин.

- Ўзбекистон ичкарисида газ истеъмоли ҳажми ҳақиқатан ҳар доим катта бўлган. Ҳатто Совет Иттифоқи даврида ҳам, айниқса мустақилликка эришганидан кейин газификация ишларини фаол олиб борган. Мустақиллик йиллари бошидан Ўзбекистон табиий газни экспорт қилишдан кўра, аҳолига етказиб бериш йўлини танлади, яъни ижтимоий йўналтирилган сиёсат ўлароқ, деярли ҳар бир қишлоққача қувурларни тортиб борди. Лекин ўшандаёқ мутахассислар иқтисодий нуқтаи назардан бу самарасиз сиёсат, деган фикрларни айтишган эди. Чунки табиийки, экспорт нархлар ички истеъмол нархларидан анча баландроқ ва соҳани ривожлантириш учун керак бўлган инвестициялар асосан экспортдан тушади. Иқтисодий ва тижорий нуқтаи назардан бу лойиҳалар норентабел бўлган. Бошқача қилиб айтганда, ўшандаёқ мутахассислар ички истеъмол учун орқа-олдига қарамасдан, ишлатилган газнинг бир қисми экспортга қўйилмаса, муаммолар келиб чиқишидан огоҳлантирган эди, дейди мутахассис.

Оқибатда, дея давом этади у, газ соҳасини ривожлантириш учун етарли инвестиция жалб қилинмагани сўнгги 20 йил ичида Ўзбекистонда янги конлар топилмади.

- Ўзбекистон сўнгги йилларда йирик газ конлари топилгани йўқ. 20 йил давомида ҳукумат мамлакатни газификация қилиш сиёсатини олиб борди ва аҳолини, таъбир жоиз бўлса, роса эркалатди. Лекин бошқа тарафдан, янги конларни ишлаб чиқармади. Ички истеъмол учун газ етказиб берган конлар эса тугамоқда, дейди Айдарбек Кусаинов.

Ўзбекистонда ички истеъмол фақатгина аҳолини газ билан таъминлашдан иборат эмас. Газ конденсатидан бензин ишлаб чиқилади. Бундан ташқари иссиқлик электр станциялари ҳам электр қувватини ишлаб чиқарииш учун газ ёқади.

Лекин Ўзбекистонда электр қуввати тақчиллиги ҳамда бензин етишмовчилиги муаммоси кузатилаётгани бу соҳаларга ҳам етарли газ етказиб берилмаётганини кўрсатади, дейди мутахассислар.

XS
SM
MD
LG