Линклар

logo-print

Минодаги тиқилинчда ўлганларнинг аксарини эронликлар ташкил қилади


24 сентябрь куни Минода шайтонга тош отиш маросимида юзага келган тиқилинчда ўлган 717 одамдан 131 нафарини Эрон фуқаролари ташкил қилади. Бу ҳақда матбуотга билдирган Эрондаги ҳаж ва зиёратчилар ташкилоти бошлиғи Саид Охадийга кўра, қурбонлар сони яна ошиши мумкин.

Эрон лидерлари, жумладан, Олий руҳоний Оятуллоҳ Али Хоманаий Саудия Арабистонини ҳожилар ўлимида айблаб, уларни ҳаж маросимини ўтказишда совуққонликка йўл қўйганлигини айтиб, танқид қилди.

Хоманаий фожеа бўйича “масъулият”ни Саудия Арабистони ўз зиммасига олиши шартлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур тиқилинчда ўзбекистонликлар бўлмаган, ҳодиса ўзбек ҳожилар Жамаротга етмай туриб юз берган, деб маълумот берди.

Қурбонлар орасида Марказий Осиё мамлакатларидан ҳеч ким йўқлиги айтилди.Тиқилинчда ўлганларнинг 14 нафари ҳиндистонлик, 6 нафари покистонлик, 4 нафари туркиялик ва 3 нафари Индонезия фуқаролари экани хабар қилинди. Бошқа ўлганларнинг шахсини аниқлаш ишлари давом этаяпти.

Сўнгги хабарларга кўра, Саудия расмийлари ҳаж хавфсизлик масаласини қайта кўриб чиқишга қарор қилган.

Саудия Арабистони расмийси Ҳалид аль-Фалих зиёратчилар жадвалига амал қилинмагани ортидан ушбу фалокат келиб чиққанини маълум қилди.

Ҳозирда фалокат сабабларини ўрганиш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG