Линклар

Россия Федерал миграция хизмати Хориж фуқароларини сақлаш марказларидан қочиб кетган 500дан зиёд хориж фуқаросига Россияга киришни умрбод тақиқлади. Улар бу марказларга Россия миграция қоидаларини бузгани сабабли депортация қилиш учун олиб келинган бўлган. Миграция қоидалари кескинлашиб бораётган Россияда ҳукумат ишчи кучи етишмовчилигини украиналик малакали муҳожирларни жалб қилиш орқали ҳал этишни режалаштирмоқда.

Депортация марказидан қочганлар умрбод киритилмайди

Россия Федерал миграция идораси мабуот хизмати жума куни тарқатган расмий хабарга кўра, маҳаллий миграция қонунчилигини бузган 1,5 миллиондан зиёд хориж фуқаросига Россияга кириш тақиқланди.

Қоидабузарлардан 500 нафарига Россия эшиклари умрбод ёпилгани айтилди.

"Сўнгги пайтларда вақтинчалик сақлаш муассасаларидан ўзбошимчалик билан кетиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бундай қочоқларга Россияга кириш умрбод тақиқланади. Ҳозирда тахминан 500 нафар қоидабузар-мигрантга Россия эшиклари батамом ёпилди", дейилади тарқатилган расмий хабарномада.

Идорада Озодлик сўровига бундай чора, яъни умрбод киришга тақиқ амалиёти, депортация қилинаётганлар учун қурилган махсус приёмникдан қочиб кетаётганларга нисбатан ўтган 2014 йилдан бошлаб жорий қилинганини билдиришди. Эслатиш жойизки, миграция қонунларини бузган муҳожирларга Россия қонунчилигига мувофиқ кириш 3, 5 ёки 10 йилга ман этилади.

Идора ходимлари маълумотига кўра, одатан қўлга тушган ва мамлакатдан бадарға қилинишини махсус изоляторда кутиб ётган хорижликлар турли баҳоналар билан ўзини касал аҳволга солади. Уларни текшириш учун поликлиника, шифохона ёки бошқа тиббий муассасага юборилган пайти эса қочишга ҳаракат қилиш ҳолатлари кўплаб учрайди.

Ишчи кучига бўлган эҳтиёжга қарамасдан қоидалар мураккаблаштирилмоқда

Россия 2012 йилдан буён миграция қоидаларини тинимсиз мураккаблаштириб бормоқда.

“Ноқонуний миграцияга қарши кураш” шиори остида олиб борилаётган оммавий “зачистка”, “облава” ва "рейд"лар меҳнат муҳожирлари компакт тарзда яшаб, меҳнат қилувчи бозор, савдо марказлари, қурилиш объектларида олиб борилади. Бундан ташқари, ОМОН ва полиция бўлинмалари кўча-куйда кетаётган “нославян” кўринишга эга шасхларни тўхтатиб, ҳужжат текшириши Россия шаҳарларида одатий тус олди.

Миграция қоидасини бузган хориж фуқароларига киришга тақиқ эълон қилиниши мумкин: бундай вазиятда улар одатда муайян муддат ичида мамлакатни ўзлари тарк этишлари талаб қилинади. Айрим ҳолларда қоидабузарликда айбланган мигрантлар суд қарори билан мамлакатдан бадарға қилинади: бунинг учун улар махсус Хориж фуқароларини сақлаш марказларига олиб келинади ва тегишли мамлакат идораларидан зарурий ҳужжатлар олинганидан сўнг мажбуран чиқариб юборилади.

Одатда депортация Россия миграция қоидаларини бир неча бор қўпол бузган шахсларга нисбатан қўлланилади. Аммо Озодлик депорт қилинган ва қилинаётганлар орасида ҳужжатлари жойида бўлган ва айби ўз исботини топмаганлар ҳам учраётгани тўғрисида кўп маротаба хабар берган.

Ортга қайтиш чипталари кўпинча қоидабузар мигрант ёки унинг яқинлари ҳисобига сотиб олинади.

Россия Федерал миграция хизмати очиқлаган маълумотлардан 2014 йилда Россиянинг 77 минтақасида мавжуд Хориж фуқароларини сақлаш марказлари орқали 38 минг одам ўтиб, уларнинг аксари ҳозирда аллақачон ўз юртларига чиқариб юборилган.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” қўмитаси олиб борган тадқиқот натижаларига кўра, 2014 йил билан солиштирганда 2015 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Россия пойтахтидан 8,4 фоизга кўпроқ хорижлик депорт қилинган. Қўмита экспертлари маҳаллий судлар депортация ишини кўриб чиқишга ҳар бир мигрантга ўртача 3 дақиқа вақт ажратаётганини ҳам ҳисоблаб чиқди. Маҳкамалар одатан таржимонсиз ва муҳожирлар ҳуқуқлари таъминланмасдан олиб борилаётгани маълум қилинди. “Кўп ҳолларда улар ишлари “улгуржи” кўриб чиқлади””, дея хулоса чиқарди “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ҳимоячилари.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати Украина билан бошланиб кетган можаро туфайли вужудга келган иқтисодий инқироз арзон ишчи кучига бўлган эҳтиёжни кескин ошириб юборганини тан олмоқда.

Куни кеча Россия бош вазири Дмитрий Медведев Россия Федерацияси украиналик юқори малакали ишчиларнинг мамлакатга кириб келишида манфаатдор эканини маълум қилди.

У 2014-2015 йилларда Ватандошларни кўчириш Дастури бўйича Россияга доимий яшашга 114 минг Украина фуқароси кўчиб ўтганини билдирди. Дмитрий Медведев келаётган “ватандошлар” асосан Россиянинг чекка ўлкалари ва ишчи кучида етишмовчилик сезилаётган минтақаларга, хусусан Уралорти ва Узоқ Шарққа жўнатилишини ҳам яшириб ўтирмади.

Кузатувчилар айниқса Марказий Осиё мамлакатларидан бўлаётган миграция оқимининг сўнгги бир йилда кескин сусайишига маҳаллий миграция қоидаларининг кескинлашиши билан бирга Россия рублининг қадрсизланиши ҳам жиддий таъсир ўтказаётганини таъкидлаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG