Линклар

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жума куни, БМТ Бош ассамблеяси 70-сессиясида қилган чиқишида Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий аҳвол ва Орол муаммоси, қўшни мамлакатлар қураётган гидроиншоотларнинг минтақадаги экологик вазиятга ёмон таъсири ҳақида гапирди. ​

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буёнги 24 йил ичида мамлакат иқтисоди 5.5 баравар, аҳолининг реал даромадлари эса 9 баравар ошган.

Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жума куни, БМТ Бош ассамблеяси 70-сессиясида қилган чиқишида таъкидлади.

-Ўзбекистон учун асосий мақсад 2030 йилга бориб аҳоли даромади жаҳондаги ўртача даромаддан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш ҳисобланади, - деди Комилов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига кўра, давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи аҳолининг ижтимоий равнақи учун сарфланяпти.

– Жумладан, мамлакат ялпи ички махсулотининг 10-12 фоизи таълим соҳасига ажратиляпти, - деди Комилов.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги бугунги вазиятга тўхталган Абдулазиз Комилов мамлакатда беш ёшгача бўлган болалар орасида ўлим холатларини уч бараварга камайтиришга эришилганини айтди.

Жаноб Комиловнинг таъкидича, Ўзбекистонда Орттирилган иммун тақчиллиги синдорми – ОИТС касаллиги ва Иммун тақчиллиги вируси - ИТВ тарқалиши кескин камайган, сил касаллиги билан оғриган беморлар сони мамлакатда 1.6 бараварга озайган.

- Малярия каби ўткир юқумли касалликлар эса мамлакатда 2013 йилдан бери умуман қайд этилмади, - деди Комилов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТ Ассамблеясидаги маърузасида мамлакатда гендер мувозанатини таъминлашда ҳам ўсишга эришилгани, аёлларнинг 50 фоизи иш билан банд эканини қайд этди.

Иқтиосдий таҳлилчилар Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суратлари билан боғлиқ расмий маълумотларни шубҳа остига олиб келишади. Уларга кўра, ўзбек расмийлари келтирадиган рақамлар Ўзбекистондаги бугунги реал аҳволни акс эттирмайди.

Оролнинг заҳарли тузлари Гренландиягача етиб борган

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг БМТдаги чиқишининг асосий қисми Орол муаммосига қаратилди.

Бугунги кунда Орол денгизи ҳудудида 5,5 миллион гектар майдонга тенг янги қум-туз саҳроси хосил бўлган.

У ердан ҳар йили 100 миллион тоннадан зиёд чанг-тўзон ва заҳарли тузлар ҳавога кўтарилиб, кўп минг километр узоққа тарқалиши аниқланган.

- Бу эса нафақат Оролбўйи минтақаси, балки глобал миқёсдаги жиддий хатардир, - деди Комилов.

Орол ҳудуди Ғарбдан Шарққа тез харакатланувчи ва зарарли моддаларни атмосферанинг юқори қатламларига олиб чиқувчи кучли хаво оқими йўлида жойлашган.

- Оқибатда хозирги кунда бундай аэрозоллар аломатлари Атрактида, Гренландия музликлари ва хаттоки, Норвегия ўрмонларигача етиб бораётир, - деб таъкидлади Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Жаноб Комиловга кўра, катта миқдордаги туз ва чангга аралашиб, қоришиб кетган бундай манзара Марказий Осиёдаги 65 миллионлик Оролбуйи аҳолиси, айниқса, болалар соғлиғи, миллат генофонди, атроф-муҳит мусаффолигига жиддий зарар етказмоқда.

Жума кунги чиқишида вазир Комилов қўшни мамлакатлар қураётган гидроиншоотлар “минтақада экологик вазиятнинг ёмонлашаётгани ва чучук сув тақчиллиги шароитида дозарб муаммодир”, дея таъкидлади.

Шу сабабдан, деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, “Тожикистон ва Қирғизистоннинг йирик ГЭСларни қуриш реажалари” ташвишлидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG