Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:05

Сўнгги 25 йилда энг талафотли ўтган Ҳаж зиёрати якунига етди


Ҳаж ибодатининг сўнг амали 26 сентябрь куни бажарилди ва катта талафот берилган бу йилги зиёратни тугатган ҳожилар юртига қайтмоқда. 24 сентябрь куни шайтонга тош отиш маросимида тиқилинч юз берган ва 717 ҳожи нобуд бўлган эди. Қурбонларнинг аксарияти Эрон ва Африка давлатларидан борган. Теҳрон Саудия қироллигини муносиб даражада ҳозирлик кўрмаган, деб айблади.

Зиёрат якунига етди

26 сентябрь куни сўнг бор - учинчи марта шайтонга тош отиш учун Жамарот комплексига йўл олган ўзбек ҳожи Абу Мустафо фожеадан кейин зиёратгоҳда ўрнатилган тартиб устидан назорат янада кучайтирилди, деб хабар қилди.

- Пайшанба кунги воқеадан кейин тартибни янада кучайтириб қўйишди. Ҳамма мамлакатга рақамлар бериб қўйишган. Масалан, қирғизистон 23, Ўзбекистон 25, Қозоғистон 26 - шунақа. Ҳозир шу рақамлар остида ҳаммани бирга қўйиб, олдиндагилар ибодатини тугатгандан кейин, орқадагиларни қўйиб, шунақалар қилишяпти. Кўпчилик зиёратини тугатиб бўлди, биз янаям ҳолироқ бўлсин, деб кутиб тургандик. Мана ҳозир Жамаротга йўлга чиқяпмиз. Учинчи марта шайтонга тош отамиз, кейин Каъбани тавоф қиламиз. Кейин қайтамиз, - деди Озодлик боғланган кезда зиёратнинг сўнг амалига шайланиб турган Абу Мустафо.

Қуйида Мустафо билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Ҳаж зиëрати тугади¸ ҳожилар қайтмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:24 0:00
Бевосита линк

Қарийб 1 ярим минг одам оёқлар остида қолди

24 сентябрь куни тонгда тунни Муздалифада ўтказиб, шайтонга тош отиш учун Жамарот комплексига келган минглаб зиёратчи ўртасида тиқилинч содир бўлди ва натижада, 717 одам оломоннинг оёқлари остида қолиб, 805 нафари турли даражада жароҳат олди.

Саудия расмийлари тарқатган маълумотга кўра, зиёратчиларнинг иккита катта гуруҳи Жамаротга элтувчи икки йирик йўлакдан бири - 204 йўлакда қарама-қарши тарафдан келиб қолган.

Тиқилинчда зиёратчиларнинг аксарияти ҳушидан кетди, ўтириб ёки йиқилиб қолганлар тирбанд зиёратчиларнинг оёқлари остида қолиб кетди. Саудияда ўша куни 40 даражадан ошиқ иссиқ бўлгани боис, тиқилинчга тушиб қолган зиёратчиларнинг аксарияти ҳаво етишмай, нобуд бўлди.

Саудия Соғлиқни сақлаш вазири Холид ал-Фалиҳ фожеага зиёратчиларнинг навбатлар жадвалига риоя қилмагани сабаб бўлди, деб баёнот берди.

22 сентябрь куни бошланган бу йилги Ҳаж зиёратида 164 мамлакатдан борган 2 миллиондан ортиқ одам иштирок этди.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси тиқилинчда ўзбеклар бўлмаган, ҳодиса 5 минг 200 нафар ўзбекистонлик ҳожи Жамаротга етмай туриб юз берган, деб баёнот тарқатди.

Нобуд бўлганларнинг аксарияти Эрон фуқаролари

Эроннинг IRNA ахборот агентлиги пайшанба куни тиқилинчда нобуд бўлган 717 зиёратчининг 131 нафари эрондан боргани, яна 365 эронлик бедарак экани ҳақида хабар тарқатган.

Эрон ҳукумати бу ҳалокатнинг юз беришида етарли даражада хавфсизлик ва эҳтиёт чораларини кўрмаган, дея Саудия қироллигини айбламоқда:

"Фожеа Саудия ҳукумати масъулиятида ва бунинг учун жавоб бериши шарт. Фожеа сабаби зиёрат маросимининг ночор бошқарилгани ва хавфсизлик учун масъул ходимларнинг тажрибасизлигида экани кўриниб турибди", деб таъкидлади 25 сентябрь куни баёнот берган Эрон вице-президенти Эсҳақ Жаҳонгирий.

Эронда ҳодисада қурбон бўлган зиёратчилар хотираси учун 3 кунлик мотам эълон қилинган.

Янаги йил зиёрат тартиби ўзгаради

Абу Мустафо пайшанба кунги фожеадан кейин зиёратчилар Макка ва Минода Ҳаж зиёрати тартиби ўзгаришидан хабардор қилинаётганини айтмоқда:

- Ҳозирдан зиёратчиларга уқдириляпти, янаги йил тартиб бошқача бўларкан. Ҳар бир давлатнинг ўзига берилган вақт ва жойда туриши қаттиқ назорат қилинаркан-да, тушунишимча. Энди кейинги йил Ҳаж бошланишидан олдин ҳамма давлатга яна аниқ хабар беришса керак, - дейди Абу Мустафо.

Ҳодиса куни Саудия қироли Салмон ва шаҳзода ҳамда Ички ишлар вазири бўлган Муҳаммад бин Наиф бин Абдулазизлар ҳам чиқиш қилиб, ҳодиса устидан тергов бошлангани, Ҳаж зиёрати тартиби бўйича ўрнатилган режа қайта кўриб чиқилишини маълум қилган.

Бир зиёратда икки фожеа

Бу галги Ҳаж маросими арафасида дунёнинг энг йирик жомеъ масжиди- Масжид ал-Ҳарамда краннинг қулаши оқибатида ҳам камида 107 нафар одам ўлган, 230 нафардан ортиқ одам жароҳат олган эди.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқароларининг йўқлиги расман маълум қилинган.

Ўтган йили Саудия Арабистони ҳукумати Ал-Ҳарам масжидини таъмирлашга киришган эди ва хабарларга кўра, кран масжиднинг шарқий қисмига ағдарилган.

Йилига 3 миллиондан зиёд одам Маккага бориб, Ҳаж ибодатини адо этади.

Шайтонга тош отиш амали пайтида ўтганда ҳам тиқилинч содир бўлган ва юзлаб ҳожилар ўлган. Хусусан, 2006 йилдаги тиқилинчда 363 одам ўлган эди.

Энг кўп қурбон 1990 йилда берилган - ўшанда 1400дан ортиқ одам зиёратчилар оёқлари остида қолиб нобуд бўлган эди.

Бундай фожеа олдини олиш учун Саудия Арабистони Минода 1 миллиард 200 миллион долларга беш қаватлик кўприк қурдирган ва хавфсизлик чораларини кучайтирган.

The Economist нашри эса Саудия Арабистонининг бу йилги Ҳаж зиёратидан кўрадиган даромади 8 ярим миллиард долларга тенг, деб ёзди.

XS
SM
MD
LG