Линклар

logo-print

Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмаси мажбурий меҳнатга қарши варақа тарқатди


Халқаро экспертлар Ўзбекистон бўйлаб болалар ва катталар мажбурий меҳнатини кузатаëтган кунларда расмий Тошкент аҳолини мажбурий меҳнатга қарши курашга чорлаш босими остида қолди. Сиз бу курашга қўшиласизми? Душанба Тошкент вақти билан кечки 7 да бошланадиган жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

"Меҳнат инспекцияси ишга тушди"

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси аҳолини катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланмаслик, фойдаланилган тақдирда бунга кўрилажак жазодан огоҳлантирмоқда.

Озодликка WhatsApp тармоғи орқали йўлланган варақаларда "Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Огоҳ бўлинг, мажбурий меҳнат ҳолатлари қонунга зид ҳисобланади ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади", деб ёзилган.

Варақалардан бирида катталар мажбурий меҳнати, яна бирида эса болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланишга қарши чақириқлар битилган. Бундай ҳолатга гувоҳ бўлганлардан (+998) 71 2000 601 телефон рақами орқали давлат Меҳнат ҳуқуқи инспекциясига мурожаат қилиш сўралган.

Озодлик мазкур рақам орқали инспекцияга боғланди, баъзи саволларга жавоб олди.

"Хизмат кўрсатишни 3-4 кун аввал бошладик"

Меҳнат ҳуқуқи инспекцияси "Ишонч телефони" орқали Озодлик саволларига жавоб берган ходим хизмат "3-4 кун аввал ишга тушгани ва мурожаатлар кела бошлагани"ни айтди.

Инспекциядан олинган маълумотга кўра, мажбурий меҳнатга учраган ёки бунга гувоҳ бўлган шахслар инспекцияга мурожаат қилиб хабар қолдиришлари мумкин. Мазкур хабар асосида инспекция номи тилга олинган манзилга инспекторларини йўллайди ва текширув ўтказади.

"Масалан, ота-она телефон қивотти, ўғлим институтда ўқийди, мажбурий пахтага жўнатвотти, деб. Биринчидан, агар бола ўзи хоҳламаяпти, ўқишдан ҳайдаворади, деб қўрқвотти а? Ўзбекистон "Меҳнат" кодексининг 7-моддасида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди, деб ёзилган. Минимум окладнинг уч баровари миқдорида жарима солинади, агар бу яна қайталанса, 5 дан 10 ойликкача штарф солинади", - деб маълумот берди Меҳнат ҳуқуқи инспекцияси ходими.

Бу ходим варақа республиканинг мажбурий меҳнатга йўл қўйилиши мумкин, деб ҳисобланган барча муассаса ҳамда ташкилотларга тарқатилгани, мажбурий меҳнатга учраган ёки гувоҳ бўлганлар исталган вақтда телефон қилиб, тегишли юридик ёрдамни олиши мумкинлигини таъкидлади.

"Варақалар тарқатилганини кўрмадик"

Ҳафта сўнггида Тошкентда ўтган БМТ Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ва ўзбекистонлик расмийлар йиғилишида тақдим қилинган мажбурий меҳнатга қарши яна бир кўринишдаги варақа нусхаси ҳам Озодликка йўлланди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева ва мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова варақани ҳозирча пахтага мажбурий сафарбар қилинган теримчилар қўлида кўрмаганини айтмоқда.

Жумладан, Малоҳат Эшонқулова Озодлик билан суҳбатда мониторинг ўтказиш учун борган ҳудудларда бундай варқаларни учратмаганини айтди:

- Бу варақаларнинг муаллифи бўлган Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари иттифоқи варақалар бир ҳафтадан кейин тарқатилсин, деб маҳаллий расмийларга кўрсатма берганини айтишди. Биз мониторинг ўтказиш учун Сирдарёга бордик, лекин бирон жойда ёпиштирилгани ёки теримчиларнинг қўлида юрганига гувоҳ бўлмадик, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Озодликка нусхаси йўлланган учинчи варақа рус тилида тайёрланган. Унинг хат бошисида: "Телефоны доверия" профсоюзов к вашим услугам" (Касаба уюшмаси" Ишонч телефонлари" хизматингизда), деб ёзилган ва унга 16.09.2015 санаси битилган. Варақада, жумладан, шундай огоҳлантирилади:

"Касаба уюшмалари "Ишонч телефонлари" орқали аҳолига бепул юридик маслаҳат берилади, "Шошилинч телефон" хизмати эса ижтимоий меҳнат соҳасидаги кундалик долзарб муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш имконини кенгайтиради".

Варақада (+998) 71 200 10 29 рақами Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Юридик маслаҳат бўлими телефон сифатида келтирилган.

Бундан тақшари, почта ва электрон почта, Интернет манзили, шунингдек, Telegram тармоғи орқали боғланиш имкони таклиф қилинган. Озодлик мухбири берилган телефон рақамига боғланишга уринди. Аммо, бепул юридик маслаҳат бўлими ходимлари билан гаплашишга муваффақ бўлмади.

Болалар ўрнига катталар мажбурий меҳнати

Ўзбекистон ҳукумати кучли халқаро босимлар ортидан 18 ëшга тўлмаган болаларни оммавий тарзда пахта теримига ҳайдаш сиëсатидан воз кечишга мажбур қолгани ортидан, пахта юки биринчи навбатда аҳоли, бюджет ташкилотлари ишчилари ва жамоат ташкилотлари зиммасига юкланмоқда.

Оқибатда, кейинги икки йил давомида мамлакат бўйлаб катталарни мажбурий меҳнатга жалб этиш мисли кўрилмаган кўлам касб этди ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш муаммоси халқаро ташкилотлар диққатига тушди.

Ўзбекистон ҳукуматининг болалар меҳнатига барҳам бериш ҳаракатларини олқишлаëтган халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти, Тошкент ҳукуматини катталарни пахта теришга мажбурлашни тўхтатишга чақирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланиши боис дунёнинг 150дан ошиқ ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳар йили 1 миллиард долларлик пахта толасини хорижга сотади.

Ëлғон кампанияни ростга айлантириш учун Сиз нима қилмоқчисиз?

БМТ қошидаги Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари Ўзбекистон бўйлаб болалар меҳнати¸ шунингдек катталарни мажбуран ишлатиш амалиëтини мониторинг қилаëтган айни кунларда, кўрилаëтгани каби¸ расмий Тошкент сувдан қуруқ чиқиш уринишига қўл урди.

Бугун оиласида кимдир - ўзими¸ фарзанди ëхуд ота-онаси ҳокимият тизимлари ва ўқиëтган¸ ишлаëтган жойи маъмурияти босими остида пахта теришга мажбурланмаëтган одамни Ўзбекистонда топишнинг имкони йўқ.

Пахтага чиқмайман дейиш давлат сиëсатига қарши чиқиш деб талқин этиладиган Ўзбекистонда ҳукумат халқаро босим остида ўзини мамлакат бўйлаб кучайиб бораëтган кенг кўламли мажбурий меҳнат муаммосидан узоқлаштириш йўлига ўтмоқда.

Юзага келган бу янги вазиятда​ Сиз “ҳукумат бошлаган бу ташаббус”ни қўллаб¸ ўзингиз ва яқинларингизнинг мажбуран пахта тердирилаëтгани ҳақида ишонч телефонларига хабар қиласизми?

Ҳукумат халқаро ҳамжамиятни чалғитиш учун қўл уришга мажбур бўлган бу ҳаракатнинг умуммиллий миқëсда мажбурий меҳнатга қарши кампанияга айланиши учун нима қилиш лозим деб ўйлайсиз?

28 сентябрь Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар бўладиган OzodlikOnline жонли суҳбатида шу ҳақда гаплашамиз. Суҳбатга Skype манзилларимиз орқали қўшилишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG