Линклар

Қозоғистонлик фермерлар ўзбек пахтакорларини хуш кўради


Ўзбекистонлик теримчи

Ўзбекистонлик теримчи

Жанубий Қозоғистон вилоятининг Мақтаарал туманида пахта йиғим-теримига қўшни ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари жалб қилинмоқда.

Қозоқ фермерларига кўра, ўзбек теримчилари маҳаллий аҳолига нисбатан яхшироқ ишлайди.

Бу ҳақда Мақтаарал тумани Алғабас қишлоғига қарашли тўртта пахта даласида бўлган Озодлик Қозоқ Хизмати мухбири хабар қилди.

Унга кўра, тўртта пахта даласидан учтасида 50 нафарга яқин ўзбекистонлик пахта тераётган бўлган.

"Улар асосан 20-55 ёшлардаги аёллар эди. Чанг ва қуёшдан ҳимояланиш учун юзларини рўмол билан ёпиб олишганди. Кими пахта терса, кими терилган пахтани тарозига элтарди. Аёллар аҳён-аҳёнда бир-бири билан ўзбекча гаплашишарди", дейди Озодлик Қозоқ Хизмати мухбири.

У пахтакорларнинг қаердан экани, рўйхатдан ўтиб-ўтмаганини билишга қизиққанда, аёллар жавоб беришни исташмаган.

Қўқонлик Омон исмли теримчи суҳбатга рози бўлганлардан бири эди.

"Биз оиламиздан уч кишиб бўлиб, Қўқондан чиқдие ва "Атакент" чегара пунктини қонуний кесиб ўтдик. Мақтаарал туманигача таксичи ҳар биримиздан 40 минг сўмдан олди. Миграция полициясида бир ойга рўйхатдан ўтдик. Ҳар куни 550 килограм пахта терамиз. Яна бир ойча пахта териб, кейин уйга қайтамиз," дейди Омон.

Омоннинг шериги Эркинбек Нишонов теримга хотини билан бирга келган.

"Хотиним билан ҳар куни 400 кг пахта терамиз. Бизга иш берган фермернинг уйида турибмиз. Овқатимизни беришади, терган пахтамиз миқдорига қараб маош тўлашади. Бу ерда иш тугагач, бошқа фермернинг даласига ўтамиз," дейди Эркинбек Нишонов.

Килосига 15 тенге

Фермер Галимжан Кулишевнинг айтишича, қишлоқда теримчи етишмайди, шунинг учун Ўзбекистон фуқароларига иш беришга мажбур бўлган.

"Ўзбекистонликлар пахтани яхши теришади. Ҳар бири кунига 100 килограмдан кўпроқ пахта теради. Бизнинг қишлоқдагилар эса 60-70 килограмдан теради. Бугун пахта теришга 16 Ўзбекистон фуқаросини келтирдим. Ҳаммасида ҳужжати бор, миграция полициясида рўйхатдан ўтишган. Теримчиларга килосига 15 тенгедан тўлайман," дейди Галимжан Кулишев.

Қўшни даланинг эгаса Тўрабек ҳам 13 гектарлик еридаги пахтани йиғиб олишга ўзбекистонликларни жалб қилганини айтади.

"Алғабасликларнинг аксари ўзбекистонлик ёрдамчилар қаердан келишганини айтишмади. Кимдир "бу масалани воситачи ёрдамида ҳал қилдик," деса, кимдир "буни катталар ҳал қилади", дея жавобни қисқа қилишди," дейди Озодлик мухбири.

Жанубий Қозоғистон давлат даромадлари идорасининг тасдиқлашича, меҳнат муҳожирлари ортидан даромад кўриш ҳоллари бўлган.

Жанубий Қозоғистон вилояти миграция департаменти бошлиғи Балтабек Абилаев маълумотига кўра, МДҲ давлатларидан келиб, вилоятда ишлаётган 25 минг меҳнат муҳожирларининг 90 фоизрини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади.

"Ўзбекистондан 16 минг 315 киши қурилиш соҳасида, 3179 киши боғдорчиликда, 211 киши эса уй хизматчиси сифатида рўйхатга олинган. Пахта тераётганлар ҳақида бизда ҳозирча аниқ маълумот йўқ," деди Балтабек Абилаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG