Линклар

Москванинг Домодедово аэропортида қорнида героин моддаси жойлаштирилган 169 дона контейнерларни олиб кетаётган 19 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳибс этилди. Термиз шаҳридан Россияга биринчи маротаба келаётганини терговчиларга айтган Шерзод А.га нисбатан Домодедово Божхона хизмати томонидан жиноий иш қўзғатилди. Божхоначилар сўнгги пайтларда гиёҳванд моддаларни катта миқдорда олиб киришга уринаётган марказий-осиёлик муҳожирлар сони кўпайиб бораётганини айтмоқда.

Ўзбекистонлик героин ташишда айбланмоқда

Жорий йилнинг 19 сентябрида Термиз-Москва йўналиши бўйича Домодедово халқаро аэропортига учиб келган 1996 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.

Рентген муҳожир қорнида 169 контейнер борлигини аниқлади

Рентген муҳожир қорнида 169 контейнер борлигини аниқлади

Аэропорт божхона хизмати ходимлари ўтказган рентген текшируви гумонланувчи ўзбек муҳожири қорнида жуда кўп кичкина контейнерлар борлигини аниқлади.

Россия Федерал божхона хизмати давлат инспектори Елена Грач Озодлик билан суҳбатда контейнерларда топилган модда героин экани ва унинг умумий оғирлиги 705,14 граммни ташкил этганини гапириб берди.

- Ҳа, у 19 сентябрь куни Домодедово аэропортида ушланди. Бир кун ўтиб – 20 сентябрь куни, Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Унинг қорнидаги цилиндр шаклидаги контейнерлар қўлда ясалгани ва жами наркотик жойланган контейнерлар сони 169та экани маълум бўлди, деди Елена Грач.

Федерал божхона хизмати вакили ёш муҳожир Афғонистондан келтирилаётган наркотраффик уюштирувчилари томонидан ёлланган бўлиши мумкинлиги ҳам тахмин қилинаётганини гапирди.

Озодликка божхона матбуот хизмати тақдим этган видеотасвирда ўзбекистонлик йигит ҳақиқатан Термиз шаҳрида миллати афғон бўлган шахс уни ёллаганини айтаётганини кўриш мумкин:

- Мен Россияга жўнаб кетаётувдим. Билет сотиб олаётганимда кўчада бир афғон менга таклиф этиб қолди. “Иш бор, ишлаб олмоқчимисан?”, деди. У менга наркотик моддаларини ўтказиб беришим учун 500 доллар таклиф қилди. Тўғриси, мен бунда қанақа наркотик эканини ҳам билмайман. Аввалига кўнмадим, кейин рози бўлдим, дейди наркотик ташишда айбланаётган йигит.

У терговчиларга моддий қийинчилик туфайли бу жиноятга қўл урганини ҳам билдирди.

Озодлик ўз манбаларидан қорнида 700 граммдан ортиқроқ героин ташиб ўтишга уринганликда айбланаётган ўзбекистонлик 19 яшар йигитнинг исми Шерзод А., у ҳақиқатан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридан эканини аниқлади.

Москва Ҳаво ва сув транспортидаги назорат бўйича прокуратураси томонидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 229.1 моддаси 3 қисми (“Наркотик воситалар, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари контрабандаси”) асосида Ўзбекистон фуқаросига жиноий иш очилди.

20 сентябрь куни Домодедово шаҳар суди Шерзодни тергов якунига қадар ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди, у маҳаллий тергов изоляторига юборилди. Терговчилар Шерзод А.га героин моддасини ташишда кўмаклашган бошқа шахсларни аниқлашга уринмоқда.

“Афғон героини Марказий Осиёдан ўтмоқда”

Айни пайтда, Россия Божхона хизматида сўнгги пайтларда ўта катта миқдорда наркотик моддаларни турли йўллар билан Марказий Осиёдан олиб киришга уринаётганлар сони кўпайганини билдиришди.

Жумладан, яқинда Тергов қўмитасининг Иваново вилояти бошқармаси 17 ёшли миллати ўзбек бўлган Тожикистон фуқаросини наркотик моддасини сотишда айблаб жавобгарликка тортди. У сотишга уринган модда 59 пакетчада жойлаштирилган 265 грамм героин экани аниқланган.

Шу йилнинг сентябрь бошларида оператив ходимлар Москва шаҳрида 1979 йилда туғилган яна бир Тожикистон фуқаросига тегишли автомашинадан 10 килограмм героин моддасини мусодара қилди. Ўта катта миқдорда наркотик моддасини сотишда гумонланаётган бу шахс умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

2015 йилнинг апрелида Москва вилоят суди Россияга мева-сабзавот ичига жойлаштириб, юк машинасида 185 килограмм наркотик моддаси - героинни олиб киришга уринган Исроилжон Тожибоевни 17 йилга қаттиқ режимли колонияга жўнатгани хабар берилган эди.

Наркотиклар назорати бўйича Россия Федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов сўзларига кўра, Россияга киритилаётган қарийб 100 фоиз героин Афғонистонда ишлаб чиқарилади.

У афғон героини Марказий Осиё давлатлари, айниқса Тожикистон ва Қирғизистон орқали турли йўллар билан ташиб келтирилаётганига ҳам эътибор қаратиб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG