Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:22

2 йилда илк бор учрашган Обама ва Путин Сурияни муҳокама қилди


Президент Владимир Путин Россия "Исломий давлат"га қарши курашиш учун Сурияга қуруқлик қўшинларини киритмаслиги, аммо ҳаво орқали ҳужум амалиётларига қўшилиши мумкинлигини айтди. Сўнгги икки йил ичида илк бор АҚШ президенти Барак Обама билан 90 дақиқа суҳбатлашган Путин Сурия президенти Башар Ассадни қувватлаш позициясидан қайтмаслигини таъкидлади.

Россия Сурия ва Ироқнинг бир қисмини эгаллаган "Исломий давлат"га қарши жангларда президент Ассад армияси етакчилик қилиши ва халқаро коалиция уни қувватлаши керак, деб таъкидлаб келмоқда.

"Биз айни пайтда Сурия армиясига яна қанақа қўшимча ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида ўйлаяпмиз. Қуруқлик қўшинлари масаласида эса Россия иштирок этиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмас", деди президент Путин.

Путин: Ассад билан ҳамкорлик қилмаслик хатодир
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:38 0:00

Айни пайтда Россиянинг Сурия армиясига ҳарбий ёрдам бераётгани Вашингтон хавотирига сабаб бўлмоқда. Зеро, президент Путин ва Россиянинг бошқа расмийлари "Исломий давлат"га қарши курашаётган Ассад армиясига қурол-яроғ ҳамда ҳарбий машғулотлар билан кўмаклашаётганини айтган.

Обама: АҚШ Сурияда урушни тўхтатиш учун Россия ва Эрон билан ишлашга тайёр
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:21 0:00

CBS ва PBS телеканалларига 28 сентябрь куни интервью берган Путин: "Россия Сурия ёхуд бошқа мамлакатлар ҳудудида ўтказиладиган қуруқликдаги бирорта ҳарбий амалиётда иштирок этмайди. Ҳар ҳолда ҳозир бизда бундай режа йўқ", деди Путин.

Шу пайтда "Исломий давлат"га ҳаводан халқаро коалиция уюштираётган ҳужумларига қўшилиш масаласида гапирган Путин: "Мабодо, бу соҳада ҳаракатланадиган бўлсак, бу халқаро нормаларга тўлиқ амал қилган ҳолда бўлади", деб таъкидлади.

Дарвоқе, Америка телеканалларига берган интервьюсида Путин АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция ҳаво ҳужумлари натижаси ҳақида киноя билан муносабат билдирди:

"Кичик кўламдаги ҳаво ҳужумлари, шу жумладан, АҚШ самолётларидан қилинган ҳужумлар, аслида муаммони ҳал қилмайди. Аслида бу ҳужумлар билан бу муаммони умуман ҳал қилиб бўлмайди. Бу ҳужумлардан кейин қуруқликда ким илгарилаши мумкин? Бунинг учун Сурияда Ассад қўшинларидан бошқа бирорта қўшин йўқ", деди Путин.

Шунингдек, Путин Башар Ассадни ҳокимиятдан олиш масаласини Обама ёки Франсуа Олланд каби давлат етакчилари эмас, фақат сурияликларнинг ўзи ҳал қилиши лозим, деб таъкидлади. У Россиянинг президент Ассадга ёрдам бериш сиёсатини Сурияда юрган 2 мингдан ортиқ россиялик террорчини йўқотиш, акс ҳолда уларнинг Россияга қайтиш хавфи мавжудлиги билан изоҳлади: "Бизнинг президент Ассадга ёрдам бераётганимиз асосий сабаби шу".

АҚШнинг юқори лавозимли расмийси Обама ва Путин ўртасидаги учрашувдан сўнг АҚШ президенти Россия ҳукуматининг Сурияга ҳарбий ёрдамдан кўзлаган мақсади ҳақида аниқ хулосага келганини айтмоқда.

"Биз учун уларнинг мақсади ойдинлашди. Уларнинг мақсади ИШИД (ИД)га қарши кураш йўлида ҳукуматни қувватлашдир", деди исмини ошкор қилмаган АҚШ дипломати.

Аммо, дипломат бу ўриндаги муҳим жиҳатни урғулади: "Агар Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштироки "Исломий давлат"га барҳам беришгагина қаратилса, бу яхши. Аммо, бу ҳарбий ёрдам Ассад режимининг ўз халқига қарши курашини қувватласа, бу ёмон", деди АҚШ дипломати.

XS
SM
MD
LG