Линклар

Афғонистон кучлари Толибонни Қундуздан сиқиб чиқариш амалиётини бошлади


Афғонистон хавфсизлик кучлари бир кун аввал Толибон жангарилари тарафидан ишғол қилинган Қундуз шаҳрини қайтариб олишга қаратилган ҳарбий амалиётни бошлади.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани 29 сентябрь куни хавфсизлик кучлари Қундуз шаҳрида “ҳукумат биноларини қайтариб ола бошлади”, дея билдирди. Шунингдек, деди президент Ғани, “ёрдам кучлари, жумладан дессант қўшинлари у ерга етиб борди ёки йўлга чиқди”.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, ҳукумат қўшинлари Қундузнинг асосий қамоқхонаси ва вилоят полицияси биносини Толибон жангариларидан қайтариб олишга муваффақ бўлган.

Айни пайтда, НАТО матбуот вакилининг маълум қилишича, АҚШ жанговар учқичлари “Қундуз яқинида амалиёт олиб бораётган коалиция ва афғон кучларига нисбатан бевосита таҳдидни бартараф қилиш мақасдида” Толибон позицияларини ўққа тутган.

28 сентябрь куни Афғонистон ҳукумат кучлари ва вилоят расмийлари жангарилар билан бир неча соатлик қуролли қарама-қаршиликдан кейин Қундуз шаҳридаги аэропортга чекинишга мажбур бўлган эди.

Қундуз шаҳрининг ишғол этилиши сўнгги 14 йил ичида илк бор Толибон тарафидан вилоят марказининг эгаллаб олиниши бўлди.

28 сентябрь куни тонгда бошланган Толибон ишғоли ўтган йилнинг охирида халқаро коалиция кучларининг Афғоснитондаги жанговар миссияси якунланиши ортидан Қундуз шаҳрини жангарилардан мудофаа қилишга уринаётган ҳукумат қўшинлари учун жиддий талафот бўлди.

Душанба куни бир неча соат тўхтовсиз давом этган жанглардан кейин Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Сиддиқ Сиддиқий “Қундуз Толибон қўлига ўтди”, дея тан олди.

“Қундуздаги хавфсизлик кучлари ҳужумга тайёр туришган, лекин бундай кўламдаги ҳужумни, боз устига 10та турли нуқтада бир пайтнинг ўзида ҳужум қилинишини кутишмаган”, дея қўшимча қилди Сиддиқий.

Толибон ҳаракати етакчиси Мулла Ахтар Мансурга нисбат берилган баёнотда: “Қундуз аҳли ўз ҳаётлари ва мулкларини қўриқлашдан хавотир олишларига эҳтиёж йўқ. Кундалик ҳаётингизни мутлақ хавфсизликда давом эттиришингиз мумкин. Барча савдогарлар, касалхона ходимлари, шаҳар маъмурияти ва ҳокимият идоралари кундалик фаолиятини ҳеч бир таҳдид ёки хатарсиз давом эттиришлари мумкин”, дея билдирилди.

Лекин қундузликлар Толибон жангарилари маҳаллий дўконларни талон-тарож қилаётгани ва шаҳардаги битта радиостанцияни ёқиб юборганларидан шикоят қилмоқда.

1996-2001 йилларда Афғонистондаги ҳукмронлиги даврида Толибон ўз назоратидаги минтақаларда Шариат қонунларини жорий қилган, жумладан қизларнинг мактабга қатнашини тақиқлаган ва мусиқани қонундан ташқари деб эълон қилган.

28 сентябрь куни хавфсизлик ва ҳукумат расмийлари билан биргаликда юзлаб шаҳар аҳли Қундуз аэропорти томон қочаётганини кузатиш мумкин эди.

Жангарилар шаҳар марказий майдонига Толибоннинг оқ байроғини тикишди ва маҳаллий қамоқхонадан юзлаб тарафдорларини озод қилишиди.

Икки кундан бери давом этаётган жангларда, расмийларнинг билдиришича, иккала томондан талафотлар бўлган.

Чегара билмас шифокорлар ташкилоти Қундузда жанглар бошланганидан бери 100дан ошиқ ярадорга ёрдам кўрсатганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG