Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:44

Улан-Удэда ўзбеклар гуруҳи юртдошларига тинчлик бермаётир


Россиянинг Улан-Удэ шаҳрида бир гуруҳ ўзбеклар этник жиноий гуруҳ тузиб, ўз юртдошларига тинчлик бермаётир. Озодликка уланиб, бу ҳақда сўзлаб берган ўзбекистонликлардан бири бу уюшган гуруҳ товламачилик, рэкет ва қаллоблик билан пул топаётганини гапириб берди.

Россиянинг Бурятия пойтахти Улан-Удэ шаҳридан Озодликка қўнғироқ қилган муҳожирлардан бири шаҳарда кўплаб ўзбекларни қийнаётган масала билан мурожаат қилганини гапириб берди.

У бир неча йилдан бери шаҳарда пайдо бўлган жиноий тўда фақат Ўзбекистондан келган мигрантларга зулм ўтказаётганини айтади:

-Улан-Удэ ўзи кичкинагина шаҳар – ҳамма бири-бирини танийди. Мен 8-10 йилдан бери келиб-кетиб юраман, илгари бу ерда ўзбеклар кам бўларди. Охирги 5-6 йил ичида бу ерда улар сони кўпайиб қолди, ривожланиб кетишяпти. Қизиғи, уларга биров қаршилик қилмагани сабабли улардан айримлари қутуриб кета бошлади.... Гап шундаки, маҳаллий ўзбеклар диаспоралари ёрдамида шаҳарда бир гуруҳ ўзбекистонликлар ўзларини “смотрящий” деб эълон қилиб олган. Улар фақат криминал билан шуғулланиб келмоқда. Мен ўзим ҳам, бошқа менга таниш бўлганлар ҳам улардан жабр кўрдим. Масалан, иккита ўзбек ўтириб уришиб қолса, буларга биров мурожаат қилмаса ҳам келишиб, “Сўкинибсан, гапингга жавоб берасан!”, деб 10-20 минг рубль бўйнига илиб кетади. Агар айтилган пулни бермасангиз маҳаллий қамалиб чиққан русларни еталаб келишади. Ўзлари қўлидан ҳеч нарса келмайди, аммо бу руслар қурол билан юради, ҳақиқатан хавфли одамлар, деди Шерали исмли муҳожир шахс.

Муҳожир йигитнинг сўзларига кўра, ўзлари Ўзбекистондан бўла туриб улар “ўз ҳунарларини” фақат ўзбек муҳожирларига кўрсатади.

У асосан 5-6 кишидан иборат бу жиноий гуруҳ “турмадаги биродарларга”,деб Улан-Удэда ишлаётган мигрантларга “солиқ” солиши, бу пулнинг асосий қисми эса уларнинг чўнтагида қолишини айтади. “Уларнинг асосий “касби” – гўё разборка қилиш”, дея давом этади Шерали:

- Улар қарздор одамдан қарз ундириб берар экан – аслида ўша пулни ҳам “хизмат ҳақи” деб олиб қолишяпти. Бу биринчи касблари. Иккинчиси, стройкада ишлаётган ишчиларга вакил жўнатиб “Ойига шунчадан пул ташлаб туринглар!”, деб рэкет қилади. “Нима муаммоларинг бўлса ҳал қилиб берамиз!”, дейди. Аслида ўзбекларда регистрация ва документдан ташқари яна қанақа муаммо бўлиши мумкин? Улар местнийлар билан “разборкалар”га чиқади деб ўйлайсизми?! Албатта, чиқмайди!

Улар орасида бир нечта бузуқ аёллар бор. Бу аёллар ишлаётган боллар билан учрашади, арақ ичади, маст бўлган эркак устидан бу гуруҳга “Мени зўрлади!” деб арз қилади. Улар келиб яна бўйнига пул қўяди. Шундай қилиб пул ишлашади. Энг ёмони, бу ишларни фақат Ўзбекистон фуқароларига – бир-икки сўм пул ишлагани келган муҳожирларга нисбатан қилишади. Чунки тожик, арман ёки озарбайжонликка ёки кавказликка овоз кўтара олмайди: улар жуда кам ва иноқ. Бизнинг ўзбеклар қўрқади қаршилик кўрсатишга, деди Шерали.

Шерали бу шахслар маҳаллий жиноий тўдалар билан ҳамкорлик қилиши, шаҳарда майда ўғирлик билан кун кечириши тўғрисида эшитганини айтади. У бу гуруҳда 5-6 кишилик бошқарувдан ташқари 15-20 кишилик майда ишларни бажарувчи “югурдаклар” гуруҳи ҳам борлигини билдидирди.

Шерали Озодликка бу гуруҳ бошлиқларининг исмлари тўғрисида бошқа маълумотларни берди, бироқ Озодлик ҳозирча уларни ошкор қилмасликка қарор қилди.

Суҳбатдош Улан-Удэ шаҳрида бир қанча ўзбеклар ташкилотлари ҳам борлиги, аммо улар ҳам бу тўда билан ҳамкорлик қилаётгани ёки ўзбек муҳожирларига нисбатан содир этилаётган ноҳақликларга кўз юмиб келмоқда, дейди.

- Диаспора вакиллари шу нарсаларни кўриб-билиб турибди. Тартибга чақирса ёки керакли жойга мурожаат қилса бўлади, лекин қўрқса керак-да... Диаспоралар фақат ҳужжат қилиб соққа қилиш билан овора. Аммо буларни кимдир тўхтатиши керак. Мен Бурятияда шундай ишлар бўлаётганини Озодликка хабар беришимдан мақсад – жамоатчилик эътиборини қаратиш, керак бўлса ҳуқуқ-тартибот идоралари қизиқишини уйғотиш ва ўзбек муҳожирлари ҳақларини ҳимоя қилишдир. Бу жиноий гуруҳнинг мушугини биров пишт дегани йўқ, аслида улар жуда ноиноқ, бир-бирларини сотиб кетади, керак бўлса. Уларга бўйин эгмайман деса ҳам бўлади – қўрқув жуда катта куч эканда, деди Бурятия пойтахтида яшаётгани ва бу жиноий гуруҳ фаолиятини кузатиб бораётганини гапирган Шерали.

Озодлик Шерали кўтарган масала билан маҳаллий диаспора вакилларига мурожаат қилди, бироқ ҳозирча уларнинг жавобини ололмади.

Таҳририят ўзбекистонлик мигрантларга нисбатан Улан-Удэ шаҳрида содир этилаётган бу ноҳақликларга гувоҳ бўлганларни сайтда кўрсатилган алоқа воситалари орқали қўшимча хабар беришларини сўраб қолади.

Бурятия Федерал миграция хизмати келтирган маълумотларга биноан, жорий йилнинг ўтган ярим йили давомида Бурятияга 19 мингдан зиёд мигрант кириб келган, 2014 йилда эса минтақада 80 мамлакатдан келган 50 мингдан зиёд хориж фуқароси қайдга турган. Булардан ишга рухсатнома – патент қилганларнинг 73 фоизи Ўзбекистон фуқаролари экани маълум. Бурятия ФМСи хабарига кўра, ишчи-мигрантлар асосан қурилиш, ёғочни қайта ишлаш ва қишлоқ хўжалигига жалб этилади.

Айни пайтда, иқтисодий жиҳатдан энг ночор саналган Бурятия Россиянинг бошқа ўлкаларига кўчиб кетаётган маҳаллий фуқаролар сони жиҳатидан илғорлик қилиб келаётгани маълум.

XS
SM
MD
LG