Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Муаллимлар ҳақида ҳазин блог


Текинга ишлатилаётган фарғоналик ўқитувчилар.
Текинга ишлатилаётган фарғоналик ўқитувчилар.

Ўқитувчи-мураббийларни аркони давлат ҳам, раият ҳам – барчамиз оғзимиздан бол томиб мақтаймиз. Навоийни шафе келтириб, биттагина ҳарф ўргатган устознинг ҳаққини юз ганж билан адо этиб бўлмаслигини ҳар ерда, ҳар вақт такрорлаб чарчамаймиз. Аммо... мадҳияю қасидалар аксар тилнинг учида, хўжакўрсинга айтилади. Амалда эса ўқитувчи-мураббийлар ҳақлари энг кўп поймол этилаётган тоифа бўлиб қоляпти.

Қор ёғса ҳам, дўл ёғса ҳам ўқитувчининг бошига ёғади, десам лоф деб ўйламанг. Ўзим шу соҳада ишлаб, озми-кўпми унинг қаттиқ нонидан татиганим учун биламан Ўзбекистон шароитида муаллимлик қилиш қанчалик оғирлигини.

Ғазнанинг таги кўриниб қолган пайтда ўқитувчилар оёққа турғазилади, бечоралар дам олиш кунларида уйма-уй юриб солиқ йиғиш билан машғул.

Аҳолидан коммунал хизматлар бўйича қарзларни ундириш ҳам кўпинча улар гарданига юкланади.

Шаҳару қишлоқларни ёғса тушса ялагудек қилиб тозалаш ишига ҳам муаллимлар балогардон.

Сайлов ва бошқа сиёсий тадбирларни ўтказишда ҳам елиб-югуриб хизмат қилади боёқишлар. Бир сўм олмасдан, теппа-текинга.

Пахта теримига ҳам ёппасига сафарбар этилади.

Хуллас, дастёру югурдак ҳам у, текин мардикор ҳам! Эски нақлни сал ўзгартириброқ айтганда, ҳолвани ҳоким ейди, калтакни эса – ўқитувчи!

“Ғинг” демайди. “Хўп бўлади” деб қулоқ қоқмай топшириқларни бажариб кетаверади. Аскар командир буйруғига эътироз билдирса билдирар, аммо ўқитувчи бунга журъат этмайди. Ишдан ҳайдалиб, жўжабирдек рўзғорини тебратиб турган камтаргина даромадидан айрилишидан қўрқади-да. Шу сабаб темиртан роботдек ҳар қандай машаққатга тишини тишига қўйиб чидайди.

Мактаб ва коллеж ўқувчилари борган сари “қутуриб” кетаётганидан ҳам энг аввал ўқитувчилар азият чекяпти. Отасининг таҳоратига намоз ўқиб юрган бойвачча ўқувчилар жафокаш устозини назарписанд этмайди, оёғининг учи билан кўрсатади. Лекин муаллимлар камситишларга парво қилмай ишлайверади. Бирор ўқувчи жиноят ё номаъқулчиликка қўл урса борми, урди худо, гирибонидан олинадиган ҳам ўқитувчи!

Ким билсин, эҳтимол, буни тақдир ҳукми деб қабул қилар. Эҳтимол, шу такасалтанглардан биттагина истеъдодлиси чиқиб қолар, деб умид қилар. Эҳтимол, боя айтганимиздек, ишинидан мосуво бўлишдан қўрқар...

Айтганча, кўп минг сонли ўқитувчи ва мураббийлар бугунги касб байрамини ҳам пахта даласида қаршилаяпти. Шунча ҳашар ва “томсувоқ”ларда қатнашиб, пахтадан четда қолса бўлмайди-да!..

Камписанд, камсуқум муаллимларимизнинг жонига тўзим берсин, ишқилиб!..

Озодлик муштарийи

XS
SM
MD
LG