Линклар

Абдулазиз Комиловнинг БМТдаги нутқи Қирғизистонда муҳокама қилинмоқда


Абдулазиз Комилов БМТ минбарида.

Абдулазиз Комилов БМТ минбарида.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг БМТ Бош Ассамблеяси 70 –сессиясида Қирғизистон ва Тожикистонда қурилиши режалаштирилган ГЭСлар барпо этилишига ўз мамлакати йўл қўймаслиги ҳақида айтганлари Қирғизистон жамиятида қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Абдулазиз Комилов: Биз йўл қўймаймиз!

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг 25 сентябрдаги йиғинида сўзлаган нутқида Тошкент Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭСлар қурилишига қарши эканини яна бир бор эслатиб ўтди.

Уч йилдан бери БМТ сессияларида Ўзбекистон бу мавзуни кўтариб келади. Жорий йилги сессияда Абдулазиз Комиловнинг бу борада айтганлари ўтган йилдагилардан кўра сал кескинроқ бўлди.

- Биз Амударё ва Сирдарё оқимларида гигант тўғонлар ҳамда йирик ГЭСларни қуриш режаси амалга оширилиши оқибатида бу дарёлар бассейнида жойлашган миллионлаб одамларни ҳаёт билан таъминлаш воҳаларидаги дарёларнинг табиий ўзанлари ўзгаришига, бунинг оқибатида сув таъминотининг янада ёмонлашувига йўл қўя олмаймиз. Бунинг ортидан сув ва экология мувозанати кескин бузилади, Орол муаммоси чуқурлашади, катта ҳудуддаги экологик хавфсизлик таҳдид остида қолади, - деган эди ўз нутқи давомида Абдулазиз Комилов.

Эрлан Абдилдаев: Минтақа келажаги фақат гидроэнергетикада

Ўзбекистоннинг БМТ минбаридан туриб қилаётган бу каби баёнотларига уч йилдан бери жавоб бермай келаётган Қирғизистон жорий йилдаги сессияда ўз муносабатини билдирди.Қирғизистон ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевнинг БМТ сессиясида Абдулазиз Комилов нутқига жавобан айтишича, халқаро экспертлар 2025 йилгача Қирғизистондаги музликлар сони 40 фоизга озайишини башорат қилмоқда. Шунинг учун Марказий Осиёдаги сув заҳираларини сақлаб қолиш йўлларидан бири гидроиншоотларни барпо этишдир:

-Тоза сув етишмовчилиги кутилганидан ҳам тезроқ кучайиб бораётир. Шунинг учун Қирғизистон сув заҳираларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ташаббусини кўтариб келмоқда. Минтақадаги барқарор тараққиётни ва “яшил” иқтисодни фақат гидроэнергетика тармоғигина шакллантира олади. Биз сув заҳиралари ва гидроэнергетикани бир-бирларидан айро ҳолда қабул қилмаслигимиз шарт, -деди Эрлан Абдилдаев.

Аликбек Жекшенкулов: Қўшнилар тил топиша олмаса БМТ ҳам ёрдам беролмайди

Расмий Тошкент Қирғизистонда Қамбарота -1 ГЭСининг қурилишига бир неча йиллардан бери қатъий қаршилик кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон томони бу борада Қозоғистон ва Россия ҳам Тошкент позициясини қўллаб келаётганини бир неча бор эълон қилган. Бироқ Кремль Тошкент позициясини қўллашини билдирган эса-да, Қирғизистондаги ГЭСлар қурилишини молиялаштириш фикридан воз кечгани йўқ.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов бу мавзунинг БМТда ҳар иккала томондан кўтарилиши ҳеч қандай натижа бермайди, деган фикрда:

- Қачонки биз қўшни давлатлар билан муросага келсак, ўшанда БМТ бу борадаги резолюцияни қабул қилади. Негаки, сув муаммоси минтақа хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи энг катта омилдир. Бу масалада нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон ҳам ўз позицияларини очиқ –ойдин билдириши керак, - деди Аликбек Жекшенкулов.

Кекса эксперт: Балки Тошкент тушунмаётгандир...

Қирғизистон энергетика соҳаси фахрийси, энергетика соҳаси эксперти Жамалбек Тулабердиев эса Тошкент расмийлари барпо этилиши режалаштирилган гидроиншоотлар борасида нотўғри ахборотга эга бўлгани учун мана шундай қаршилик кўрсатаётир, деб ҳисоблайди:

- Норин дарёсига қуриладиган ГЭСларнинг экологияга зиёни йўқлиги Шўролар давридаёқ исботланган. Ҳозир фақат тушунмовчилик бўлаяпти. ГЭСларнинг қурилиши Ўзбекистонда қурғоқчиликка сабаб бўла олмайди. Бу масала жуда кўп йиллар давомида ўрганилиб, кейин мана шундай хулосалар чиқарилган,- деди кекса энергетик.

Айни пайтда Қирғизистонда ГЭСлар қурилишини миллиардлаб долларлар миқдорида молиялаштиришни ўз зиммасига олган Москва ҳам 2009 йилдан бери ўз ваъдасини амалга оширишга шошилмай келаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG