Линклар

logo-print

Россия ҳарбий самолётлари Суриянинг Хомс вилоятида уюштирган ҳаво ҳужумларидан норозилик кайфияти кучаймоқда. Москва раҳбарияти "Исломий давлат"га тегишли ҳарбий омбор ва техника базасига зарба берганини иддао қилмоқда. Сурия президенти Ассадга мухолифлари эса ИД эмас, президентга қарши гуруҳлар урилгани, тинч аҳолидан ҳам қурбонлар борлигини даъво қилмоқда.

Россия ҳарбий самолётлари 30 сентябрь куни илк бор Сурянинг Хомс вилоятидаги "ИШИД нуқталарига" ҳаводан ҳужум қилди. Аниқ нуқталар нишонга олинган жами 20дан ортиқ ҳужум чоғида "ИШИДнинг муҳим масканлари"га зарба берилгани айтилди.

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу вазирликнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида зарба берилган нуқталарда ИШИДнинг "ҳарбий қурол-аслаҳалари, коммуникация марказлари, техникалари, қурол-яроғ ва ёқилғи омборлари" борлигини баён қилди.

Сурия расмий телевидениеси ҳам Россия ҳаво кучлари Хомс ва Ҳама вилоятларида бир неча нуқталарга ҳаводан ҳужум қилгани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо, Сурия президент Башар Ассадга қарши курашаётган мухолифлар ҳужумлар айнан мухолиф гуруҳларга қарата амалга оширилгани, ҳатто тинч аҳоли вакилларига ҳам зарар етганини айтмоқда.

Бу хавотирлар ортидан Россия зарба берган нуқталарда ИД жангарилари бормиди, деган саволни АҚШ расмийлари ҳам кўтарди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида учрашган АҚШ ва Россия Ташқи ишлар вазирлари бу масалани муҳокама қилди.

Жумладан, АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтон Россиянинг ИДга қарши ҳарбий амалиётларда қатнашишини олқишлаши, лекин бунда "ИШИД ёки Ал-Қойдага алоқадор гуруҳлар бўлмаган нуқталар"ни ҳам нишонга олишидан қатъий хавотирда эканини таъкидлади.

Бироз муқаддам аноним тарзда Reuters агентлигига интервью берган француз дипломати Россия ҳаво кучлари ИД нуқталарига эмас, президент Башар Ассаднинг мухолифлари манзилларини нишонга олганини айтган эди.

"Булар ДАИШ (ИШИД) эмас, балки кўпроқ мухолиф гуруҳларни нишонга олмоқда. Бу эса уларнинг Башар режимини қувватлаётгани тасдиғи", деди француз дипломати.

Рус ҳарбий учоқлари ҳаводан зарба берган Хомс ва Ҳама шаҳарлари теграсидаги минтақаларда президент Ассадга қарши курашаётган "Сурия озодлиги армияси", "Ал-Қойда"га алоқадор бўлган "Жабҳатан Нусра" гуруҳи ва "Аҳроруш Шом" жангари гуруҳлари борлиги ҳақида маълумотлар бор.

Суриядаги вазиятни кузатаётган ғарблик таҳлилчи Томас Пьерре бу минтақада "ИД жангарилари умуман йўқ", деб таъкидлайди. Суриялик фаоллар тузган "Маҳаллий мувофиқлаштириш гуруҳи" ҳам Facebook тармоғидаги саҳифасида руслар ҳаводан урган нуқталарда ИД жангарилари йўқлиги ҳақида ёзмоқда.

"Фаолларимиз бу минтақаларда ўнлаб маҳаллий аҳоли, шу жумладан, аёллар ва болалар ўлдирилганини айтмоқда", деб ёзди ушбу гуруҳ. Шунингдек, бу гуруҳ тарқатган хабарда рус учоқлари томонидан Заъфаронеҳ, Растан, Талбиса, Макармиа ва Ганто шаҳарчаларига ҳаводан зарба берилгани айтилди.

Айни пайтда 30 сентябрь куни Хомс ва Ҳама атрофидаги масканларга ҳаводан зарба берган фақат Россия ҳарбий самолётлари эмас, балки ҳукумат кучлари ҳам экани ҳақида ноаниқ маълумотлар бор. Жумладан, Лондонда ишлаётган суриялик фаоллар гуруҳи Сурия ҳукумат кучлари "Заъфаронеҳ, Растан ва Таблиса шаҳарларига ҳужум қилгани, 27 тинч аҳоли вакили ўлдирилгани" ҳақидаги хабарни тарқатди.

Ғарблик таҳлилчилар, агар Россия ҳарбийларининг ИД эмас, Ассад мухолифларига қарши зарба бергани ҳамда ҳаво ҳужумлари кўлами шу қадар кенглиги тасдиқланса, у ҳолда бу Россиянинг ўз ҳарбий иштироки воситасида Сурия режимини қувватлаш ниятида эканининг яна бир аниқ далили бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG