Линклар

Қорақалпоғистон пойтахти Нукусда буюм бозорининг кўчирилиши савдогарлар норозилигини уйғотди. Шаҳар марказидаги бозорнинг савдо расталари бузилиб, шаҳарнинг чеккароқ қисмида қурилаётган дўконлар савдогарларга қиммат нархда таклиф этиляпти. Раста ва дўкон эгалари бозор бузилиши ҳақида бир кун аввал огоҳлантирилган. Уларнинг зарарларини қоплаш ваъдаси берилмаган.​

Етти йилдан буён Нукус буюм бозорида савдогарлик қилаётган Жаоғасбай Озодлик билан суҳбатда бозорнинг бузилиши ўзи каби кўплаб тадбиркорлар учун кутилмаган ҳол бўлганини айтди:

- Зўрға қозонимизни қайнатиб ўтирган жойимизни ҳам бузишяпти. Анов куни келишди, тез, тез, тез, кўчасан дейди. Шаҳарни четида, шаҳар канализациясини ёнида жой беришяпти. Ҳали у ер оҳиригач қурилмаган. Керак бўлса ўзинг қуриб оласан, дейишяпти. Патент учун 5 миллион сўм. Арендалари қиммат. У ерга бориб, савдогарлик қилиш ўзини оқламайди, - дейди Жоағасбай.

Нукус буюм бозори 2007 йилда ёниб кетган “Айдин жол” бозори ўрнида барпо этилган.

Уч ярим минг одам шу бозорда савдо-сотиқ қилиб, рўзғор тебратган.

- Ўшанда бозор бутунлай ёниб, битган эди. Савдогарлар ўзлари ремонт қилиб, савдо расталарини тиклаб, энди савдони йўлга қўймоқчи бўлиб турганида, бошқа жойга кўчасизлар, дейишяпти. Нукус ҳокимиятидагилар Тошкентдаги ҳукумат одамлари билан тил бириктириб, янги бозорни ўзлаштириб олган. Бизга у ерда нон йўқ, - дейди қорақалпоғистонлик савдогар Жаоғасбай.

Нукус шаҳар ҳокимиятининг Озодлик боғланган расмийси бозор Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг қарори билан кўчирилаётганини айтди.

- Бу ишлар бозорларни тартибга солиш бўйича бутун республикада кўрилаётган чораларнинг бир қисми. Ҳар бир савдогарга дўкон берилади. Шу дўконнинг ўзида терминал бўлади, касса аппарати бўлади. Савдогар нақд пулга савдо қилса, банкка топширади, кўрган фойдасидан давлатга солиқ тўлайди. Буни кўпчилик хоҳламаяпти, - дейди Нукус шаҳар ҳокимияти расмийси.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятларида бозорларнинг бузилиши тадбиркорларнинг кескин норозилиги манзарасида кечган эди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Анвар Назиров мамлакат бўйлаб бозорларнинг бузилиши ҳукуматнинг ўйламасдан қилаётган тадбирларидан бири эканини айтади:

- Бозорларнинг бузилиши ишсизлар армиясига яна юзлаб янгилари қўшилишини ангалатади. Бундан ташқари, бу - ноқонуний вазият ва қонунсизлик муҳитининг бир кўриниши. Нима учун тадбиркорлар билан гаплашмасдан, уларни фикрини ўрганмасдан ҳукумат бозорни бузяпти. Аҳир бу ижтимоий объектку. Бу ерда нафақат тадбиркорларга иш яратилади, шаҳар аҳолиси, истеъмолчиларни фикрларини ҳам инобатга олиши керак эди. Ҳозир ҳукумат ўзини айтганини қиламан деб, ҳеч қайси томонни вақтида огоҳлантирмасдан бу ишни қилаётгани умуман ақлга сиғмайди, - дейди Анвар Назиров.

Ўтган ой оҳирларида Бухоронинг Ғиждувон марказидаги бозорда “йиллардан бери ишлаб келган” савдогарлардан бир гуруҳи бозорнинг янги жойга кўчирилиши туфайли иш жойисиз қолганидан Озодликка шикоят қилган эди.

Бозор раҳбарияти эса, савдогарларнинг иддаолари асоссиз эканлиги, барча ишлар мамлакат Президенти қарори доирасида амалга оширилаётганини таъкидлаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG