Линклар

logo-print

Ўзбекистон иқтисодиёт вазири нефть-газ соҳасида бошқарувчилар етишмаётганини таъкидлади. Петербургдан Наманган ва Қаршига авиарейслар тўхтатилди. Хонанда Манзура клип ўғирлаганини тан олди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Иқтисодиёт вазири: Ўзбекистон нефть-газ соҳасида бошқарувчилар етишмаяпти”

Ўзбекистон иқтисодиёт вазири Галина Саидова нефть-газ саноати корхоналари учун ходимлар тайёрлашга оид анжуманда профессионалларга эҳтиёж сезилаётганини таъкидлади (“Оила даврасида”, 1 октябрь).

“Бусиз биз нефть-газ соҳасини замонавий даражага олиб чиқа олмаймиз, маҳсулот таннархини, шу жумладан, нефть ва табиий газга тушаётган нархларни мос равишда пасайтира олмаймиз... Шунинг учун биз аввал қўлланмаган чора – етакчи замонавий компанияларнинг юқори малакали ходимларини нафақат қўшма корхоналарга, балки соф маҳаллий компанияларга таклиф қилишга тайёрмиз”, деган Ўзбекистон иқтисодиёт вазири.

“Тошкентда – долларни, Марғилонда – колани қалбакилаштириган гуруҳ қўлга олинди”

Тошкентда катта миқдордаги қалбаки АҚШ долларини сотиш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди (“Ҳуқуқ”, 1 октябрь).

6 кишидан иборат гуруҳ қалбаки пулларни Туркиядан айланма йўллар билан Ўзбекистонга келтирган ва республиканинг турли бозорларида уларни ҳақиқий банкнотларга айлантиришга эришган.

Жиноий гуруҳ 40 минг доллар миқдоридаги сохта пулларни тарқатишга улгурган, яна 41 минг 300 долларни сотишга уринаётганда қўлга олинган. Қайд этилишича, қалбаки доллар савдоси билан шуғулланган йигитларга 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида эса қўлбола “Сoca cola” ичимлигини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган фуқаро қўлга олинган.

Фуқаро Ҳамидулла Сотволдиев уйида яширин цех ташкил этиб, “инсон соғлиғига хавфли” деб топилган ичимлик ишлаб чиқарган. Яширин цехни фош этиш бўйича тезкор тадбир “Coca cola ичимлиги Ўзбекистон” масъулияти чекланган жамияти сўрови билан ўтказилган.

“Петербургдан Наманган ва Қаршига авиарейслар тўхтатилди”

“Россия” авиакомпанияси Санкт-Петербург ва Ўзбекистоннинг Наманган ва Қарши шаҳри ўртасидаги рейсларни бекор қилди.

Бу ҳақда бир неча матбуот нашри хабар беради. 2015-2016 йилга кузги-қишки жавдалга кўра, Россия авиаташувчиси Пулководан Наманган ва Қаршига парвозларни амалга оширмайди.

Рейсларнинг бекор қилиниши Осиё йўналиши бўйича талабнинг қисқаргани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

“Тошкент аэропортида 300 минг доллар ушлаб қолинган”

Жорий йилнинг 8 ойи давомида Тошкент аэропорти божхоначилари 297 минг АҚШ доллари, 26 минг евро, 2,2 миллион сўм рубль ва бошқа нақд хорижий валюталарни ушлаб қолган (“Инсон ва қонун”, 29 сентябрь).

Мазкур ҳолатлар бўйича 220 дан ортиқ иш очилган. Ўзбекистон чегара-божхона постларида четга чиқиб кетаётган шахслар валюта назоратидан ўтказилади.

Амалдаги тартибга кўра, йўловчилар божхона декларациясида чел эл валютаси ва бошқа қимматбаҳо буюмларни кўрсатиши шарт.

Ўзбекистон резидентлари 2000 доллар нақд валютани декларациясида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиш кетиши мумкин. Бундан ортиқ сумма учун Марказий банк ўрнатган тартибга рухсатнома олиш талаб этилади.

“Хонанда Манзура клип ўғирлаганини тан олди”

Ўзбек шоу бизнесида қўшиқлар қолиб, клипларни ҳам ўғирлаш оммалашмоқда (“Даракчи”, 1 октябрь).

Масалан, хонанда Манзуранинг “Ҳаётим” номли қўшиғига ишланган клип аслида рус эстрадаси вакиллари Вера Брежнева ва Дима Билан ижодига мансуб.

Манзуранинг ўзи шоу бизнес нашрига интервьюсида ўғирлик қилганини тан олиб бундай деган: “Тасвирга олиш жараёнларидан аввал декорацияни кўриб, шу ишни бекор қилаяпмиз деб клип режиссёрига айтгандим. “Сиз ташвишланманг, ҳаммаси яхши бўлади” деб мени тинчлантиришди. Ва жуда катта хатога йўл қўйдик”.

“Ўзбекистонда илк хусусий зоопарк очилди”

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги Наматон қишлоғида мамлакатдаги илк хусусий зоопарк иш бошлади.

“Народное слово” газетаси хабарига кўра, зоопарк майдони 2 гектарни ташкил этиб, унда 200 га яқин ўтхўр ва йиртқич жониворлар, 40 турдаги қушлар сақланмоқда.

Зоопарк икки йил давомида қуриб битказилган. Банкдан олинган 300 миллион сўм кредит ҳайвонларнинг бир қисмини сотиб олишга сарфланган.

Хусусий зоопарк кимга тегишли экани очиқланмаган.

“Қизи борнинг... қарзи бор”

Ўзбекистонда чақалоқ дунёга келгач, келин томон вакилларининг куёв томонга сарпо қилиши кимўзар мусобақага айланиб бормоқда (“Жамият”, 1 октябрь).

Тошкентдаги Шайх Зайниддин жомеъ масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли бу одат шариатга ҳам, миллий урфга ҳам тўғри келмаслигини таъкидлаган.

“Бечора келиннинг ота-онаси одамлар олдида уялиб қолмай деб қизига, куёвига, набиралари ва қудаларига сарпонинг зўрини олишга мажбур бўлади. Пули борлар-ку, қилади, аммо қўли калта одамлар не қилсин?.. Бундай “одат”лардан тезроқ воз кечмасак, миллат, халқ ўзлигини, орият, андиша, одобни унутиб юборади. Бу бора-бора бутун бир миллатни инқирозга олиб келади”, деган Одилхон қори Юнусхон ўғли.

Имом-хатиб “юзсиз эр” ва “молпараст қайнона”ларни инсофга чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG