Линклар

АҚШ коллежидаги қуролли ҳужумда 9 киши ҳалок бўлди


Суратлар воқеа жойида олинган. АҚШ, Розебург шаҳри.

Суратлар воқеа жойида олинган. АҚШ, Розебург шаҳри.

Қўшма Штатларнинг Орегон штати Розебург шаҳридаги коллежга қуролли шахс томонидан қилинган ҳужумда 9 киши ҳалок бўлди. Тўртта ўқотар қурол билан қуролланган 26 яшар Крис Харпер Мерсер полиция билан отишма пайти ўлдирилган. Президент Обама коллеждаги воқеани кескин қоралаб, АҚШда қурол савдоси назоратини кескинлаштирга чақирди.

Воқеа 1 октябрь куни Розебург шаҳридаги коллежда эрталабки соат 10:30да содир бўлди. Дастлабки тергов натижаларига кўра, қуролли шахс ўқув биносига бостириб кирган ва аудиториялардан биридаги ўқувчиларни ўққа тутган.

Кейинчалик қуролли шахс коллежнинг бошқа биносига ўтиб, у ерда ҳам қуролли ҳужумни давом эттирган. Иккита бинодаги ҳужумда жами тўққиз киши ўлдирилган, етти одам жароҳатланган.

Полиция маълумотига кўра, қуролли ҳужумни амалга оширган шахс коллеж яқинида яшовчи Крис Харпер Мерсер экани аниқланган. Мерсер полиция билан отишма пайти отиб ўлдирилган.

CNN телеканали Мерсер 4 та ўқотар қурол билан коллежга келганини билдирди. Унинг ёнида 3та пистолет ва милтиқ бўлгани айтилаяпти.

Қотил ўқидан яраланганлардан бири, Мерсер ўқ отишдан олдин кимнинг қандай динда эканини сўрагани ҳақида айтган. Полиция ҳозирча қуролли ҳужумнинг нима сабабдан уюштирилганига доир мотивлар аниқмаслигини таъкидлаяпти.

Мерсер коллежда ўқ отишни бошлагач, бошқа ўқув биноларидаги одамлар эвакуация қилинган. Айримлар аудиторияни ичкаридан қулфлаб, хона ичкарисига бекинган.

Розебург шаҳри аҳолиси 20 минг кишини ташкил қилади.

Шаҳардаги ушбу воқеа Америка ўқув юртларида сўнгги икки ойда содир бўлган тўртинчи қуролли ҳужумдир.

АҚШ Президенти Барак Обама коллеждаги хунрезликни қоралаб, Қурол Миллий ассоциациясини кескин танқид қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG