Линклар

Қирғизистондаги парламент сайлови ҳақида муҳим саволлар ва жавоблар


Сайловолди тарғиботи жараёнида партиялар дастурларини тинглаётган қирғизистонликлар.

Сайловолди тарғиботи жараёнида партиялар дастурларини тинглаётган қирғизистонликлар.

Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан расмий тарғибот бир оз сустлаша бошлади. 4 октябрь куни ўтказиладиган сайловларда мамлакатнинг 5,8 миллион аҳолисининг тахминан ярми иштирок эта олади.

Қирғизистонда бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан расмий тарғибот бир оз сустлаша бошлади. 4 октябрь куни ўтказиладиган сайловларда мамлакатнинг 5,8 миллион аҳолисининг тахминан ярми иштирок эта олади.

“Лола инқилоби” деб аталувчи давлат тўнтариши совет давридан бошлаб ҳукм суриб келган президентни мамлакатни тарк этишга мажбур қилганидан бери Қирғизистоннинг сиёсий ва ижтимоий ландшафтида бир неча марта ғалаён рўй берди. Шундай бўлса-да, Қирғизистон демократия ва эркин матбуотга тирмашиб келаётгани сабаб мамлакат авторитар ҳукуматлар ва сулолавий бошқарув кенг тарқалган ҳудудда ёрқин юлдуз бўлиб қолмоқда.

Озодлик радиосининг “Қишлоқ овози” рукнига ҳисса қўшиб келаётган блоггер Брюс Панниер Қирғизистондаги сайловолди кайфият билан танишиш мақсадида охирги икки ҳафтани мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш билан ўтказди. Журналист сайлов куни пойтахт Бишкекда бўлади.

Ушбу ҳисоботда Панниер мазкур ҳафта охирида бўлиб ўтадиган сайлов бўйича энг муҳим саволларни ўртага ташлайди.

Кимлар иштирок этмоқда?

Бўлиб ўтадиган сайловда мамлакат Жўғўрқу Кенешидаги 120 ўрин учун 14 партия беллашади. Қирғизистон парламент республикаси бўлгани ҳамда бир палатали парламентга эга бўлгани учун яқинлашиб келаётган сайловнинг аҳамияти жуда каттадир.

Яқин кунларда қилган саёҳатларим ҳамда партия тарғиботи материаллари, жумладан, плакатлар, байроқлар, автомобилларга ёпиштирилган афишаларга асосланиб шуни айта оламанки, Қирғизистон социал демократик партияси (СДПК) сайловда яхши натижа кўрсатишини кутиш мумкин. Бунинг сабабларидан бири халқ орасида мазкур партиянинг президент Алмазбек Атамбаев билан боғланишидир. Афтидан, Атамбаев президент бўлганидан кейин Қирғизистон қонунларига мувофиқ СДПК партиясини тарк этгани ушбу қарашнинг кенг тарқалишига тўсқинлик қилмаган.

“Ота макон”, “Республика-Ота юрт”, “Бир бўл”, “Қирғизистон”, “Бутун Қирғизистон-Меҳнат” каби партиялар ҳам яхши натижа кўрсатишини кутиш мумкин. “Ор-Номус” каби партиялар ҳам бир неча ўрин олиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

500-800 минг қирғизистонлик муҳожирнинг жуда оз қисми овоз бериши кутилмоқда. Муҳожир сайловчилар сони овоз бериш ҳуқуқига эга 2,5 миллион киши сонига солиштирганда жуда озчиликни ташкил этади.

Мамлакат биринчи марта бир шахснинг бир неча марта овоз бериши ва бошқа қаллобликлар олдини олиш мақсадида биометрик маълумотлардан фойдаланмоқда. Биометрик маълумотлар хавфсизлиги бўйича хавотирлар сабаб айримлар рўйхатдан ўтмасликка қарор қилди. Бу эса улар овоз бериш жараёнида иштирок эта олмайди, дегани.

Сайловлар демократик бўладими?

Сайловчиларнинг маълумот олиш имконияти, уларнинг сайлов жараёнида иштирок эта олаётгани ҳамда сиёсий партия ва номзодларнинг ўз фикр-мулоҳазаларини сайловчилар орасида тарқата олаётганини эътиборга оладиган бўлсак, сайлов жараёнини демократик деб баҳолаш мумкин.

Аммо сайлов куни овоз бериш жараёни қандай ўтишини, янги биометрик тизим қандай ишлашини ҳамда берилган овозларни санаш жараёни очиқ ва сохталаштириш айбловларисиз ўтишини кўришимиз керак.

Аввалги сайловларда айрим партиялар овозларни санаш пайтида ёки овоз бериш кабиналарида қонунбузарликлар рўй берганини иддао қилган. Бу эса муоммаларга сабаб бўлган эди.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ODIHR) кузатувчилари 2010 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларини “демократик жараённинг янада мустаҳкамланиши”, дея баҳолаган эди. ODIHR бу йилги сайловни ҳам кузатади.

Кампанияларда муҳокама қилинаётган ва сайловчиларни қизиқтираётган энг муҳим мавзулар қайсилар?

Қирғизистонликлардан эшитган муаммоларим асосан мамлакат иқтисоди билан боғлиқ бўлди. Ишсизлик масаласи, жумладан, қирғизистонлик муҳожирлар мавзуси муҳим мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, Қирғизистон фуқароларининг яхшироқ иш топиш учун муҳожир бўлиши мамлакатга иснод келтиради.

Аҳолини хавотирга солаётган яна бир масала нархларнинг тез суратда ошиб бораётганидир. Бунга Қирғизистон таъсир қила олмайдиган омиллар, жумладан, Россия рублининг, Қозоғистон тенгесининг ҳамда Хитой юанининг қадри тушгани сабаб бўлмоқда. Ушбу уч мамлакат Қирғизистоннинг муҳим савдо ҳамкорлари сафига киради.

Бундан ташқари, айримлар "Қирғизистоннинг эски сиёсатчилари ҳаддан ташқари узоқ пайтдан бери ишлаб келяпти ва уларнинг ўрнини ёшроқ авлод эгаллаши керак", деган фикрда.

Қирғизистонда “шимол ва жануб” ўртасида қандай фарқлар бор ва келаётган сайловга улар қандай таъсир кўрсатади?

Бу жуда мураккаб савол. Мамлакатни Тянь-Шань тоғлари иккига бўлиб туради. Умуман олганда, шимолий Қирғизистонда саноат нисбатан ривожланган, жанубий Қирғизистонда эса қишлоқ хўжалиги кенгроқ тарқалган. Мамлакатнинг жанубий қисмида кўпроқ аҳоли яшайди ва бу аҳоли ислом динига кўпроқ берилган.

Кузатувларимдан Қирғизистон жанубида яшовчи аҳоли келаётган сайловга кўпроқ қизиқиш кўрсатаётганини ва янги ҳукуматдан умиди катта эканлигини хулоса қилдим.

Шимолий қирғизистонликлар сайловга нисбатан озроқ қизиқиш кўрсатаётган бўлса-да, афтидан улар сайлов кампанияларини яқиндан кузатиб бормоқдалар. Улар сиёсий партиялардан нималарни кутишлари ҳақида батафсил жавоб беришди. Аммо шимолий қирғизистонликлар янги ҳукумат ҳаётларини яхшилашига ишончизлик билан қарайдилар.

Россиячи? Москва сайловни яқиндан кузатмоқдами?

Албатта кузатмоқда. Россия сайлов натижалари ҳақида хавотир олмаса ҳам бўлаверади, чунки парламент сайловида иштирок этаётган барча партиялар Россияни муҳим ҳамкор деб билади.

Қирғизистон яқинда Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилганини эътиборга оладиган бўлсак, ҳозирги кунда ҳукумат Россия билан муносабатларини ўзгартириши ақлга сиғмайди. Аксар қирғизистонлик бу иттифоқ мамлакатнинг суст иқтисодини ривожлантиришга ҳисса қўшади, деган фикрда.

Бундан ташқари, мамлакатда диний радикализм билан боғлиқ хавотирлар бор. Кўпчилик, агар Қирғизистон шундай хавфга чиндан дуч келадиган бўлса, Россия ҳамкор сифатида мамлакатга ёрдам беради деб ҳисоблайди.

Сайловнинг минтақа учун аҳамияти қандай?

Агар Қирғизистон барчасини уддаласа, эркин ва адолатли сайлов ўтказса, аҳоли натижаларни қабул қилса ҳамда янги ҳукумат берган ваъдалари устидан чиқиш учун ишлаётганини кўрсатса, мамлакат бошқалар учун ўрнак бўлиши мумкин.

Ўрта Осиёдаги бошқа тўрт мамлакат ҳукумати очиқ сайловларга ёки сайловларда аҳоли кўрсатган қўллов натижасида юзага келган самарали бошқарувга асосланган ҳукумат алмашинувини кўришни истамаслиги мумкин, аммо бу мамлакатларнинг аҳолиси Қирғизистонга ўрнак сифатида қарай бошлаши мумкин.

Ўрта осиёликлар исломга турлича ёндашади. Ислом сайловда роль ўйнайдими?

Буни мен кузатмадим. Табиийки, мусулмонлар сайловни муҳокама қилмоқда ва айрим партиялар орасида тақводор ва консерватив исломий қарашларга эга номзодлар борлиги ҳақида хабарлар мажвуд.

Диний уламолар аҳолини сайловда иштирок этишга чақираётганидан хабарим бор, аммо ҳеч ким уларнинг кимга овоз бериш кераклиги ҳақида одамларга маслаҳат бераётгани ҳақида нолимади.

Қирғизистонда бир неча марта тартибсизликлар рўй берган. 2005 йилги “Лола инқилоби”га сайлов пайтида йўл қўйилган қонунбузарликлар сабаб бўлган эди. Бу сафар ҳам беқарорлик хавфи борми?

Менимча, энг катта хавф одамларнинг юқори натижаларни кутаётганидир. Агар ҳукумат берган ваъдаси устидан чиқмаса ёки сайлов бўйича бирор можаро чиқса ва одамлар унинг ростлигига ишонса, ҳозир тарғиботга сарфланаётган барча энергия салбий йўналишларга буриб юборилиши мумкин. Содда қилиб айтганда, бунча иштиёқ ва ҳаракатлардан кейин аҳолининг умидлари пучга чиқса, муаммолар туғилишини кутиш мумкин.

Шундай бўлса-да, Қирғизистон оғир аҳволда эканини унутмаслигимиз керак. Иқтисодий қийинчиликлардан ташқари, электр энергияси ва иситиш билан боғлиқ муаммолар, Тожикистон ҳамда Ўзбекистон билан чегара масаласи, коррупция ҳамда бошқа муоммалар мавжуд. Дунёдаги энг драматик сайлов ҳам мамлакатнинг муаммоларини бир кечада ҳал қилмайди.

Озод Европа/ Озодлик радиоси мухбири Брюс Панниер мақоласини инглиз тилидан Нодир Атаев таржима қилди.

XS
SM
MD
LG