Линклар

Ўзбекистондаги Интернет фойдаланувчилари Skype овоз хизматлари фаолияти тикланганини айтишмоқда. Айрим фойдаланувчилар эса тармоқда ўзгариш сезишмаётгани, Skype орқали қўнғироқлашувларда муаммо ҳамон сақланиб қолаётганини таъкидлашмоқда. Бир кун аввал “Ўзбектелеком” ширкати ҳамкорлар тармоғидаги профилактик ишлар тугаллангани, Skype, Viber каби интернет-мессенжерлари нормал ишлаётганини маълум қилган эди.

"Ўзбектелеком" мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда ҳамкорлар тармоғида профилактика ишлари 2 октябрь куни ниҳоясига етгани ва интернет-мессенжерлардаги муаммо тўлиқ бартараф этилганини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Интернет провайдерлари Skype, Viber, Telegram каби мессенжерлар алоқасида муаммо июль ойидан бери кузатилаётган эди.

Хусусан, Skype тармоғи хизматидан фойдаланувчи ўзбекистонликлар июль ойи охирларидан буён мамлакат ичкарисида бу мессенжердан фойдаланиш қийинлашиб қолганидан шикоят қилишаётганди.

"Ўзбектелеком" ширкатидагилар эса ўшанда тармоқда профилактика ўтказилаётганини айтиб, мазкур мессенжер-овоз хизмати сифати 1 сентябрдан, кейин эса 1 октябрдан яхшиланишини ваъда қилишган эди.

Озодлик боғланган ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари Skype фаолияти яхшиланганини айтишмоқда.

- Кеча гаплашдик, анча ахши. Ҳозир ишлаяпти, - деди ўзбекистонлик фойдаланувчи.

Айримлар эса муаммо ҳозир ҳам мавжудлигини таъкидлашмоқда.

- Skype очилганини эшитиб 65 минг сўм Интернетга тўлаб келдик. Россиядаги қариндошларимиз билан гаплашамиз-да. Лекин, ишламаяпти. Нима бўляпти ўзи, тушунмаяпмиз, - дейди андижонлик Маъруфжон.

Ўзбекистонликлар чет элдаги яқинлари билан гаплашишда, асосан, Skype ва Viber сингари бепул хизматлардан фойдаланиб келишади.

"Ўзбектелеком" эса Ўзбекистондаги барча провайдерларни Интернет алоқаси билан таъминлаб келувчи ягона миллий телекоммуникация операторидир.

Ўзбекистонда Skype каби мессенжерларнинг ишламай қолиши ҳукуматнинг Интернетни жиловлаш йўлидаги навбатдаги уриниши, дея кўрилаётганди.

Озодлик эга бўлган маълумотга кўра, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳизмати WhatsApp, Viber va Telegram каби мессенжерлар трафигини жиловлаш учун ўтган йили Исроилдан махсус жосуслик дастурларини сотиб олган ва МХХнинг тўрт ходими хорижда махсус тренинг ўтаб ҳам қайтган.

Wikileaks веб саҳифаси томонидан чоп этилган ҳужжатлардан аён бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати жосуслик дастурларини сотиб олиш ва МХХнинг тўрт ходимини шу дастур бўйича тренингдан ўтказиш учун ярим миллион доллардан зиёд пул сарфлаган.

Ўзбекистон йиллардан бери Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Интернетни чекловчи мамлакатлар рўйхатида бўлиб келмоқда. Мамлакатда ҳукуматни танқид қилувчи интернет саҳифаларига тўсиқлар қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG