Линклар

logo-print

Сўхликлар ҳам янги сайланадиган қирғиз депутатларидан умидвор


Сўхликлар ва боткенликлар ўртасидаги навбатдаги жанжал пайтида ағдарилган машиналардан бири.

Сўхликлар ва боткенликлар ўртасидаги навбатдаги жанжал пайтида ағдарилган машиналардан бири.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятига қарашли Сўх тумани Қирғизистон ичкарисида жойлашган эксклавдир. Экславда яшовчи 60 минг аҳоли номидан Озодлик радиосига сим қоққан сўхлик Ҳайдарали Акбаров чегарада ҳудудида яшовчи ўзбекистонликлар номидан бўлғуси қирғиз депутатларига ўз “наказ”ларини етказишимизни илтимос қилди. Қирғизистонда парламент сайлови 4 октябрда бўлиб ўтади.

Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтадиган парламент сайловида 14 партия иштирок этмоқда. "Сайловда 14 партиядан нечтаси ғалабага эришади ва бу партиялар парламентдаги нечтадан ўринни эгаллайди?" деган савол бугун ҳар бир қирғизистонликни қизиқтирмоқда.

Бироқ Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам бу сайловларда ғолибликни қўлга киритадиган ва парламентга келадиган дупутатлардан умидвор эканлар.

Озодлик радиосига сим қоққан сўхлик Ҳайдарали Акбаров янги қирғиз депутатларидан нималарни умид қилаётгани ҳақида гапириб берди.

Озодлик: Ҳайдарали ака, сиз “Янги сайланадиган қирғиз депутатларидан бизнинг ҳам умидларимиз бор”, деяпсиз. Қандай умидлар улар?

Ҳайдарали Акабаров: Ҳурматли қирғиз биродарлар, бўлажак парламент депутатлари! Қирғизистонда кечаётган бу сиёсий жараёнга Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида яшовчи аҳоли ҳам катта қизиқиш билидраяпти. Чунки Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги жуда кўп салбий ҳолатлар, воқеаларнинг олдини олишга янги депутатларнинг қунт-иродалари, билимлари етармикин, деган савол чегара ҳудудида яшовчи ҳар бир одамни ўйлантиради.

Озодлик: Ҳайдарали ака, булар қандай муаммолар? Аниқ бир фактлар, конкрет мисоллар билан айта оласизми?

Ҳайдарали Акбаров: Албатта! Энг асосий муаммо шу кунларгача чўзилиб келаётган чегарани аниқлаш жараёнидир. Бу жараённи олиб бораётган ҳукуматлараро партитет комиссия фаолиятини жонлантириш бугунги куннинг энг долзарб муаммоси.

Чегараларнинг ноаниқлиги туфайли юзага келаётган тушунмовчиликлар фуқароларни жуда қийнаб ташлади. Бу муаммолар кундан-кунга мураккаблашиб бораяпти. Биргина Ўзбекистоннинг Сўх тумани аҳолисига Қирғизистон фуқаролари томонидан келтирилаётган моддий ва маънавий зарарлар миқдори кундан-кунга кўпайиб бораяпти.

Масалан, энг сўнгги воқеани айтиб берай. Шу йилнинг 17 сентябрида 5 нафар қирғиз чегарачиси Сўх тумани Шарқобод қишлоғида яшовчи ота-бола Ҳотамали ва Имомиддин Аслоновлар ўз таморқасида етиштирган картошкани Боткен транзит йўли билан Фарғонага олиб кетаётганида тортиб олган.

Қирғиз чегарачилари картошкани ота-бола 200 доллар берса кейин қайтариб беришларини айтган. Имомиддин маҳаллага келиб, бу воқеани Фуқаролар йиғини раисига айтган. Фуқаролар йиғини раиси бу ҳақда телефон орқали Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Сувбоши қишлоқ ҳукумати раҳбари Абдураззоқ Ортиқбоевга маълум қилган. Маҳаллий расмийларнинг аралашуви билангина чегарачилар Ўзбекистон фуқароларидан ноқонуний тортиб олинган картошкани қайтариб берган.

Озодлик: Бу каби мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкиндир, балки. Сўхликларнинг қирғиз чегарасидаги муаммолари ҳақида Озодлик радиоси жуда кўп лавҳаларни эфирга узатган. Бу каби воқеаларнинг ҳар бирини бирма-бир санаб ўтиришга вақтимирз етишмаса керак. Шунинг учун бу каби мисолларни умумлаштирилган тарзда айта оласизми?

Ҳайдарали Акбаров:Тўғри айтасиз, Озодлик радиосида бу масалада жуда кўп чиқишлар бўлди. Масалан, 2015 йилнинг шу кунигача Қирғизистон фуқаролари Қирғизистон транзит йўллари орқали Фарғонага кетаётган 50дан ортиқ автомашиналарни тошбўрон қилиб, катта миқдорда моддий зиён етказишган. Жорий йилнинг 8-9 ойи ичида Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, чегарачилари томонидан таъмагирлик қилингани юзасидан камида 25 ҳолат расман рўйхатга олинган.

Озодлик: Бу муаммо билан таниш одам сифатида,Сўх тумани расмийлари Қирғизистон ҳукумати расмийларига бу борада бир неча маротаба расман мурожаат қилганларидан хабардорман. Демак, расмий мурожаатлардан бирон бир натижа бўлмадими?

Ҳайдарали Акбаров: Ҳеч қандай натижа бўлмади, расмийлар келишувга ҳам келмади. Хаттоки бир қатор байрамларда расмийлар тантаналарга таклиф қилинган қирғиз амалдорларидан дўстона бир тарзда муаммоларни ўзаро ҳал қилишни илтимос қилишганди.Бу ҳам натижа бермади. Хаттоки, Ўзбекистон томонидан чегара қўшинлари қўмондони Қирғизистонга юборган расмий сўровлар ҳам жавобсиз қолдирилган.

Шунинг учун биз сўхликларнинг келишиб айтаётган гапимиз Қирғизистондаги бўлажак депутатларга қаратилган. Агар сиз бу муаммоларни ҳал қилиб берсангиз, Қирғизистонга қўшни давлатда яшаётган фуқароларнинг боши осмонга етарди. Муаммолар кундан –кунга кўпайиб бормоқда. Буларни ҳал қиладиган вақт ҳам етиб келди.

Озодлик маълумотномаси: Ўзбекистоннинг Сўх экславидаги Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Бирлик қишлоғи ўртасида икки йил аввал бошланган сув жанжали шу кунларда тобора кучайиб бормоқда. Сўхликларнинг билдиришича, яқинда бу масалани ҳал қилиш юзасидан ўтказилган Ўзбекистоннинг Сўх ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани раҳбарлари учрашуви ҳам натижасиз якунланган.

Сув ва чегаранинг аниқланмаган ҳудудлари муаммоси 2013 йилнинг 5 январида бошланиб 7 январида якунланган Сўх жанжалига сабаб бўлагн эди. Қирғиз чегарачиларини ўқ узишга мажбур қилган Сўх жанжали пайтида қирғизистонлик 30 фуқаро ўзбекистонликлар томонидан,ўзбекистонлик 6 аёл эса қирғизистолнликлар томонидан гаровга олинган. Жанжалга барҳам берилган 2013 йилнинг 7 январидан сўнг Ўзбекистон Қирғизистонга келтирилган моддий зиён учун 56 минг доллар товон пули тўлаган эди.

Ўзбекистоннинг Сўх эксклавида 60 минг аҳоли яшаши айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG