Линклар

“Бир ойлик расмий одам алдаш мавсуми ниҳоясига етди”

  • Шерзод

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Рахматуллаев "бир ойлик расмий одам алдаш мавсуми ниҳоясига етди ва беш йиллик "аттанг" мавсуми бошланди", деб ҳисоблайди.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулла Рахматуллаев "бир ойлик расмий одам алдаш мавсуми ниҳоясига етди ва беш йиллик "аттанг" мавсуми бошланди", деб ҳисоблайди.

Қирғизистонда бугун жимлик куни. Эртага 4 октябрь куни мамлакатда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Шу сабабли бугундан бошлаб ташвиқот ишлари тўхтатилган. Ўш шаҳри мамлакатдаги ўзбеклар энг кўп истиқомат қилувчи ҳудуд бўлиб ҳисобланади. Шу сабабли ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатилло Рахматуллаев билан эртанги сайлов тўғрисида суҳбатлашдик.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Рахматуллаевга қўнғироқ қилиб, у билан эртанги сайлов ва унга ўзбеклар муносабати ҳақида гаплашмоқчилигимизни айтганимда, у ўз сўзини қуйдагича бошлади:

- Мен бугунги кунни “Бир ойлик расмий одам алдаш мавсуми ниҳоясига етди, эртага навбатдаги “аттанг”, деган беш йиллик бошланади”, деган бўлардим. Сабаби, мана шу бир ойлик сайлов тарғиботи жараёнида ҳар бир партия қўлидан келган, келмаган ваъдаларни бериб, одамлар кўнглида умидлар уйғотиб қўйди. Гапни очиғи, берилган бу ваъадалар бажарилишига ақлим етмайди. Эртага сайлов бўлиб ўтса, индинга бизда коммунизим бўлади ё ҳуррият бўлади, деб айтолмайман, - дейди ҳуқуқ фаоли.

Иззатилло акадан сайловчилар, жумладан, ўзбекларнинг сайловолди кайфияти тўғрисида ҳам сўрадик:

- Ўзбеклар ўз менталитети, турмуш тарзи билан қирғизлардан умуман фарқ қилмайди. Фақатгина ўзбек тилини сақлаб қолган. Айниқса, ўшлик ўзбекларни ўзбекистонлик ўзбеклар билан солиштириш қийин. Сабаби, турмуш шароити, юриш-туриши, сўзга чечан, бетга чопарлиги билан қирғизлардан ҳеч қанақа фарқи йўқ. Фақат ўзбек тилида гапиради холос. Шунинг учун ўзбек сайловчилари ҳам қирғиз биродарларимиз каби овоз беради, деб ўйлайман. Ташвиқот пайтида кўрдик, бир қанча ултрамиллатчи оммавий ахборот воситалари ўзбеклар билан қирғизлар ўртасига низо солишга ҳаракат қилди. Гўёки “Салимбойвачча ўзбекларга фалончига овоз беринг”, деб кўрсатма берибди ёки “фалон партияни Ислом Каримов қўллаяпти экан”, деган каби провакацион мақолалар пайдо бўлди. Бироқ ўзбек халқимиз ортиқча сиёсийлашган эмас. Булар ўзлари учун бир ойнинг ичида партияларни танлаб олган. Четдан ўзбекларга таъсир этувчи куч йўқ, - дейди Иззатилло Рахматуллаев.

Суҳбатдошимиз бу йилги сайловолди жараёни аввалги сайловолди жараёнларидан жиддий фарқ қилади, деб ҳисоблайди:

- Бу йилги сайлов аввалги сайловлардан албатта фарқ қилади. Жамиятни сайловга бўлган муносабати ҳам ўзгарди. Аввал конкрет номзод учун овоз берилган бўлса, энди партия учун овоз берилади. Шунинг учун кўпроқ партияларнинг дастурлари билан танишиб, танлаш имконияти яратилди. Бундан ташқари, аввалги сайловларда одамларни қўрқитиб овоз олиш ҳолатлари бўлган. Бу сафар бундай бўлмайди, деб ўйлайман. Агитация мавсумида ҳам бундай кўринишлар бўлмади, - дейди Ўшлик ҳуқуқ фаоли Изатилло Рахматуллаев.

Айтиш жоизки, Қирғизистонда 4 октябрь куни ўтказиладиган сайловларда мамлакатнинг 5,8 миллион аҳолисининг тахминан ярми иштирок эта олади. Сайловда мамлакат Жўғўрқу Кенешидаги 120 ўрин учун 14 партия беллашади. Қирғизистон парламент республикаси ҳисобланади ҳамда бир палатали парламентга эга.

Қирғизистонда ўзбеклар асосан мамлакат жанубий вилоятлари - Ўш, Жалолободда истиқомат қилади ва расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 800 минг ўзбек истиқомат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG