Линклар

Ўзбекистонда МТС ёпилгач, унинг 10 миллионга яқин мижозини “бўлишиб” олган Ucell билан Beeline ҳамда МТС ўрнига очилган UMS устидан шикоятлар тўхтамаяпти. Мижозлар ҳам мобил алоқа хизмати сифатсизлигидан ва мобил Интернет хизматининг секинлигидан норози бўлмоқда.

Озодликка Наманган вилоятининг Косонсой туманидан боғланган йигит Ucell хизматларидан умуман қониқмаслигини айтади:

- Россияда бир йил ишлаб келдим яқинда. Россияда Мегафон сим картасини ишлатардим. 5 рубль Интернет учун ойига тўлардим, 30 гегабайт, тезлик зўр, менга бир ойга етади. Бу ерда ундан ҳам қиммат экан. 10 мегабайт беради, у етмаяпти. Сифатидан қониқмаяпман. Хўп, майли, қиммат бўлса, пул топармиз. Лекин сифати яхши бўлсинда. Алоқа расво. Бугун мобил компаниясига 26 марта қилиб, зўрға тушдим. Россия билан солиштирганда ер билан осмонча фарқи бор. Иккаласи денгиз билан томчидай гап. Битта қўшиқни скачать қила олмадим. У ёқда бемалол киноларни кўриб олардим. 500 мегабайт, 1 гегабайтлик киноларни ҳам 15-20 минутда скачать қилиб олардим, дейди косонсойлик йигит.

Косонсойлик йигит билан суҳбатни тўлиқ равишда қуйида тинглайсиз:

Ўзини UCell ширкати менежерларидан бири, дея таништирган шахс Озодликка мурожаат қилиб, Ўзбекистонда мобил алоқа сифати тушиб кетганининг асосий сабаби мамлакат бўйлаб электр таъминотидаги узилишлар эканини гапирганди.

Унинг айтишича, UCell ва мамлакатдаги бошқа мобил операторлари бу вазиятда алоқа сифатини яхшилай олиши имконсиздир.

Шу кунларда Ўзбекистондаги Ucell мобил оператори офислари мижозлари тарафидан ишғол қилинмоқда. Мобил абонентларнинг Озодликка айтишларича, ширкат ўз мижозларидан эски паспортга расмийлаштирилган телефон рақамларини қайта рўйхатдан ўтказишни талаб қилмоқда. Яқин кунлар ичида янги биометрик паспортга расмийлаштирилмаган телефон рақамлари ўчириб қўйилишидан огоҳлантирилмоқда, дейди Ucell абонентларидан бири.

Яқинда Ucell мобил оперторининг эгаси Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникция бозорини тарк этиш ниятида эканини эълон қилди.

TeliaSonera бош директори Йохан Деннелинд ширкатнинг Ўзбекистонда 8 йиллик фаолиятини якунлаш қарорига бу мамлакатдаги бизнеси билан боғлиқ коррупция жанжали, қолаверса, конвертация муаммолари боис ширкат топган фойдасини мамлакатдан олиб чиқа олмаётгани ҳисса қўшганини эътироф этди.

TeliaSonera Ўзбекистонда бизнес қила олиш имкони эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага 320 миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани гумони билан бир неча давлат томонидан тергов қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG