Линклар

logo-print

Ўшлик ўзбеклар сайлов участкаларида нималар билан қаршилашди?


Ўшдаги сайлов участкаларидан бири.

Ўшдаги сайлов участкаларидан бири.

4 октябрь куни Қирғизистонда бўлиб ўтаётган парламент сайловларида қирғизистонлик ўзбеклар ҳам фаол иштирок этмоқда. Озодлик мухбири ўзбек миллатига мансуб бир неча сайловчи билан телефон орқали боғланиб, уларнинг сайловда иштирок этган-этмагани билан қизиқди.

Ўшлик Зокиржон Шокиров сайловга борган ўшлик ўзбеклардан бири. У сайловга бориш олдидан номзод партияларнинг сайловолди дастурлари билан яхшилаб танишиб чиққанини айтади:

– Дастурлари билан танишганман, жуда ёққан. Фақат ҳозир айтишнинг иложи йўқ. Мен кўпроқ Қирғизистонда тинчлик бўлишини хоҳлаб овоз бердим. Энг асосийси, тинчлик бўлиши керак, тинчлик бўлса, ҳамма ишимиз яхши бўлади, - дейди Зокиржон Шокиров.

“Ҳаммасига қаршиман”

Ўшликлардан яна бири Ҳусанбой ака суҳбатимиз бўлиб ўтган соат 15 ларда ҳам овоз бериш учун сайлов участкасига бормаган экан.

– Мен сайловга кечроқ борсамми, деб ўйланяпман.

Озодлик: Сайловга борсангиз, бирон-бир партияга овоз берасизми?

- Шахсан мен барчасига қарши овоз бермоқчиман. Чунки партияларнинг биронтасида менга ёққан дастур ёки менга ёққан одамлар йўқ, - дейди Ҳусанбой ака.

Яна бир суҳбатдошимиз ўшлик Қобилжон ака овоз бериш мақсадида участкага боргани, бироқ сайловчилар рўйхатидан ўз исмини топа олмаганини айтади:

- Очиғини айтаверай, компьютердан номим чиқмади. Текширтирсам, сизнинг қайдингиз Қорасувда экан, дейишди. Кейин ҳеч кимга овоз бермай келавердим,- дейди Қобилжон ака.

Раҳмат ўрнига ҳақорат

Навбатдаги суҳбатдошимиз Муқаддас опа сайлов участкасига борган пайтида ўзбек бўлгани учун ҳақорат эшитганидан шикоят қилди:

– Биз ҳаммаси яхши бўлишини, тинчлик бўлишини, иттифоқчилик бўлишини хоҳлаймиз. Биринчи навбатда, тинчлик бўлса, кейин ҳаммаси бўлади. Биз миллатчилик қилишни хоҳламаймиз. Биз ундайларни бориб кўриб келдик. Баъзи жойларда: “Ўзбекларни портлатиш керак, у қилиш керак, бу қилиш керак”, деб анча гапларни эшитиб келдик. “Яхши партия сайлансин, ҳаммаси тозалансин”, деб яхши ниятларда борган эдик.

Озодлик: “Ўзбекларни портлатиш керак” деган гап бугун бўлдими?

- Бўлди, ука. Бизни биометрическийимиз бошқа ердан чиқиб қолди. Ўша ерга борган эдик. Бизга участкамизда: “Қаердан чиқса, ўша ерда сайлайсизлар” деган эди-да. Кейин у ерга борган эдик, ўша ерда шундай гап-сўзлар бўлди. Телефонга мажбуран суратларимизни олишди. Паспортларимиз суратини олишди. Ўша ерда юрган одамлар олди. “Кимсан?” десак, кимлигини айтишмади. Ҳужжатини кўрсатишмади.

Озодлик: Бу борада кейин бирон жойга арзландингларми?

- Йўқ. Эсон-омон уйимизга, бола-чақамизнинг олдига етиб олайлик, дедик,- дейди Муқаддас опа.

Ўшлик Хайрулло аканинг айтишича, Муқаддас опа тилга олган ҳол оддий тушунмовчиликдан келиб чиққан ёки бу ҳақоратли сўзни айтган одам маст-аласт бўлиши мумкин. Хайрулло акага кўра, буларнинг барчаси сайловчилар участкалардаги рўйхатдан чиқмагани сабабли бўляпти.

- Жуда ҳам каша бўлаяпти. Черемушка (Ўш шаҳридаги мавзелардан бири – таҳр.) аҳли биометрикадан Черемушка мавзеидан ўтган. Бироқ бу одамлар рўйхати Боткендан, Олойдан, Янгиариқдан чиқаяпти. Одам ҳайрон. Масалан, менинг уйимда олти одам бор эди. Уч нафаримиз Черемушкада овоз берамиз экан, уч кишини бўлиб қўйишибди, бири Янгиариқда, бири Боткенда, яна бири Олойда, -дейди Хайрилло ака.

Овозлар неча пулдан?..

Қирғизистондаги парламент сайловида Жўғўрқу Кенешдаги 120 ўрин учун 14 партия кураш олиб бормоқда. Қирғизистон президент ва парламент бошқарувидаги мамлакат бўлгани учун бу ўлкада парламент депутатлари катта ваколатларга эга. Шунинг учун ҳам Қирғизистонда депутат бўлишга қизиққан сиёсатчилар кўп.

Хайрулло акага кўра, бу галги сайлов олдидан партиялар орасида сайловчилар овози учун кураш жуда қизиган. Бунинг учун партиялар турли усулларни қўлламоқдалар.

- Ҳамма партиянинг ставкаси бир хил бўлиб қолди. Сайловчига изберательнийдаги номер айтилади. У кириб, ўшани сайлаб чиқади ва 500 сўм (7 АҚШ долларидан сал кўпроқ – таҳр.) олади. Ҳозирча ставка беш юз бўляпти. Агитаторлар одамларни йиғаяпти. Улар кириб чиққач, қўлига нақд беряпти.

Озодлик: Сиз ҳам олдингизми?

- Мен пока ўтмадим. Мен: “Сайловга боринглар, кимни сайласанглар ҳам сайлайверинглар, фақат сайловга боринглар” деб, одамларни сайловга чақиряпман, - дейди Хайрулло ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG