Линклар

Поезд тагида қолган Хонзода ўлимида айбланган йигитнинг онаси адолат изламоқда


Ўзини поезд тагига ташлаб ўлдирган 15 яшар Хонзода Раҳматуллаева

Ўзини поезд тагига ташлаб ўлдирган 15 яшар Хонзода Раҳматуллаева

Тошкент вилояти Янгийўл туманида ўзини поезд тагига ташлаб ўлган икки дугонадан бирини зўрлашда айбланган янгийўллик 17 яшар йигитнинг онаси ўғли ноҳақ айбланганини иддао қилиб, Озодликка боғланди. 43 яшар Малоҳат Ҳидированинг даъво қилишича, аслида жиноятни қилган йигит пулдор бир корчалоннинг ўғли бўлгани боис вояга етмаган ўғлини айбдор қилишга уринмоқда.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилишини айтган Малоҳат Ҳидирова шу йилнинг 12 августида қўлга олинган 17 яшар ўғли Шоҳжаҳон Анваров устидан тергов якунига етгани ва 5 октябрь куни Янгийўл туман Жиноят ишлари судида ўғли устидан маҳкама бошланиши белгиланганини айтди.

- Бугун суд бўлади, деб айтишган. Лекин соатини айтишмаган, ҳозир суднинг олдида кутаяпмиз. Ўғлимни ёш болалигидан фойдаланиб, бу ишни қилган катта йигитлар ҳамма айбни унга тўнкаб қўйишди. Бизнинг биринчи адвокатимиз ҳам у болаларнинг қариндоши экан, билмабмиз. Бизни бошидан алдади. Унга алданиб, ҳамма айбни болам бўйнига олиб қўйди. Аслида болам бегуноҳ, ёрдам беринглар! - деб иддао қилди Малоҳат Ҳидирова.

Бу мурожаат янгийўллик 15 яшар ўқувчи қизнинг фожеали ўлимига оид Озодликка тушган учинчи мурожаатдир.

Янгийўлдаги 23-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Хонзода Раҳматуллаева дугонаси билан жорий йилнинг 1 май куни бир-бирини қучоқлаган ҳолда ўзларини поезд тагига ташлаб, нобуд бўлгани ҳақида Озодлик шу йилнинг май ойида хабар қилган. Аввалига бу икки қизни 5 йигит биргаликда зўрлагани, номусига чидолмаган қизлар жонига қасд қилгани айтилган эди.

5 август куни Озодликка боғланган 37 яшар Нодира Нишонбева ҳалок бўлган қизлардан бири - Хонзода Раҳматуллаеванинг онаси экани, қизи зўрлангани боис ўз жонига қасд қилганини иддао қилган эди. 15 яшар Хонзода билан бирга жонига қасд қилган иккинчи ўқувчи қизга оид маълумотлар Озодликка ноаниқлигича қолмоқда.

Аммо, Малоҳат Ҳидирова ҳамда унинг 17 яшар ўғлини ҳимоя қилаётган адвокат 5 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Хонзода Раҳматуллаева ўтган йилнинг сентябрь ойида ёлғиз ўзи 24 яшар янгийўллик бир йигит томонидан зўрланганини иддао қилмоқда.

- Ўғлимга ҳозир 118, 119, 103-моддалар билан изнасилование қилган, деган ёмон айбловларни қўйиб ташлашди. Лекин бу ишни ўғлим қилмаган. Лекин машинада олиб юрган, машина жинниси ўғлим. Уларнинг машинасида бўлган, у ерда яна битта У. деган бола бўлган. Наша чектиришган ўғлимга ҳам. Наша чектириб, у Ж. қизни олиб кириб кетган. Кейин нима бўлди экан, деб ўғлим кирса, Хонзода йиғлаб ўтирган экан. Кейин ўғлим билан ташқарида қолган йигит иккови қизни бизнинг уйга олиб келишди. “Уйингга олиб бораман ота-онангга. Кечаси нима қилиб юрибсан бу болалар билан?” деганимда, “Додамга айтманг. Уриб ўлдириб қўяди додам. Ўзим айтаман” деди. Яна бир-икки марта у қиз билан учрашганимда: “Додангга айтаман” десам: “Ўламан Саттор айтманг, мен ўзим айтаман. Майли, мен ëзиб бераман, мени Ж. бузди”, деб тилхат ёзиб берган эди менга, - деб даъво қилди Малоҳат Ҳидирова.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси 3-қисми "а" бандида: "Номусга тегиш шахснинг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда содир этилса, ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади" дейилган.

119-модданинг 3-қисми "а" бандида: "Зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жабрланувчининг ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда содир этилса, ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади", дейилган.

103-модданинг 3-қисмида эса: "Моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлмаган шахсга раҳмсиз муомала қилиш ёки унинг шаъни ва қадр-қимматини муттасил равишда камситиш натижасида уни ўзини ўзи ўлдириш ёки ўзини ўзи ўлдиришига суиқасд қилиш даражасига етказиш, моддий томондан ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади", дейилган.

Адвокатнинг даъвосича, аслида бу қадар оғир жиноятларни содир этган йигит муқаддам республика ИИВда ишлаган корчалонлардан бирининг қариндоши ва қасддан содир этган жиноятини ижтимоий ночор оиланинг вояга етмаган боласига тўнкашга уринмоқда, воқеанинг гувоҳи бўлган учинчи йигит ҳам корчалон ўғлининг тарафини олмоқда. (Озодликка бу йигитларнинг исм-фамилияси маълум, аммо айбсизлик презумпцияси асосида ошкор этилмади.)

Шу йилнинг 12 августидан буён ҳибсда қолаётган 17 яшар Шоҳжаҳон, онасининг иддаосича, Тоштурмада сақланган кезда жисмоний қийноққа солинган, аммо буни тасдиқловчи далиллар йўқ. Эслатиш жоиз, айбланувчининг онаси ва адвокат илгари сурган иддаоларни тасдиқловчи ёки инкор қилувчи ҳужжатлар Озодлик ихтиёрида мавжуд эмас.

Малоҳат Ҳидирова ва унинг ўғлини ҳимоя қилаётган адвокат айблов ҳамда 2014 йилнинг сентябрида содир этилган жиноят бўйича кўплаб иддаоли тафсилотларни тилга олди, аммо Озодлик судлов якунига етмагани боис тафсилотларга тўхталмасликни маъқул кўрди.​

Муҳими, 15 ёшли ўқувчи қиз, иддаоларга кўра, жинсий тажовузга учраганидан 8 ой ўтиб жонига қасд қилган. Оила, мактаб, маҳалла бунча муддат жиноятдан бехабар қолган ёки билганлар ҳам кўз юмгани оқибатида ёш қиз нобуд бўлгани даъво қилинмоқда.

ИИВ ва прокуратура ходимлари эса, адвокатнинг даъвосича, "вояга етмаган боланинг жиноятга иқрорини ота-онасининг иштирокисиз олган", қонунга зид равишда "вояга етмаган болани 9 ярим соатлаб тергов қилган", "ҳибсда болага руҳий ва жисмоний қийноқлар қўллаган".

Айни пайтда Малоҳат Ҳидирова бу иш юзасидан Ўзбекистон "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамиятига ҳам расман мурожаат қилгани ва адолат излаб, Ўзбекистондаги бир қатор суд, ИИВ, Прокуратура инстанцияларига ариза йўллаганини айтмоқда.

Озодлик бу иш юзасидан тафсилотларни кузатишда давом этади ва номи тилга олинган ташкилотлар жавобларини ҳам чоп этиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG