Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:53

Москвада ҳаждан қайтган россиялик мусулмонлар ушланди


Ҳаж сафаридан Россияга қайтган бир гуруҳ мусулмон Москвада ҳибсга олинди. Останкино полиция бўлимига олиб келинган муҳожирларнинг аксари Россия фуқароси бўлишига қарамай, бир неча соатлик текширувдан сўнг қўйиб юборилди. Полициянинг бундай таҳқиромуз ҳаракатига бирор изоҳ берилмагани маҳаллий мусулмонлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

2 октябр куни Россия пойтахтининг Останкино туманидаги ибодатхонадан жума намозини ўқиб чиққан бир гуруҳ мусулмонни кўчада қуролланган ОМОН ва полиция ходимлари кутиб олди.

Воқеа тафсилотларини Озодликка сўзлаб берган Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов ушланган диндорларнинг аксари ҳаж амалиётидан қайтаётган камчаткалик мусулмонлар эди, дейди.

- Останкинодаги доимий фаолият юритиб келган ибодатхомиздан чиққанимизда ҳамма томондан омончилар ўраб олганини кўрдик. Улар ҳар бир чиқаётганнинг паспортини текшира бошлади. Паспорти йўқларни дарҳол иккита темир панжарали автозак-автобусга юклаб юборишди. Қизиғи, паспорти бўлганларни жойида қўйиб юборишди, ҳайдовчилик гувоҳномаси, нафақа картаси ёки давлат томонидан берилган шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатларга қарашни ҳам истамади! Паспорти йўқ россиялик диндорлар билан бирга барча хорижликлар ҳам автозакларга чиқарилди. Булар қаторида мигрантлар ва Ҳаждан кеча қайтиб келган ҳамда Камчаткага кетаётган биродарларимиз ҳам бор эди, - дейди Нафиғулла Аширов.

Мусулмонларнинг бундай ноқонуний текширув сабабларини тушунтириш талабига офицерлардан бири “муқаддам ҳужжати йўқ шахслар содир этган жиноятларга алоқадорлиги текширилиши”ни билдирган.

Узоқ Шарққа учиб кетишдан олдин, Маккадан Москвага учиб келган ҳожилар шаҳардаги таниш-билишлари ва яқинларига совға-салом улашиш, олган таасуротлар билан ўртоқлашиш мақсадида Останкинодаги ибодатхонага келганини айтмоқда.

Муфтий Аширов ибодатхонадан чиқаётган мусулмонларнинг ушланишини уларнинг маҳаллий аҳолидан фарқланувчи ташқи кўриниши билан боғлиқ, деб изоҳлайди:

- Ҳаждан келган мусофирлар ташқи кўриниши ёқмагандир, биласизку уларга “специфик миллат вакиллари” сифатида қаралади. Соқолли, бошида дўппи, оқ кийимларда... Уларни ҳам автобусга тиқишди, ваҳоланки улар паспортларни, кеча ҳаж сафаридан қайтганликлари тўғрисида чипталарни кўрсатишди. Нима, улар галстук тақиб юриши керакми?! Кейин биз мажбур бўлдик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига мурожаат қилишга – 4 соатлардан кейин уларни қўйиб юборишди. Аммо, ҳукумат вакилларининг ўз фуқароларига бўлган бундай муносабат ҳожиларга, бошқа диндорларга жуда ёмон таъсир қилди, улар қаттиқ стресс ҳолатига тушди. Энг ёмони, бу биринчи маротаба эмас – масжидлардаги бундай облавалар доимий бўлиб қолди. Оддий мусулмон эканими уларнинг айби?! - деди муфтий Нафиғулла Аширов.

Муфтий жаноблари жорий йилги ҳаж сафари давомида оммавий ҳалокатлар содир бўлгани кўплаб мусулмонларга оғир ботгани, шунга қарамасдан Россияга эсон-омон қайтган мусулмонлар жиноятчилар каби полиция текширувидан ўтказилаётганини кескин қоралаб чиқди.

Маълумки, ўтган ойда Маккадаги Ал-Ҳарам масжидида қурилиш крани ағдарилиши оқибатида юздан зиёд одам ҳалок бўлди, яраланганлар сони 230дан ошди. Шунингдек, 24 сентябрь куни Минода шайтонга тош отиш маросимида юзага келган тиқилинчда 717 зиёратчи оламдан кўз юмди, мингдан зиёд одам жароҳатланди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси ва Останкино полиция бўлинмаси расмийлари ҳозирча ўз ҳаракатига бирор изоҳ бергани йўқ. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу идораларга қилган расмий мурожаатлари ҳам жавобсиз қолмоқда. Боз устига, Останкино туман Ички ишлар бўлимида “бундай одамлар бўлинмага олиб келинмаган” деб хабар қилинди.

Сўнгги йилларда Россияда мусулмонлар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани, Россия масжидларига келаётган диндорларнинг асосий қисмини ташкил этувчи марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига нисбатан “облавалар” ва “рейдлар” тўғрисида Озодлик олдин ҳам хабар бериб келган.

Москвадаги "Хельсинки" гуруҳи олиб борган тадқиқотлар натижасида Россияда, айнан, Ислом тарафдорларига бўлган босимнинг кучайиб бораётгани қайд этилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари “экстремизм, ҳизбчилик, ваҳҳобийлик, нурчилик ва террорчиликка қарши кураш” шиорлари остида олиб борилаётган кампания доирасида исталган мусулмон махсус идоралар назоратига тушиб қолаётганидан хавотир билдирмоқда.

XS
SM
MD
LG