Линклар

logo-print

"Исломий давлат"га қўшилган тожик аёли уни худкуш сифатида ишлатишларидан хавотирда


Маржона ўтган ой бошларида уч фарзандини ташлаб, Сурига кетиб колган

Маржона ўтган ой бошларида уч фарзандини ташлаб, Сурига кетиб колган

Сентябрь ойи бошларида “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қўшилиш мақсадида Сурияга кетиб қолган тожикистонлик жувон Тожикистон ҳукумати уни қайтариб олиб кетмаса, жангарилар худкуш бомбачи сифатида ишлатиши мумкинлигини айтмоқда.

27 ёшли Маржона Оллоназарова ўтган ой кутилмаганда “Исломий давлат”га қўшилишга қарор қилгани ва Сурияга кетиб қолгани сабаблари ноаниқ қолмоқда.

Лекин ҳозир у пушаймон еб, ортга қайтиш истагида.

Бундан бир йил аввал, 2014 йил сентябрида асли Тожикистоннинг Хатлон вилояти Шаҳритуз шаҳарчасидан бўлган Маржона уч нафар ёш фарзандини олиб, Москвага йўл олади. Унинг турмуш ўртоғи Фаррух Тожикистонда қолади.

Озодликнинг тожик хизмати билан гаплашган Фаррухнинг айтишича, Маржона Москвага ишлагани кетишга аҳд қилади ва эрининг қаршлигига қарамасадан оёғини тираб олади. Шаҳритузда заргарлик дўкони бўлган Фаррух оиласини рисоладагидек пул таъминлаб келганини айтади.

Лекин Маржона Оллоназарова қўярда-қўймай Россия пойтахтига кетиб қолади ва у ердаги холаси билан яшай бошлайди. Москвада тикув цехига ишга жойлашади.

Бир йил давомида Маржона Москвада қандай ҳаёт кечирганига доир тафслотлар йўқ.

Лекин шу йилнинг сентябрь ойи бошларида Оллоназарова кутилмаганда уч фарзандини холасига ташлаб, Сурияга кетиб қолади. Сурияга кетиш қарори ҳақида эрига ҳеч нарса демайди.

Сурияга етиб боргач, Маржона “Исломий давлат” гуруҳига қўшилади. Лекин орадан кўп ўтмай бу қилмишидан пушаймонга тушади.

Сурияга етиб борганидан икки ҳафтача ўтиб, 15 сентябрь куни Маржона Одноклассники тармоғи орқали эри билан алоқага чиқади ва уни Тожикистонга олиб кетишни сўрайди.

Эри Фаррухдан уни қутқаришни ўтиниб сўраган Маржона, акс ҳолда Сурияда қоладиган бўлса, жангарилар уни худкуш сифатида ишлатиш ниятида эканини айтади.

Маржона Оллоназарова ўзи билан бирга Сурияда бўлган ёш аёл худкуш ҳужуми оқибатида ўлдирилганини ва энди унинг навбати келганини эрига гапириб беради.

Уч фарзанднинг онаси яхшигина маош тўланиши ваъдалари билан Суриияга олиб кетилганини ҳам гапириб беради.

Фаррухнинг Озодлик тожик хизматига айтишича, хотини “Исломий давлат” гуруҳига алдов йўллари билан қўшилиб қолган.

Унинг яна айтишича, Тожикистон расмийлари унинг 7, 5 ва 2 ёшли фарзандларини Шаҳритузга олиб келишган, лекин хотини Маржонанинг ўзини Суриядан қайтариш тўғрисида бир нарса ваъда қила олмасликларини айтган.

Шаҳритуз прокуратураси Маржона Оллоназарованинг қариндошларини сўроқ қилиб, бу иш бўйича маълумот ва ҳужжатларни тўплашган, лекин Озодликка тафсилотларни ошкор қилишмади.

“Исломий давлат”нинг худкуш аёллари?


“Исломий давлат” худкуш ҳужумларида 8 яшар ўғил болаларни ишга солган, лекин қароргоҳи Британияда жойлашган террорчиликка қарши кураш масалалари бўйича Quilliam тадқиқот маркази таҳлилчиси Чарли Уинтернинг Озодликка айтишича, “Исломий давлат” аёлларни худкуш ҳужумлари учун ишлатганига ишора қилувчи далиллар шу пайтгача кузатилмаган.

“Аёллар ўзини ҳимоя қилиш усуллари ва худкуш камарини ясашни ўрганишга рағбатлантирилади. Бу ерда, агар кимдир уйингга бостириб кирса, ўзингни портлатиб юборишинг мумкин, деган маъни бор”, дейди Уинтер.

Лекин аёллардан ҳужум амалиётларида фойдаланишмайди. “Исломий давлат” гуруҳини ёқлайдиган аёлларга оид медиа ташкилот тарқатган қўлланмаларда аёл кишининг ҳужум амалиётига жўнатилишини фақатгина гуруҳ етакчиси маъқуллаши лозим бўлади.

Шу сабабдан, “Исломий давлат” экстремист гуруҳининг шу пайтгача тутиб келган усулларидан келиб чиқиб, Маржона Оллоназарованинг худкуш бомабчига айланиши эҳтимолдан йироқ экани айтилмоқда.

Лекин Маржонанинг иддаолари тасдиқланадиган бўлса, бу экстремист гуруҳ ўз тактикасини жиддий тарзда ўзгратираётганини англатади.

Бундан аввал “Исломий давлат” учун худкуш ҳужумларини амалга оширишга тайёрлигини билдирган аёллар тўғрисида хабарлар пайдо бўлган. Шу йилнинг июль ойида “Исломий давлат”га қўшилиш мақсадида Сурияга кетишга уринган пайтда Москвада қўлга олинган қирғизистонлик 25 ёшли аёл Озодлик билан суҳбатда жанг майдонида “ўзини партлатмоқчи” бўлганини гапириб берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG