Линклар

Корея матбуотида маҳаллий фермерни қийнаб ўлдириб, далага кўмган ва банкдаги пулини ўмариб қочишда гумон қилинган икки ўзбекистонлик қидирилаётгани хабар қилинмоқда. MBC ва бошқа йирик корейс телеканалларида берилган хабарларга кўра, жиноятчилар марҳумнинг 28 минг АҚШ долларига яқин пулини ўмариб, қочишга муваффақ бўлган. Кореядаги ўзбеклар жиноятчиларнинг Ўзбекистонга қочганини айтмоқда.

Матбуотда берилган хабарларга кўра, Ўзбекистоннинг икки фуқароси 25 сентябрь куни тушдан кейин Сеул яқинидаги Кёнгидо вилоятида қўзиқорин етиштирадиган 54 яшар фермерни пичоқлаб ўлдириш ва унга қарашли далага кўмиб, қочишда гумон қилинмоқда.

MBC телеканалида берилган репортажда айтилишича, "фермернинг қўлида ноқонуний равишда ишлаган икки ишчи қотилликдан сўнг марҳумнинг 33 миллион вон (тахминан 28 ярим минг АҚШ доллари) миқдоридаги пулини ўғирлаган".

Хабарларда эса қотилликни содир этган шахсларнинг велосипедда вилоят марказида юргани ҳамда банкоматдан пул ечиб олаётгани акс этган хавфсизлик камералари ёзувларидан парчалар ҳам намойиш қилинди.

5 октябрь кунги матбуот хабарларида жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсларнинг инициаллари ҳам пайдо бўлди.

NEWSIS нашрида берилган хабарда қотилликда "гумон қилинаётганлар Д.(24 ёш, Ўзбекистон) ва Ф.(50 ёш)" экани, буларга пулни банк ҳисоби орқали Ўзбекистонга жўнатиб беришда "кўмаклашган шахс эса Р.(39 ёш)" экани айтилди. Учинчи шахс Кореяда қўлга олинган ва тергов қилинмоқда.

Ишни тергов қилаётган полиция расмийсига таяниб берилган хабарда айтилишча, "автомобиль эҳтиёт қисмларини Кореядан ватанига (Ўзбекистонга) экспорт қилиш билан шуғулланадиган тадбиркор жаноб Р. ҳам ишга алоқадор кўрилмоқда. Унинг воситасида жаноб Ф.нинг хотини ҳисоб рақамига пул ўтказилгани аниқланган".

Кёнгидо вилояти полицияси жиноятда гумон этилган шахсларнинг 30 сентябрь куни кечки пайт Инчуан халқаро аэропортидан Тошкентга учгани ҳақида маълумотга эгалиги хабар қилинмоқда.

Озодлик айни ҳодиса юзасидан изоҳ сўраб, Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасига боғланишга уринди, аммо ҳозирча муваффақ бўлмади.

Кёнгидо полициясига яқин ўзбекистонлик манбанинг Озодликка айтишича, полиция жиноятда гумон қилинётган ўзбекистонликларнинг шахсини аниқлаган ва Интерпол орқали қидирувга берган. Аммо, қотилликда гумонланаётган ўзбекистонликлар шахсига оид маълумотлар матбуотга ошкор қилинмади.

Кореядаги ўзбекистонликлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу жиноят Корея матбуотида шов-шув бўлаётганини айтмоқда:

"Шов-шувли иш бўлаяпти. Менинг эшитишимча, бу болалар самарқандлик экан. Аввалига биттаси бориб, у фермерга ишга ёлланган, 5 кун ишлаган. Кейин 25 сентябрь куни у боланинг ёнига шериги борган ва ўша куни фермер киши йўқолиб қолган. Қўшнилари шу ҳақида интервью беришди. 26-27 сентябрь Кореяда "Чхусок" деган байрам кунлари эди. Биздаги Ҳосил байрамига ўхшаш. Полиция ҳам шунинг учун уларни қўлдан чиқарворганда", деди исмини ошкор қилишни истамаган ўзбекистонлик таржимонлардан бири.

Унинг айтишича, марҳумнинг яқинлари 26 сентябрь куни тушдан кейин полицияга хабар берган.

Сеулда ишлайдиган ўзбекистонлик муҳожир Абдусаттор аканинг айтишича, қотилликда гумон қилинган ўзбекистонликларга ёрдамлашган тадбиркор ҳамюртлари пулни жиноят қилиб, топганидан бехабарлиги ҳақида полицияга кўрсатма бергани айтилган:

"Телевизорда кўрсатишди, булар у фермерни ўлдиришдан олдин қийнаб банк даннийларини олишган. Кейин банкоматдан пулини ечиб олишган, қолганини ўзбекистонлик бир бизнесмен ёрдамида банкдан уйига перевод қилдиришган. Ҳозир ана шу ёрдам берган одам ҳам ўзбекистонлик бизнесмен экан, дейишяпти. Билмаган эканда у! Уни ушлашган", деди Сеулда ишлайдиган ўзбекистонлик муҳожир Абдусаттор ака.

Кореядаги ўзбекларнинг айтишича, бу сўнгги 6 йил ичида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан содир этилган учинчи шов-шувли жиноятдир.

2009 йилнинг 12 августида ўз ҳамюртини ўлдиришда гумон қилинган ўзбекистонлик - "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиаширкати ваколатхонаси ходими Сеулда қўлга олинган эди. Ўшанда Uzmetronom Интернет газетаси "қотилликни содир этган шахс ҳамюртининг катта миқдордаги пулини қиморда ютқазиб қўйгани, натижада пул эгасини ўлдириб, жасадини бўлакларга бўлиб, шаҳарнинг турли бурчига ташлаб чиққани ҳақида хабарлар бор" деб хабар қилган эди.

Ҳозирда Жанубий Корея 16 мамлакат фуқароларининг ўз ҳудудида расман ишлашига квота ажратиб келмоқда ва бу давлатлардан бири Ўзбекистондир.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги маълумотига кўра, 2007 йилда Жанубий Корея билан имзоланган шартнома асосида Ўзбекистондан мазкур мамлакатга 22,5 минг одам ишлаш учун жўнатилган. Уларнинг 15 мингдан кўпроғи Жанубий Кореяда меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда.

Норасмий маълумотларга кўра, ўзбек муҳожирларининг сони анча кўпроқ бўлиши мумкин. Сабаби, Жанубий Кореяга “Эркин ёллаш тизими” деб аталувчи дастур орқали ишга жойлашаётганларни кўпчилиги олти йиллик муддат тугаганидан кейин ҳам ноқонуний асосда қолиб, ишлашда давом этмоқда.

Расмий маълумотга кўра, Жанубий Кореянинг "Эркин ёллаш тизими" орқали ҳар йили мингдан зиёд ўзбек фуқароси Кореяга ишга жўнатилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG