Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:13

Чустда онаси пахтага чиқарилган икки ёшли бола қудуққа чўкиб ўлди


Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида пахта теримига чиқарилган аёл қариндошининг уйида қолдирган икки ёшли боласи қудуққа тушиб кетиб, чўкиб ўлди. Воқеа 4 октябрь куни Чуст туманининг Варзик қишлоғида рўй бергани айтилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган наманганлик манбага кўра, эри Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган аёл икки ёшли ўғлини қариндошиникида қолдириб, пахта теримига чиқишга мажбур бўлган.

- Бу аёл ўзи боғча тарбиячиси. Ҳозир уларни ҳам ётадиган қилиб пахтага олиб кетишяпти. “Болам бор”, деса, боғча мудири: “мен билмайман, борасан”, дебди. Шундан сўнг у боласини қайинсинглисиникига қўйиб, уч кунга пахтага кетган. Бола қаровсиз, беэътибор қолиб, қудуққа чўкиб ўлган,- деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган наманганлик манба.

Озодлик сувга чўкиб ўлган икки ёшли боланинг исми Жавоҳир Ҳайдаралиев эканини аниқлади.

Унинг онаси Азиза Орипова Озодликка гапиришни истамади.

У ишлайдиган Намангандаги мактабгача таълим муассасаси раҳбари эса Азиза Ориповани ҳеч ким пахтага чиқишга мажбурламагани, ўз хоҳиши билан чиққанини иддао қилди.

- У ишга чиққанидан кейин, пахтага ҳам бориши керакку. Боласи бўлса, уйида ўтириши керак, тўғрими. У пул ишлайман, деб ўз хоҳиши билан чиқди, ҳеч ким мажбурламади уни,- деди боғча мудираси.

Наманган ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка шундай воқеа бўлганини тасдиқлади ва бу ҳолат “бахтсиз ҳодиса” сифатида расмийлаштирилганини билдирди.

Шунга ўхшаш воқеа Ўзбекистонда ўтган йилги пахта мавсумида ҳам рўй берган эди.

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида пахта теримига чиқарилган аёлнинг уйда ёлғиз қолган икки ёш боласи ёнғин қурбони бўлган эди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, пахта мавсуми бошланганидан буён уйда ўтирган аёлларни пахтага мажбурлаб чиқариш бу йил ҳам давом этмоқда.

- Чиқмасанг бола пулингни қирқаман, дейди. Уйда ўтирган она бир-икки сўм ишлаб олай, деб чиқади. Оқибатда мана шундай кўнгилсиз ҳолатлар рўй беради,- дейди жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаев.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга қарши курашувчи Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, наманганлик икки ёшли Жавоҳирнинг ўлимини мамлакатдаги пахта кампанияси билан боғласа бўлади.

- Бу йилги пахта мавсумида ҳам Ўзбекистонда ҳукуматнинг одамларга босимлари шу қадар кучлики, кўпчилик ўз фарзандларини, соғлигини унутиб, пахта теришга мажбур бўлмоқда. Ҳукумат учун эса пахта ҳамма нарсадан устун, одамларнинг ҳаёти, соғлиги ҳеч нарса эмас, - дейди Ниёзова.

Пахта мавсумида бу йил ҳам бир қанча ўлим холатлари кузатилди.

1 октябрь куни бортида 37 нафар ҳашарчи бўлган “Газ-53” русумли юк автомашинаси Сирдарё вилояти Мирзаобод туманининг собиқ 8-совхози ҳудудида ағдарилиб кетиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган.

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида пахта ортиб кетаётган трактор 12 ёшли болани уриб юборди.

Озодлик манбаларига кўра¸ 23 сентябрь куни кечки соат олтиларда рўй берган бу ҳалокат оқибатида ўқувчи бола воқеа жойининг ўзидаëқ жон берган.

20 сентябрь куни Тошкент вилоятида 25 ёшли милиция ҳодими пахтадан машинасида қайтаётиб пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида нобуд бўлди.

Шунингдек, айни шу куни Хоразм вилоятида урганчлик шифокорлар чиққан теримчилар автобуси ағдарилиб кетиши оқибатида унинг ичида бўлган саксонга яқин теримчидан йигирмадан зиёди тан жароҳати олди.

Ўзбекистон Халқаро ташкилотлар томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги учун танқид қилиб келинади.

Бироқ расмийлар мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнат ҳолатлари йўқлигини, пахта кампанияси ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъкидлашади.

************

Азиз муштарий, пахта қурбонлари ҳақида билсангиз Озодликка маълум қилинг!

Шунингдек, пахта билан боғлиқ бирор воқеа-ҳодисага гувоҳ бўлсангиз албатта Озодликни хабардор қилинг!

XS
SM
MD
LG