Линклар

Генерал Дўстум:"Афғонистон Россия ҳарбий ёрдамига муҳтож"


Афғонистон вице президенти Абдул Рашид Дўстум Грознийда Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров билан учрашди

Афғонистон вице президенти Абдул Рашид Дўстум Грознийда Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров билан учрашди

Кобул “Исломий давлат”га қарши курашда Россия ёрдамига муҳтож. Афғонистон биринчи вице-президенти ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстум Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан Грознийдаги учрашувда шундай баёнот берди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ёрдам етказилиши мумкинлигини тасдиқламоқда.

Генерал Абдул Рашид Дўстум Чеченистонга келди

Чеченистонга президент Рамзан Қодиров таклифи билан келган Афғонистон биринчи вице-президенти Абдул Рашид Дўстум “Исломий давлат” жангарилари Афғонистонни тўлиқ ишғол этиб, уни плацдармга айлантириш ниятида эканини таъкидлади.

5 октябрь куни Грознийда 39 ёшини нишонлаётган Рамзан Қодиров “ВКонтакте”даги саҳифасида бу учрашув ҳақида қуйидаги мазмунда ёзув қолдирди:

Чеченистон Республикасига менинг азиз меҳмоним Афғонистон биринчи вице-президенти Абдул-Рашид Дўстум ташриф буюрди. Биз иқдисодий, савдо, маданий масалаларга оид кўплаб масалаларни муҳокама этдик. Энг катта эътибор террорчиликка, хусусан Иблислар давлатига қарши курашга бағишланди. Дўстум “Исломий давлат” Афғонистонда ўзига плацдарм тайёрлаётганини таъкидлади. Бундай таҳдид олдини олиш учун Кобул Сурия каби Россия ёрдамига муҳтож. Биз Россия ҳукумати бу масалада ижобий қарор беришига ишонч билдирдик”, деб ёзди Қодиров.

Чечен раҳбари сўзларига кўра, ўзбек генерали Чеченистонга халқаро террорчиликка қарши курашиш бўйича малака оширишга ҳам келган.

Бундан аввалроқ Рамзан Қодиров Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, “Исломий давлат” жангариларига қарши курашиш учун Сурияга чеченистонлик кўнгиллиларни жўнатишни сўрагани тўғрисида гапирилган эди.

Генерал Дўстум эса маҳаллий журналистларга Афғонистон ва Россия бу соҳада “халқаро коалиция” тузиши мумкинлигига ишора ҳам қилди. У Россиянинг Суриядаги ҳаво-ҳарбий ҳаракатларига очиқчасига салбий баҳо бермаган бўлсада, Россия олдинроқ АҚШ билан ҳамкорликда “радикалларга қарши курашга қўшилиши мумкин эди”, деди.

- Бу амалиётларда иштирок этаётганларнинг барчаси ўзаро келишиб иш юритишлари зарур. Биргина бомбардимонлар билан масала ҳал этилмайди. Россия ва АҚШ иккинчи даражали келишмовчиликлардан юз ўгириб, можарони сиёсий йўллар билан бартараф этишлари керак. Бундай ҳол Башар Асад ҳукуматига ҳам маъқул бўлади, деди LifeNews телеканалига берган интервьюсида афғонистонлик генерал.

Сентябрь охирларида, Афғонистон вице-президенти “Россия” телеканали журналистлари орқали Кремль раҳбариятига мурожаат қилиб, ҳарбий аслаҳа билан ёрдам кўрсатишга сўраган эди:

- Мен Россия давлати президенти жаноб Путинни, Мудофаа вазири жаноб Шойгуни шахсан танийман ва уларга ҳурмат-эҳтиромимни етказиб қўйишингизни сўрайман. Айтмоқчиманки, Қуролли Кучларимиз самолет, вертолёт ва қурол-аслаҳага муҳтож. Мен бу масалада бизга ёрдам кўрсатишларини сўрайман, чунки биз ҳам юртимизни ҳимоя қиламиз, ҳам сизларга ёрдам берамиз, деган эди генерал.

"Россия энг қулай йўлни танлади"

Ҳукуматга яқин айрим оммавий ахборот воситаларида Абдул Рашид Дўстум илтимоси муҳокама этилаётгани, бироқ уни ижобий ҳал этилишига Афғонистонда жойлашган АҚШ ҳарбий қўмондонлиги ризолиги ҳам зарурлиги тўғрисида маълумот сиздирилди.

Москвадаги Сиëсий ва ҳарбий тадқиқотлар институти қошидаги Таҳлил бўлими раҳбари Александр Храмчихин Россиянинг Афғонистон ҳукуматини билан ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишга бўлган иштиёқи сабабларини бундай тушунтиради.

- Биринчидан, Россия анчадан буён Афғонистонга қурол-аслаҳа етказиб бериб келмоқда, қисман америкаликлар пулига ҳам.Иккинчидан, шу тариқа Россия аввал “толиблар”, эндиликда “Ислом халифалиги” таҳдидидан ўзини ҳимоя қилишга уринмоқда. Табиийки, бу масалани ҳал этишнинг энг қулай йўли – афғон ҳукуматига қурол-яроқ жўнатиш. Бу энг арзон ва осон йўлдир! Бу режани амалга ошириш эса – бошқа масала, деди сиёсий таҳлилчи Александр Храмчихин.

Эксперт Россиянинг Афғонистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишга бўлган эҳтиёжини Суриядаги ҳодисалар ортидан Россияга қарши террорчилик кучлар фаоллиги ошиши билан ҳам изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия президенти Башар Асад илтимосига биноан ИШИД позицияларини бомбалаётгани тўғрисида эълон қилинди.

Россия Мудофаа вазирлиги душанба куни хабар беришича, рус учоқлари 25 маротаба Сурия давлатидаги турли ҳудудларни бомбардимон қилган ва “Ислом давлатининг 9 объектини йўқ қилган”. Хабарда Идлиб минтақасида террорчиларнинг 30 дона ҳарбий техникаси, жумладан Т-55 танклари портлатилгани айтилди.

Россия Бош штаби ўтган уч кунда рус авиацияси 60 маротаба ҳужум қилиб, “террорчиларнинг 50 зиёд объектларини вайрон қилган”ини маълум қилмоқда.

АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатлари Россиянинг Сурияда амалга ошираётган ишларини шубҳа билан кузатмоқда ва улар бу ишлар Сурия президенти Башар Асад режимини дастаклашга қаратилган, деб ҳисоблайдилар.

Сурия президент Башар Ассадга қарши курашаётган мухолифлар ҳужумлар айнан мухолиф гуруҳларга қарата амалга оширилгани, ҳатто тинч аҳоли вакилларига ҳам зарар етганини айтмоқда.

Айни пайтда, асосий қисми ҳукуматга мухолифатда бўлган 50 яқин саудиялик диний уламолар араб давлатларини Россия, Эрон ва Сурия ҳукуматларига қарши жиҳодга отланишга даъват этгани айтилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG