Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:51

АҚШ ИДга одам ёллаётган кавказликларга қарши санкциялар жорий қилди


Ўзини Абу Жиҳод деб атовчи Саид Умарович Атабиев (ч) ва Аҳмад Чатаев (ў).
Ўзини Абу Жиҳод деб атовчи Саид Умарович Атабиев (ч) ва Аҳмад Чатаев (ў).

Вашингтон “Исломий давлат” гуруҳига одам ёллаш билан шуғулланган икки шимолий кавказлик жангарига қарши янги молиявий санкцияларни жорий қилди. АҚШ ва бошқа мамлакатлар жангари гуруҳга одам ёллаётганлар билан курашишда давом этмоқда. АҚШ молия вазирлиги 5 октябрь куни эълон қилган рўйхатга Сурияда бошқа бир исломчи гуруҳга одам ёллаётган яна бир шимолий кавказлик шахс ҳам киритилган.

Бу санкциялар АҚШ, Россия ва бир қатор Европа мамлакатлари Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” сафига қўшилиш мақсадида бораётганлар оқимини тўхтатиш учун самарали стратегия ишлаб чиқишга ҳаракат қилаётган бир пайтда эълон қилинди. “Исломий давлат”нинг радикал жангарилари Ироқ ва Сурияда йирик ҳудудларни эгаллаб олган.

АҚШ ҳам, Россия ҳам ўтган ҳафтада бўлиб ўтган БМТ Бош ассамблеяси йиғини давомида ёлловчилар билан курашиш йўлларини муҳокама қилиш мақсадида конференциялар ўтказди. Конференциялар давомида ёшларнинг радикал гуруҳга ёлланишига алоҳида аҳамият берилди. Ўтган ҳафтада БМТ ҳам “Ал-Қоида”га алоқаси бор одамлар киритилган қора рўйхатини кенгайтирди.

Айрим ҳисобларга кўра, 30 000 дан ошиқ хорижлик “Исломий давлат”га қўшилиш учун Яқин Шарққа кетган. Россия расмийлари 2 400 гача россиялик гуруҳ сафларига қўшилганини, уларнинг аксари чеченистонлик ҳамда шимолий кавказлик эканини, бундан ташқари, мамлакат орқали ўрта осиёликлар ҳам Сурия ва Ироққа кетганини билдиришди.

АҚШ молия вазирлиги қора рўйхатига киритилганларнинг бири ўзини Абу Жиҳод деб атовчи Саид Умарович Атабиевдир. Дастлаб Атабиевнинг чечен эканлиги айтилган бўлса-да, аслида у этник қорачой бўлиб, “Исломий давлат”нинг рус тилидаги медиа қаноти бўлмиш Furat Mediaга масъулдир.

Рўйхатга яна Аҳмад Чатаев ҳам киритилган. Миллати чечен бўлган Чатаев йил бошида ижтимоий тармоқларда тарқатилган ва Сурияда олинган видеода Атабиев ёнида кўриниш берган эди. Чатаевнинг ҳам жангари гуруҳга одам ёллашда иштирок этгани айтилмоқда.

Қора рўйхатга киритилган учинчи шахс Заурбек Чучаев бўлиб, у ўзини Абдул Азиз деб атайди. Чучаевнинг “Кавказ амирлиги” деб аталувчи гуруҳ билан алоқаси борлиги айтилмоқда. Бу гуруҳ саккиз йил аввал Шимолий Кавказдаги чечен исёнчилар гуруҳининг давоми ўлароқ тузилган. Афтидан, Чучаев “Кавказ амирлиги”нинг Суриядаги бўлимида фаолият кўрсатади. Бу гуруҳ “Исломий давлат”нинг рақибидир.

“Кавказ амирлиги” гуруҳининг жангчилари асосан чеченлар бўлиб, улар “Ал-Қоида”нинг Суриядаги қанотига кирувчи “Жабҳат ал-Нусра” гуруҳи билан бирга жангларда иштирок этишади. “Ал-Нусра” ҳам “Исломий давлат”нинг рақибидир.

“Кавказ амирлиги” гуруҳи 2011 йил декабрда АҚШ молия вазирлиги санкцияларига учраган эди.

Москва ва бошқа жойларда чечен, ўзбек ва бошқа гуруҳ вакилларининг Сурияга бориши ҳамда жанг тажрибасини орттириши Россияда янги исёнга сабаб бўлиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирилмоқда.

Айрим таҳлилчилар Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатлари ва ҳаво ҳужумлари нафақат Сурия ҳукуматига ёрдам беришга, балки у ердаги чечен жангариларни йўқ қилишга ҳам қаратилган, демоқда.

2001 йил 11 сентябрь террор ҳужумларидан кейинги йилларда АҚШ “Ал-Қоида” ва бошқа террорчи тармоқлар ва уларнинг молия манбаларини мўлжалга олиб, молиявий санкцияларни жориб қилиб келади. Аммо мутахассисларнинг кўпи бундай чоранинг самарадорлигига шубҳа билан қарайди.

Майк Эккель ва Жоанна Парасюк қаламига мансуб ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

XS
SM
MD
LG