Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:28

Тожикистонда Ислом уйғониш партияси фаолларини ҳибсга олиш давом этмоқда


Тожикистон расмийлари минтақада ягона бўлган исломий партиянинг 23 нафар аъзосини ҳибсга олди. Улар исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзода гуруҳи билан ҳамкорликда айбланмоқда.

Тожикистон Бош прокуратурасининг 6 октябрь куни тарқатилган баёнотида террорчиликда айбланмиш собиқ мудофаа вазири ўринбосари Назарзодага тарафдор бўлган катта гуруҳ қўлга олингани айтилади.

Ўтган ҳафта Тожикистон Олий суди ТИУПни террор ташкилоти деб эълон қилган, унинг фаолиятини эса мамлакатҳудудида тақиқлаб қўйганди.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси мамлакат расмийлари томонидан яқиндаги муваффақиятсиз якунланган давлат тўнтариши ташкилотчиси бўлмиш генерал Назарзода гуруҳи билан ҳамкорлик қилганликда айбланмоқда.

ТИУП раҳбарияти Назарзода билан алоқаси борлигини рад этган ва собиқ мудофаа вазири ўринбосари ҳеч қачон партия аъзоси бўлмагани, ҳатто конституцияга мувофиқ ҳам бу каби ташкилотларга аъзо бўлолмаслиги ҳақида баёнот тарқатган.

Тожикистон Бош прокуратураси қўлга олинганларга қарши террорчилик, ирқий ва диний адоват қўзғаганлик, маҳаллийчилик билан шуғулланганлик, ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганлик, конституциявий тузумни ағдаришга ва қуролли қўзғолонга чақирганлик моддалари бўйича жиноят иши очган.

Тожик расмийлари версияси

Тожикистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ТИУП аъзоси бўлган Назарзода президент Имомали Раҳмон 1997 йилдаёқ тинчлик шартномаси имзолаган Бирлашган тожик мухолифати собиқ жангариларинимунтазам равишда молиялаштириб келган.

Прокуратура баёнотида исёнчи генерал жангарилардан иборат тақрибан 300 кишини ўз ичига олган жиноий бирлашма ташкил этгани иддао қилинади.

Баёнотда айтилишича, 3 сентябрдан 4 сентябрга ўтар кечаси Абдуҳалим Назарзода юқори лавозимли бир неча ҳарбий билан аввалдан тил бириктирган ҳолда мазкур жиноий бирлашмани қуроллантирган ҳамда Душанбе, Ваҳдат шаҳарлари ва Рудакий тумани ҳудудидаги куч ишлатар тузилмалар ходимларига қарши қуролли ҳужумларни бошлаган.

Генерал Назарзода гуруҳини йўқ қилиш бўйича махсус амалиёт чоғида Ромит дарасида ҳуқуқ-тартибот идораларининг 14 нафар ходими ҳалок бўлган. Тожик расмийлари маълумотига кўра, Назарзоданинг ўзи 16 сентябрга ўтар кечаси йўқ қилинган.

“Расмийлар провокацияси”

1990 йилда Бирлашган тожик мухолифати лидерлари томонидан тузилган Тожикистон Ислом уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий ўзи ва сафдошларига қарши илгари сурилаётган айбловларни қатъиян рад қилади. Кабирийга кўра, бу айбловлар асоссиз бўлиб, партия фаолиятини тақиқлаш учунгина қаратилган.

ТИУПнинг ҳибсга олинмиш аъзолари ҳам 2015 йил сентябрида содир бўлган воқеаларга мутлақо алоқалари йўқлигини таъкидламоқдалар.

Партия аъзолари ташкилотга нисбатан босим сентябрь воқеаларидан анча олдин бошланган: аввалроқ Бош прокуратура партия қурултойини ўтказишни тақиқлаб қўйган, партия идораси эса “ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилган” деган баҳона билан муҳрлаб қўйилган.

Ҳали Ромит дарасида амалиётлар давом этаётган пайтда ижтимоий тармоқларда гўё исёнчи генерал томонидан берилган баёнот пайдо бўлганди. Унда Назарзоданинг Ваҳдат ва Душанбедаги ҳужумларга алоқаси йўқлиги, бу аслида исломий партияни ёпиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолашдан бош тортган тожик мухолифати қўмондонларини йўқ қилишни истаган расмийларнинг провокацияси экани таъкидланганди.

Ҳибсга олишлар давом этмоқда

Озодлик радиоси тожик хизматининг Тожикистон Бош прокуратурасидаги аноним манбаси ҳибсга олишлар давом этаётганини маълум қилди. Манбага кўра, яқинда ТИУПнинг Панжикент бўлими раҳбари Сино Ҳасанзода қўлга олиниб, Хўжанд шаҳар тергов ҳибсхонасига юборилган.

Ҳасанзода шу йил июлида Озодликнинг тожик хизматига берган интервьюсида маҳаллий амалдорлар босими остида ТИУП сафини тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида айтганди.

Икки ҳафта муқаддам ТИУПнинг Тоғли Масчоҳ бўлими бошлиғи Мирзоолим Холов ҳибсга олинган. Бу ҳақда унинг қариндошлари маълум қилишган. Ундан аввалроқ эса партиянинг Кўлобдаги фаоллари – Маҳмадали Исломов, Муҳаммадий Тешаев, Рустам Имомов ва Умаршо Давлатовлар қўлга олингани айтилганди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 3 октябрь куни ТИУПни ўз ихтиёри билан тарк этган ва партия тақиқланганидан кейин у билан ҳамкорлик қилмайдиган шахслар жиноий жавобгарликка тортилмаслигини билдирганди.

XS
SM
MD
LG