Линклар

Уриб туширилган самолёт йўловчилари танасидан ракета парчалари топилди


Украинанинг Донецк вилояти ҳудуди узра уриб туширилган “Боинг” самолёти йўловчилари жасадларидан “Бук” ракетаси парчалари топилгани тўғрисида Нидерландиянинг NOS телекомпанияси Украина Хавфсизлик хизмати тергов бошқармаси собиқ раҳбари Василь Вовкка таяниб хабар қилди.

Айтилишича, Вовк МН17 рейси ҳалокатини ўрганаётган халқаро тергов гуруҳи сафидаги Украина бригадасини жорий йил июнигача бошқарган.

Ракета парчалари, шунингдек, самолёт фюзелажидан ҳам топилгани хабар қилинди.

Август ойида Нидерландия прокуртураси расмийлари Украинада Малайзия ҳаво йўлларига қарашли MH17 учоғи қулаган ҳудуддан топилган қолдиқлар орасида Россияда ишлаб чиқарилган “Бук” русумли ракетаникига ўхшаш парчалар борлиги ҳақида баёнот берган эди.

2014 йилда ҳалокатга учраган самолёт бортидаги 298 йўловчининг ҳаммаси қурбон бўлган.

Кремль бу жиноятда Украина ҳукумат кучларини айблаб келади.

Ҳозир ҳодисани тергов қилаётган халқаро комиссия хулосаларининг шу йил 13 октябрда эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG