Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:13

Пахтага чиқарилган 17 яшар ўқувчининг ота-онаси Меҳнат вазирлигига шикоят қилмоқчи


Наманган вилояти, Чортоқ туманидаги Тиббиёт коллежининг 3- босқич талабалари орасида 17 яшар фарзанди пахтага жўнатилганидан норози ота-она Озодликка боғланди. Шикоятда айтилишича, ўқувчилар шароити оғир бўлган дала шийпонларида тунамоқдалар. Коллеж директори эса вояга етмаган ўқувчи пахтага чиққанию шийпонда шароит оғирлигига оид шикоятларни тан олмади.

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган ота-оналар Тиббиёт коллежининг 300 ўқувчиси Учқўрғон туманининг 1-бўлимида ётоқда қолиб пахта тераётганини хабар қилди.

Улар коллежнинг 3-курсида ўқийдиган, аммо 18 ёшга тўлмаган ўқувчилар ҳам 25 сентябрдан мажбуран пахта теримига чиқарилганидан, болалари дала шийпонларида оғир шароитда тунаётганидан норози бўлмоқда:

"Мен ўзим кўрдим шийпонни, янги қурилган, Зулхумор, деган фермернинг даласида. Лекин, энди шийпонда шароит қанақа бўларди, яхшимас-да. Исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат-ку бу! Ейиш-ичиши макарон бўлгандан кейин. 3-курснинг ҳаммаси ҳам 18 ёшга тўлмаган-ку, лекин ҳаммасини пахтага олиб кетишди. Жами 600 та бола Учқўрғонда ётоқда қолиб пахта тераяпти", деди чортоқлик оила Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Озодлик ушбу коллежнинг директори Гулнора Камолова билан боғланишга муваффақ бўлди. Айни пайтда, вилоятнинг Учқўрғон туманида ўқувчилари билан бирга пахтада юрган директор ота-оналар шикоятларини рад этишдан нарига ўтмади.

"Биринчи бўлимда 300 та бола бор. 2-, 3- бўлимларда ҳам бор болаларимиз. 18 ёшга тўлмаганлар чиқмаган бизда. Ким айтди сизга, ким экан у? Нотўғри гап бу. Бизда ҳамма ўз хоҳиши билан борган, 18 ёшга тўлмагани йўқ. Ҳаммасини тилхати олинган. Мени шароитларим жуда жойида. Болалар "Баркамол авлод" спорт мажмуасида ётибди. Шийпоннинг шароитини кўрмагансиз-да! Махсус теримчилар учун, болалар учун қурилган, иссиқ сув-совуқ сувлари бор, "Аристон"и бор. Овқатлари ҳам яхши. Келинг, мен билан расман гаплашинг!" деди коллеж директори мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

Яъни, шу кунда 300 болани пахта даласига олиб чиққан коллеж директори ўқувчилар сафида 18 ёшга тўлмаганлари борлигини қатъиян рад этди ва уларнинг ўз хоҳиши билан пахтага чиқарилганини таъкидлади. Шунингдек, ётоқ шароитлар ҳам жуда яхши, деб мақтади.

Аммо, Озодликка мурожаат қилган ота-оналар директорнинг фикрига қўшилмаётир. Улар коллежнинг пахта теримига сафарбар қилинган ўқитувчилари ҳам мақтагулик шароитда эмас, деган хулосани тилга олишди:

"Ҳатто, ўқитувчилари ўз ёнидан пул тўлаб, квартирада қолиб, пахта тераяпти. Йўлкираси ҳам, овқати ҳам ўзининг ҳисобидан экан", деди чортоқлик оилалардан бири.

Озодлик Чортоқ тумани Тиббиёт коллежининг 500 дан ортиқ пахтага чиқарилган талабасига бош бўлган пахта штаби раҳбари Мансур Ҳакимовга ҳам боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Эндиликда чортоқлик оилалар Ўзбекистон Меҳнат инспекциясига телефон қилиш ҳаракатига тушганини айтмоқда:

"Ҳали телефон қилмадик, лекин қиламиз. 18 ёшга тўлмагани кўп ичида. Фақат бу ерда Тошкентга телефон қилсангиз, ҳамма ёмон қарашни бошлайди. Лекин энди қиламиз", деди коллежнинг 18 ёшга тўлмаган ўқувчилари ота-оналари мухбир билан микрофонсиз суҳбатда.

(Озодлик Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қошидаги Меҳнат инспекцияси ота-оналарнинг мурожаатига жавоб берса, албатта сизга хабар қилади. Янгиликларни Озодликда кузатинг!)

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, жорий йилда ҳам коллеж ва университет талабалари оммавий тарзда пахта теримига чиқарилмоқда.

Гарчи, Ўзбекистон ҳукумати 2012 йилдан бошлаб мамлакатда 18 ёшга тўлмаганларни пахтага чиқаришни қатъиян тақиқлаганини даъво қилиб келаётган бўлса-да, 2013, 2014 ва мана 2015 йилги йиғим-терим жараёнида ҳам вояга етмаган болаларнинг пахта мажбуран сафарбар қилинишига оид хабарлар келмоқда.

Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши боис, дуёнинг етакчи савдо ширкатлари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунча, ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганини эълон қилган 136 ширкатнинг бозордаги умумий қиймати эса 1.024 триллион АҚШ долларига етган.

Халқаро ташкилотларга кўра, 2014 йилда камида 2 миллион ўзбекистонлик пахта теришга мажбурланган.

XS
SM
MD
LG