Линклар

logo-print

Фарғонада бир ҳафта ичида иккита криминал жанжалда икки киши ўлдирилди


Фарғона вилоятининг икки шаҳрида бир ҳафта ичида рўй берган иккита жанжал натижасида камида икки киши ўлдирилди. Марғилон шаҳрида 23 сентябрь куни маҳаллий чойхоналардан бирида рўй берган ҳодисада 30 ёшли Жаҳондор Холматов пичоқлаб ўлдирилди. 18 сентярь куни эса, Қўқон шаҳрида маҳаллий кафе ёнида рўй берган жанжалда ҳам Отабек исмли ёш йигит ҳалок бўлди. Қўқондаги Озодлик манбасига кўра, Отабек тўппончадан отиб ўлдирилган. Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси бир киши ҳалок бўлганини тан олди, лекин ҳодисада ўқ отар қурол ишлатлмагани, балки пичоқбозлик бўлганини таъкидлади. Кейинги пайтларда Ўзбекистонда бу каби жанжаллар тез-тез рўй бераётгани кузатилмоқда.

Ўлдирилган Жаҳондор шу йил бошроғида қамоқда чиққан

Марғилоннинг “Ўрам” чойхонасида 23 сентябрь куни рўй берган воқеада бир киши ҳалок бўлгани ҳақида Озодликка ўтган ҳафта хабар келган эди. Бу хабарни 7 октябрь куни Озодликнинг Марғилон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси тасдиқлади.

“Ўлган бола ҳам, пичоқ урган бола ҳам марғилонлик йигитлар. Улар бир-бирини илгаритдан танишган. Маълум бўлишича, бундан бир йил-бир ярим йил олдин ораларида жанжал ўтиб, бир-бирига тескари бўлиб қолишган. Ўша куни иккаласи “Ўрам” чойхонасида яна ўзаро жанжаллашишган. Жабрланувчининг ўнг оёғи сон қисмига пичоқ урган. Сонидаги асосий қон томири (уйқу томири-таҳр.) кесилиши ҳисобига ҳалиги йигит касалхонага етиб бормасдан жон берган”, дейди манба.

Унинг яна айтишича, ҳодиса натижасида ўлган йигит 1985 йилда Марғилон шаҳрида туғилган Жаҳондор Холматовдир. (Манба уни пичоқлаган шахс исмини ҳам маълум қилди, лекин бу иш юзасидан тергов давом этаётгани боис Озодлик уни ошкор қилмасликни маъқул кўрди.)

Озодликка бир ҳафта аввал Whatsapp орқали келган хабарда ҳам Жаҳондор исмли 30 яшар йигит ўлгани айтилади, лекин “Ўрам” чойхонасида икки йигит ўртасида жанжал эмас, оммавий муштлашув бўлгани таъкидланган.

“2015 йил 23 сентябрь соат тунги бир-иккилар чамасида, Марғилон шаҳридаги машҳур “Ўрам” умумий овқатланиш маскани ёнида, Фарғона ва Марғилон шаҳрининг йигитлари ўртасида катта оммавий жанжал рўй берди. Ушбу жанжални бу даражадаги фожеага айланишига асосий сабаб, Фарғона шаҳридан келган юздан ортиқ йигитларнинг қўшилиб кетиши бўлган. Натижада, даҳанаки бошланган жанжал авж олиб, йиғилган йигитлар бир-бирига пичоқ уришга ўтиб кетишган”, дейилади Озодликка келган хабарда.

Озодликнинг Whatsapp муштарийсига кўра, бу жанжал эртасига ҳам Марғилоннинг Каллахўр маҳалласида давом этган.

Лекин Марғилон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаси бу иддаоларни тасдиқламади.

Бу иш юзасидан бораётган терговга яқин Озодлик манбасига кўра, ўлдирилган Жаҳондор Марғилонда ўз тенгқурлари орасида “кўча боласи” сифатида танилган, қамоқдан жорий йил бошроғида чиққан. Бу манбанинг айтишича, 30 ёшли бу йигит бир неча йил аввал ҳам “криминал жанжалда” қатнашган, натижада фарғоналик бир йигит ҳалок бўлган.

“Жаҳондорга ўша ишда 19 йиллик қамоқ беришди. Уч-тўрт йили ўтириб, шу йил озодликка чиққан эди. Унинг ўлдирилишига сабаб бўлган жанжал Жаҳондор билан “Ўрам” чойхонаси эгасининг ўғли ўртасида чиққан. Жаҳондор доим у ерда овқатланиб, пулини тўламай чиқиб кетишни одат қилган экан. Чойхона хўжайининг ўғли қўрқитаман, деб сонига пичоқ урган экан, артерияга тегиб кетибди”, дейди Озодлик манбаси.

Жанжал 500 доллар устида чиқди

7 октябрь куни Озодлик Whatsapp муштарийларидан келган яна бир хабарда Қўқондаги маҳаллий кафелардан бирида чиққан жанжал оқибатида ҳам бир йигит ҳалок бўлгани айтилади.

“Қўқон шаҳридаги “Беназир” кафесида отишма содир бўлди. Қўқоннинг “Марказий буюм бозори” директори Собиржоннинг 3 нафар ўғли кечки пайт Қўқоннинг Янги Чорсу мавзейида яшовчи Отабекни овозсиз пистолет ёрдамида кўз, жигар соҳасига отиб ўлдирди. Қурол эгаси Қўқон шаҳар ИИБ терговчиси Мадамин Собирович бўлган, у 2 нафар эгизак укалари билан Отабекни отиб ташлаган”, дейилади хабарда.

Лекин, Озодликнинг бошқа манбаси, жанжалда ички ишлар ходими қатнашганига доир иддаони инкор қилди.

“Тўғри, жанжанл бозорқўм Собир аканинг ўғиллари билан ўлдирилган бола ўртасида чиққан, лекин мелиса ўғли Мадамин у ерда бўлмаган. Собир аканинг кичкина ўғиллари қилган бу ишни. Улар ҳалиги Отабек деган йигитга машина сотган, ўшандан 500 доллар қарзи қолган экан. Ўшани ундиришмоқчи бўлиб, жанжал чиққан, Отабекни роса калтаклашиб, резина ўқ отадиган тўппончадан отишган. Бир-икки пичоқ ҳам уришган”, дейди манба.

Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда “Беназир” кафесида рўй берган воқеада Отабек исмли йигит ҳалок бўлганини тасдиқлади. Лекин жанжалда ўқ отар қурол ишлатилганини инкор қилди. Милиция мулозимига кўра, жабрланувчи пичоқланиш натижасида нобуд бўлган.

Ўзбекистонда кейинги пайтларда ёшлар орасида жанжаллар пичоқбозликка айланиб кетиб, одам ўлдирилиши ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда.

Шу йил бошида Тошкент Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида чиққан жанжалда 19 ёшли икки ўқувчи пичоқлаб ўлдирилган эди.

Июль ойи бошида эса Андижон вилояти Шаҳрихон туманида рўй берган муштлашувда якка кураш бўйича жаҳон чемпиони Шоҳасан Мирзаматов икки кишини ўлдирган ва бир неча кишига тан жароҳати етказган эди. Қурбонлардан бири пичоқлаб, иккинчиси эса труба билан уриб ўлдирлган эди.

28 сентябрь куни Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицей ўқувчилари ўртасида чиққан оммавий муштлашувда бир киши жароҳатланди.

Август ойида эса, Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги икки қишлоқнинг 200дан ортиқ ёшлари ўртасидаги оммавий муштлашувда тош, калтак ва арматуралар ишга солиниши оқибатида ўндан ортиқ одам турли тан жароҳати олган эди.

XS
SM
MD
LG