Линклар

Қашқадарёда 6-синф ўқувчилари ҳам пахта термоқда


Лавҳада тилга олинган воқеага алоқаси йўқ иллюстратив сурат.

Лавҳада тилга олинган воқеага алоқаси йўқ иллюстратив сурат.

Мажбурий меҳнатга қарши курашувчи халқаро ташкилотлар танқидларига қарамай, Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида мактаб ўқувчилари ҳам пахта теримига сафарбар этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон далаларида кузатув ишларини олиб бораётган ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулова маълум қилди.

Эшоқулованинг айтишича, Қашқадарёнинг Касби туманида 6-синф ўқувчилари ҳам таълим олиш ўрнига далада пахта термоқда.

Ҳуқуқ фаоли хабарига далил сифатида қашқадарёлик ўқитувчи билан қилган мулоқоти аудиоёзувини Озодликка тақдим этди:

- Икки ҳафтадан ошди, мактаб ёпилган. Кичкина болалар мактабни ташлаб пахтага чиқишлари жуда ачинарли холат, - дейди исми сир қолишини истаган қашқадарёлик ўқитувчи.


Ўзбекистонда пахта йиғим-терими авж паллага чиққан бир пайтда мамлакат бўйлаб мажбурий меҳнат қонунга зид экани, меҳнатга мажбурловчилар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирув ёзилган варақалар пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Касаба уюшмалари федерацияси тарқатган варақада “Пахта – ризқ-рўзимиз”, пахта йиғим-терими жараёнида мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўйилмайди – огоҳ бўлинг”, деган сўзлар ёзилган.

Лекин қашқадарёлик ўқитувчилар бундай чақириқлардан бехабар эканликларини айтишди.

Айни пайтда Ўзбекистон вилоятларидаги кўплаб мактабларда ўқитувчилар ҳам пахта теримига сафарбар этилгани боис дарс соатлари қисқартирилган.

Қашқадарёлик ўқитувчилардан бири бу ҳақда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага бундай деган:

- Ҳозир бизни мактабдан 40 киши далада. Шулардан 20 таси ўқитувчи. Ҳозир асосий фанлар, масалан тил-адабиёт бўйича беш ўқитувчи бўлса шулардан иккитаси пахтада, учтаси дарсда қолган. Физикани ҳам биттаси пахтага кетади биттаси бутун синфларни тўплаб дарс беради, - дейди қашқадарёлик ўқитувчи.

Озодлик Қашқадарё вилоятининг Касби туманида мактаб ўқувчилари пахта тераётгани ҳақидаги иддаоларни мустақил манбалар орқали текшириш имконига эга эмас.

Озодлик Касби тумани халқ таълими бўлими расмийларига ҳам боғланди. Озодлик боғланган халқ таълими бўлими мулозими мактаб ўқувчиларининг пахтага чиқарилаётганини қатиъян рад этишга уринди.

Ўзбекистон Халқаро ташкилотлар томонидан мажбурий меҳнатдан фойдаланганлиги учун танқид қилиб келинади.

Расмийлар мактаб ва коллеж ўқувчилари пахтага чиқарилмаётганини, мажбурий меҳнат ҳолатлари йўқлигини, пахта терими ихтиёрий равишда амалга оширилаётганини таъкидламоқда.

XS
SM
MD
LG