Линклар

Туркманистон президенти Қурбонғули Бердимуҳаммедов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов таклифига кўра 7 октябрь куни расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Пойтахт аэропортида Бердимуҳаммедовни Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Қисқа суҳбатдан сўнг Туркманистон делегацияси Кўксарой мажмуида ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди, дейилади ЎзА агентлиги хабарида.

Президент Бердимуҳаммедов ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 8 октябрга мўлжалланган.

Икки мамлакат президентлари учрашувида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт ва коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболи муҳокама этилиши, томонларнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиши кутилмоқда.

Ташриф натижаларига кўра, Каримов ва Бердимуҳаммедов қўшма баёнот қабул қилиши ҳамда иқтисодиёт, транспорт, божхона, туризм, фан-техника, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатларни имзолаши кўзда тутилган, деб ёзади Ўзбекистон расмий матбуоти.

Аввалроқ Ўзбекистон нашрлари Бердимуҳаммедовнинг Тошкентга сафари чоғида икки мамлакат раҳбарлари Афғонистондаги вазият ва туркман газининг Ўзбекистонга экспорт қилиниши каби масалаларни муҳокама қилиниши мумкинлигига оид тахминларни олға сургандилар.

XS
SM
MD
LG