Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:14

Дўстум эски иттифоқчиси Россиядан ёрдам истамоқда


Генерал Абдул Рашид Дўстум Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан Грознийда, 2015 йилнинг 5 октябри.
Генерал Абдул Рашид Дўстум Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан Грознийда, 2015 йилнинг 5 октябри.

“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг катта қисмини эгаллаб олиш билан таҳдид қилаётган бир пайтда Афғонистон биринчи вице президенти Дўстум эски иттифоқчиси – Россиядан мадад кутмоқда.

Совет ҳарбий академияси битирувчиси бўлган генерал Дўстим Москвадаги эски алоқаларини ишга солиб, ночор аҳволда қолган ўз мамлакати хавфсизлик кучлари учун Россиядан ҳал қилувчи ҳарбий дастак олмоқчи.

1990-йиллардаги фуқаролик уруши чоғида ўзбек кўнгиллиларига раҳбарлик қилган Дўстум Москвага ўтган ҳафта келди. У Россия куч ишлатар тузилмалари масъуллари билан музокаралар ўтказиб, улардан ўз мамлакати хавфсизлик кучлари учун оғир аслаҳа ва ҳарбий вертолётлар сўради.

Ёрдамга эҳтиёж бор

“Россия томони ҳаво ва қуруқликда жанг олиб боришда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Бизга ҳаводан дастак, қурол-аслаҳа ва ўқ-дори етишмаяпти. Террорчиликка қарши курашни қўллаш учун бизга кўп ёрдам керак”, деди генерал Дўстумнинг матбуот котиби Султон Файзий Озод Европа/Озодлик радиосига телефон орқали бергансуҳбатида.

Аммо Файзийга кўра, бу 1979-1989 йиллардаги афғон урушини ҳали ёдидан чиқармаган Россия учун бевосита ҳарбий аралашувни англатмайди. Бу урушда Россиянинг салафи бўлган Совет Иттифоқи 15 минг аскарини йўқотган ва Россия Афғонистонга ўз қўшинларини юбормаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Файзий Москва Афғонистондаги вазиятни ўрганиб, нима билан ёрдам бериши мумкинлигини қараб чиқишга ваъда берганини айтди.

Шунингдек, Россия Марказий Осиёда Афғонистон билан қўшни бўлган собиқ совет ўлкаларига Кобулга ёрдамни кучайтириш бўйича босим кўрсатиш мажбуриятини зиммасига олган.

Файзийнинг айтишича, россиялик мулозимлар Дўстумга “Исломий давлат” жангарилари Афғонистонда томир отиб бораётгани ва толиблар қисқа муддатга Қундуз шаҳрини ишғол қилганидан ташвишга тушганини билдирганлар. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Толибон жангарилари Афғонистонга АҚШ қўшинлари кирган 2001 йилдан буён илк маротаба катта шаҳарни (Қундузни) эгаллаб олгандилар.

Қундузнинг толиблар томонидан ишғол этилиши АҚШдан молиявий кўмак олаётган афғон хавфсизлик кучларини қийин аҳволга солиб қўйди ва уларнинг НАТО қўшинлари кўмагисиз жангариларга қарши кураша олиш-олмаслигини савол остига қўйди.

Дўстум ўзи мунтазам равишда ташриф буюриб турадиган Марказий Осиё мамлакатларини қурол-аслаҳа билан таъминлаш ва бошқа ҳарбий кўмак кўрсатишга чақирган.

Ўтган йили Дўстум бу каби ёрдам ҳақида музокара олиб бориш учун Ўзбекистон ва Қозоғистонга норасмий сафарларни амалга оширган.

Эндиликда генерал Дўстум бевосита Москва қўлловига умид қилмоқда.

Ўтган асрнинг 80-йилларида Москвадаги ҳарбий академияда таҳсил олган Абдул Рашид Дўстум кейинчалик афғон армиясида хизмат қилган, мужоҳидларга қарши жанг олиб борган.Ўша пайтларда Дўстум бошчилигидаги жангарилар Москвадан кўп миқдорда маблағ ва қурол-аслаҳа олиб турган.

Москвадан ёрдам кесилган 1992 йилдан тортиб Дўстум исёнчилар сафига ўтиб, толиблар Кобулни эгаллаб олгунига қадар Афғонистонда қолган. Кейинроқ умрининг бир неча йилини Туркия ва Марказий Осиё мамлакатларида ўтказган Дўстум 2009 йили яна Афғонистонга қайтган.

Грознийга ташриф

Россияга ташрифи чоғида генерал Дўстум Чеченистонда бўлиб, ўлка лидери Рамзан Қодиров билан учрашган. Бу учрашувдан икковлоннинг Қодиров Instagram’идан жой олмиш сурати далолат беради.

Дўстум Қодиров билан террорчиликка, айниқса “Исломий давлат”га қарши кураш масаласини муҳокама қилганини айтган.

“Дўстум ИШИД Афғонистонни плацдармга айлантиришга уринаётганини қайд этди. Бу таҳдиднинг олдини олиш учун Кобул худди Сурия каби Россия дастагига муҳтож”, деб ёзди Қодиров 5 октябрь куни Instagram’даги ўз саҳифасида.

Қодиров Москва бу илтимосга ижобий жавоб беражагига ишонишини қўшимча қилди.

Россия нашрлари генерал Дўстумнинг Рамзан Қодировнинг террорчиликка қарши курашдаги тажрибасига оид мақтовли сўзларини ёзиб чиқди.

“Мен ҳам, Рамзан Қодиров ҳам халқаро террорчиликка қарши кураш олиб боряпмиз. Бу соҳада биз муайян мақсадга йўналган коалиция ташкил қилишимиз мумкин. Биз бир-биримиздан ўрганишимиз мумкин. Ҳозирча бизда ҳамкорлик бўйича аниқ бир лойиҳа йўқ, аммо бу келажакда ҳам бунингдек лойиҳалар мутлақо бўлмайди, дегани эмас”, дея иқтибос келтиради генерал Дўстум сўзларидан grozny-inform.ru нашри.

Ҳуқуқ фаоллари Рамзан Қодировни, Россия Конституциясини писанд қилмаган ҳолда, ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётганликда ҳамда Чеченистонда исломийлар ва айирмачилар исёнини бостириш учун қўрқув муҳитини яратганликда айблаб келади.

XS
SM
MD
LG