Линклар

АҚШ қўмондони: Қундуз касалхонасига қилинган зарба афғонлар илтимосига биноан бажарилди


"Чегара билмас шифокор" ташкилоти тарқатган ушбу суратда 3 октябрдаги ҳаво ҳужумидан сўнг Қундуздаги MSF шифохонасида чиққан ёнғин акс этган.

"Чегара билмас шифокор" ташкилоти тарқатган ушбу суратда 3 октябрдаги ҳаво ҳужумидан сўнг Қундуздаги MSF шифохонасида чиққан ёнғин акс этган.

Афғонистондаги АҚШ ва коалиция кучларининг юқори лавозимли қўмондони Қундуз шаҳри шимолидаги касалхонага ҳаводан берилган зарба афғон ҳарбийлари илтимосига кўра амалга оширилганини билдирди.

“Чегара билмас шифокорлар” (MSF) ташкилоти 3 октябрь куни амалга оширилган ва камида 22 киши, жумладан, MSF ходимлари ўлимига сабаб бўлган ҳаво ҳужумида АҚШни айблаб чиққанди.

5 октябрь куни Пентагонда чиқиш қилган генерал Жон Кэмпбелл “афғон кучлари душман позициясидан ўт очилганини маълум қилиб, АҚШ қуролли кучларидан ҳаводан ёрдам беришни илтимос қилган”ини билдирди.

“Кейин биз толиблардан бўлган таҳдидни бартараф қилиш учун ҳаво зарбаси бердик ва бир неча тинч фуқаро тасодифан нишонимизга тўғри келиб қолди”, дея изоҳ берди генерал Кэмпбелл.

Дастлабки баёнотларда ҳаво зарбалари АҚШ кучларига қарши таҳдидларга жавобан берилгани айтилганди.

Генерал Кэмпбелл ҳарбийлар мазкур нохуш ҳодиса текширилишида шаффофликни таъминлашларини қайд этди.

MSF ташкилоти эса Вашингтон ҳисоботларида тафовут борлигини айтди: “Уларнинг ҳужумга берган таърифи тўхтамай ўзгариб турибди – бошида атайин қилинмаган зарар дейишди, кейин нохуш ҳодиса дейишди, энди эса жавобгарликни Афғонистон ҳукумати зиммасига юклашмоқчи. Ҳақиқат шуки, бу бомбаларни АҚШ ташлаган”.

MSF ҳужумдан кейин Қундуз шаҳридаги шифохона ўз фаолиятини тўхтатганини билдирди.

Ташкилот яна ҳужумни уруш жинояти деб атаб, бу бўйича мустақил тергов ўтказишга чақирди.

MSFнинг бош директори Кристофер Стоукс: “Уруш жинояти содир этилган, деган аниқ презумпция билан MSF мустақил халқаро ташкилот томонидан тўлиқ ва шаффоф тергов ўтказилишини талаб қилади”, деди.

Стоукс яна АҚШ ва Афғонистон расмийлари шифохона ҳужумга учрагани ҳақида огоҳлантирилган бўлишларига қарамасдан, ҳужумлар 3 октябрь куни эрталаб бир саотдан ошиқ вақт давом этганини қўшимча қилди.

Ташкилот афғон ва коалиция кучларига тўрт йилдан бери беморларни даволаб келаётган шифохонанинг GPS координаталари берилганини, шунинг учун улар шифохонанинг аниқ манзилини яхши билишганини билдирди.

Ташкилот яна ҳужум давомида ўлдирилган 22 киши – 12 ишчи ва 10 бемордан ташқари яна 40 одам жиддий жароҳат олганини айтди.

MSFга кўра, ҳужум пайтида тахминан 105 бемор ва уларга қараётган киши ҳамда 80 дан ошиқ хорижий ва маҳаллий ходим шифохонада бўлган.

Ташкилот шифохонада ҳеч қанақа жангари бўлмаганини билдирди.

Афғонистон расмийлари исёнчилар шифохона биносидан мамлакат кучлари ва оддий фуқароларни мўлжалга олиш учун фойдаланганини иддао қилди.

“Бу даъволар афғон ва АҚШ кучлари бирга ишлаганини ҳамда уларнинг таъкидлашича, иморатда толиблар бўлгани учун 180 дан ошиқ ходим ва беморга эга ҳамда тўлиқ ишлаб турган шифохонани ер билан яксон қилишга қарор қилишганини кўрсатади”, деди Стоукс.

“Бу уруш жиноятига тенг келади. Бу АҚШ ҳукуматининг ҳужумларни “режалаштирилмаган зарар” деб кичрайтириб кўрсатишга қаратилган ҳаракатларига бутунлай қарама-қаршидир”.

“Чуқур таъзия”

MSFнинг Қундуздаги шифохонаси Афғонистон шимолидаги оғир жароҳатларни даволай оладиган ягона муассасадир.

Шифохонанинг ҳатто вақтинча ёпилиши фуқароларни оғир оқибатларга дучор қилиши мумкин.

Ташкилотнинг матбуот котиби Кейт Стейжман APF агентлиги билан суҳбатда: “MSF шифохонаси иши тўхтатилди. Оғир аҳволдаги беморлар бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилди ва бизнинг шифоханамизда бирорта ҳам MSF ходими ишлаётгани йўқ”, деди.

Стейжман шифохона қайта очилишини тасдиқлай олмаслигини айтди.

Аввалроқ АҚШ президенти Барак Обама воқеани “нохуш ҳодиса” деб атаган ва “чуқур таъзия” изҳор қилган эди.

Обама яна Пентагон ҳаво ҳужумлари бўйича “тўлиқ тергов” бошлаганини билдирди.

Аммо Стоукс “конфликтда иштирок этган томон ўтказадиган терговга таяниш ҳечам етарли бўлмаслигини” билдирди.

MSF матбуот котиби мустақил тергов ўтказилишини сўрамоқда.

Аввалроқ НАТО АҚШ кучлари ҳужумга масъул бўлиши мумкинлигини тан олган эди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зеид Раад ал Ҳусайин ҳам тўлиқ ва шаффоф тергов ўтказишга чақирди ва шифохонага ҳаводан зарба бериш “уруш жиноятига тенг бўлиши мумкин”лигини айтди.

Озодликнинг инглиз хизмати томонидан ҳозирланган ушбу мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

XS
SM
MD
LG