Линклар

Аҳолини ëппасига мажбурлаб пахтазорга ҳайдаëтган Сирдарё вилояти ҳокими буйруғи билан Гулистон шаҳридаги деҳқон бозорини ёпиш, бозорчи ва харидорларни қувиб чиқариш учун милиция билан бирга ҳарбийлар ҳам ташланди. Вилоят марказий бозори шу кунларда кечки соат 4 га қадар қулф ва хавфсизлик кучлари назорати остида қолмоқда.

Гулистон шаҳридаги деҳқон бозорида ишлайдиган савдогарлардан бирининг Озодликка хабар беришича, 1 октябрь куни эрта тонгдан бошлаб бозор кундузлари ëпиладиган бўлган:

“Гулистон шаҳрида 1 октябрь куни тонг саҳардан бошлаб 30 яқин ҳарбийлар ва 70 дан ортиқ милиция ходимлари бозордан ҳаммани қўй подасини ҳайдагандай ҳайдаб, ҳар томондан тўсиб ташлади. Мана бир ҳафта бўлдики шу аҳвол, соат 16.00 гача бозорга яқинлашиб бўлмаяпти. Кейин 3 соат тўполон бозор бўлади. Ҳаммаёқ пробка, ур-сур, одамларни қийнаб юборди бу пахта дегани”, деди савдогарлардан бири.

Гулистон бозорида савдок қилдиган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, 8 октябрь куни эрталаб бозор бир муддатга очилган, лекин милиция ходимлари яна ҳаммани ҳайдаб чиқарган:

“Бугун эрталаб бозор қандай бўлиб очилиб қолган экан, лекин милиционерлар дарров ҳаммани ҳайдаб чиқариб, дарвозаларни ёпиб олди. Шу билан соат тўртгача ёпиқ. Одамлар тўпланиб, бозор очилишини кутиб туради. Кейин тўполон бошланади. Айрим тадбиркорлар сал эртароқ девор ошиб дўконини тайёрлаб туради. Бозорга элтувчи автомобиль йўллари ҳам тўсиб қўйилган”, деди тадбиркор.

Гулистон шаҳар ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда шаҳар ва туманлардаги бозорлар вилоят ҳокимининг қарори билан ёпиб қўйилганини тасдиқлади:

“Шундай ака, пахтага умумий сафарбарлик эълон қилинган. Бозорлар соат тўртдан кейин очилаяпти. Планни тўлдириб олсак¸ ҳаммаси жойига тушади”, деди мулозим.

Ўзбекистон вилоятларида ҳар йили пахта мавсуми пайтида бозор ва дўконларнинг ёпилиши кузатилади. Собиқ иттифоқ давридан мерос бўлиб қолган бундай тадбирлар аҳолининг сарсон-саргардон бўлишига сабаб бўлмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG