Линклар

Уч боласини чўктирган тожик аёлига прокурор 18 йил сўради


Парвина Абдуллаева

Парвина Абдуллаева

Душанбе шаҳридаги каналга уч боласини чўктирган тожикистонлик Парвина Абдуллаевага давлат айбловчиси суддан 18 йиллик қамоқ жазоси сўради. Парвина жорий йилнинг 5 июлида эри билан урушиб қолиб Ёвон туманидан Душанбе шаҳрига келган ва уч ёш боласини каналга отган эди.

Уч нафар фарзанди – беш яшар Омина, олти яшар Маҳина ва етти яшар Зиёвудинни қасддан каналга отиб чўктирган ëвонлик Парвина Абдуллаева устидан бошланган маҳкама поёнига етай деб қолди.

Давлат айбловчиси суддан уч нафар фарзандини қасддан ўлдирган онага 18 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

Парвина Абдуллаеванинг ҳимоячиси Матлуба Бобожонованинг айтишича, суд ҳукми 9 октябрь куни эълон қилинади:

“Биз суд ҳайъатидан Парвинага камроқ жазо берилишини сўраяпмиз, чунки у жиноят содир қилаётган пайтда ўзини билмаган”, деди адвокат.

Парвина Абдуллаева суд жараёнида фарзандларининг ўлимида ёлғиз ўзи айбдор эканлигини тан олди. Парвинанинг айтишича, у эрининг бошқа аёл билан алоқаси борлигини билганидан сўнг, Душанбега қочиб келган ва аччиқ устида бу жиноятга қўл урган.

Парвина Абдуллаева Тожикистон Жиноят Кодекси 104- моддасининг “а” ва “в” қисми, қасддан икки ёки ундан ортиқ одам ўлдириш билан айбланмоқда.

Бу модда айбланувчига 15 йилдан 25 йилгача қамоқ жазоси берилишини назарда тутади. Агар суд унинг аффект ҳолатида жиноят содир қилганини инобатга олса, у икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

Аммо Парвина билан 11 йил бирга турмуш қурган эри Зайниддин Бобобеков бошқа аёл билан яқин муносабатда бўлганини рад қилади. Унинг айтишича, хотинини рашк эмас, балки кичик фарзанди беш яшар Оминанинг узоқ вақт касал бўлгани ақлу-ҳушидан бегона қилган.

Парвина Абдуллаева жорий йилнинг 5 июлида Душанбе шаҳридаги Ҳисор каналига уч боласини сувга отганидан ўзини ҳам каналга ташлаган, бироқ унинг ўзи тирик қолган ва уч нафар фарзандининг жасади эртаси куни топилган эди.

XS
SM
MD
LG