Линклар

Ўзбек муҳожири Қозон вокзалини портлатиш билан таҳдид қилди


Ўзбек муҳожири Қозон вокзалини портлатиш билан таҳдид қилганликда айбланмоқда.

Ўзбек муҳожири Қозон вокзалини портлатиш билан таҳдид қилганликда айбланмоқда.

Москвадаги Қозон вокзалини граната билан портлатишга таҳдид қилганликда айбланаётган 37 яшар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинди. Москва полициясига кўра¸ маст ҳолда қилинган бундай таҳдид учун меҳнат муҳожири жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Москва вилоятининг Воскресенск шаҳри полиция бўлинмасига мурожаат қилган 44 яшар Ўзбекистон фуқароси танишларидан бири ўзи билан суҳбатда Москвадаги Қозон вокзалида портлаш уюштиришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган.

Россия Марказий Федерал округ бўйича Транспорт полицияси расмий вакиласи Татьяна Бондарева Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни олган полиция ўзбекистонлик муҳожирни ўша куниёқ маст ҳолатда қўлга олганини билдирди:

- Бу ҳодиса Воскресенск шаҳрида содир бўлди. Билишимча, икки фуқаро шаҳарнинг Беркино кўчасидаги ижарага олинган ётоқ уйлардан бирида ароқ ичиб ўтирган ва урушиб қолган. Улардан бири жанговар гранатаси борлиги, бу гранатани у Москва вокзалларидан бирида портлатмоқчи эканини айтган, деди полиция ходимаси.

Маст ҳолатда бўлган 37 ёшли бу муҳожирнинг гапини эшитган унинг юртдошиси дарҳол полицияга хабар берган ва Қозон вокзалида террорчилик акти содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Зудлик билан ҳодиса жойига искович итни етаклаб келган полициячилар ижарага олинган хонада маст ҳолатда бўлган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Тинтув пайтида квартирадан ҳеч қандай портловчи модда топилмаган.

Транспорт полициясида терговолди суриштирув ишлари давом этаётганини билдиришди.

Террорчилик хуружида айбланаётган 37 ёшли ўзбекистонликнинг суриштирув якунига қадар ҳибсхонада сақланиши айтилмоқда.

Россия Темир йўл вокзаллари дирекцияси матбуот котиби Константин Харламов Озодлик билан суҳбатда бундай ҳодисалар тез-тез учраб туриши, одамлар ўйламасдан гапирган гапи учун реал қамоқ муддатларини олаётганини айтади.

Суҳбатдош сентябрь бошларида номаълум кимсанинг худди шундай “ҳазили” Ярославский ва Рижский темир йўл вокзаллари эвакуациясига олиб келганини эслади:

- Афсуски, бу бизда одатий ҳолга айланиб қолди. Одамлар учун эрмак! Бу гал эвакуация қилинмади. Лекин, ҳар ҳолда бундай таҳдидларнинг ҳечам яхши томони йўқ: ишимиз тўхтайди, зарар кўрамиз, одамлар эвакуация қилинади, савдо-сотиғимиз тўхтайди... Аммо гап одамлар хавфсизлиги ҳақида кетаётган бўлса хавфсизлик хизматлари ҳар бир бундай хабарни обдон текшириб кўришлари шарт, деди Константин Харламов.

Полиция ходимларига кўра¸ суд-тергов суриштирув ишлари натижасида ўзбекистонлик муҳожирга қўйилаëтган айб ўз исботини топса у 3 йилгача қамоқ жазоси ва катта миқдорда моддий жаримага тортилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG