Линклар

Қўқонда икки ўқитувчи ИШИД варақаларини тарқатганликда гумонланиб қўлга олинди


Ўтган йилнинг август ойида Тошкентдаги кўприкка қора байроқ осиб кетилгани катта шов-шувга сабаб бўлган эди

Ўтган йилнинг август ойида Тошкентдаги кўприкка қора байроқ осиб кетилгани катта шов-шувга сабаб бўлган эди

Фарғона вилоятидан олинган хабарга кўра, Қўқон шаҳар 4-ўрта мактабда “Исломий давлат” варақаларини тарқатганликда гумонланган икки аёл ўқитувчи қўлга олинган. Қўқон шаҳар халқ таълими бўлимидаги Озодлик манбасининг айтишича, 8 октябрь куни мактабда рейд ўтказган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ИШИД варақаларини ўқитувчиларнинг қўл телефонларидан топган. Ўқитувчиларни ички ишлар ходимлари ҳибсга олгани айтилмоқда. Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими вакиллари бу хабарни изоҳлашдан бош тортишди.


Фарғона вилояти Қўқон шаҳар 4-ўрта мактабда 8 октябрь куни ички ишлар идорасининг бир гуруҳ ходимлари тарафидан ўтказилган рейд натижасида икки нафар ўқитувчи ҳибсга олинган айтилмоқда. Шаҳар халқ таълими бўлимидаги Озодлик манбасининг иддао қилишича, махсус амалиёт икки нафар ўқитувчи “Исломий давлат” экстремист гуруҳига оид варақаларни сақлаётгани ва тарқатишга урингани тўғрисида милицияга кимдир хабар қилиши ортидан ўтказилган.

“4-мактабга кимдир милиция чақирган экан. Мактабда ишлайдиган икки опой (аёл ўқитувчи-таҳр.) Суриядаги жангариларнинг варақаларини телефонларида сақлаб, мавзулар уюштириб, мактабда қоғозларни тарқатиб юрар экан. Биттаси ёши каттароқ аёл, тарих ўқитувчиси, деб атйишяпти. Ички ишлардан келишиб, биттасининг телефонидан варақа чиққанидан кейин иккала аёлни олиб кетганини айтишди. Айтишларича, мактабдаги печкага чоп қилинган варақаларни йиртиб яширишга ҳам уринишган улар”, дейди Озодлик манбаси.

Унинг яна айтишича, 4-ўрта мактаб директорига ҳам ўз қўли остидаги ходимларнинг экстремистик варақалар тарқатишига йўл қўйиб бергани учун чора кўриш масаласи ҳам кўтарилмоқда. 8 октябрь куни мактаб биносида катта тинтув ўтказлиди, дея қўшича қилди Қўқон шаҳар халқ таълими бўлими ходими.

Расмийлар Қўқондаги мактабда “Исломий давлат” экстремист гуруҳига оид варақалар тарқатигани тўғрисидаги хабарни тасдиқлагани йўқ. Фарғона вилоятининг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Қўқонда одатда диний кайфиятлар бошқа минтақаларга нисбатан кучлироқ экани айтилади.

Қўқон шаҳар ички ишлар бўлими вакиллари 4-ўрта мактабда рўй берган воқеа юзасидан Озодлик мухбирига изоҳ беришни исташмади. Ички ишлар бўлимининг террорчиликка қарши кураш бўйича мутасаддиси бундай воқеа рўй берганини на тасдиқлади, на инкор этди.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳига оид варақалар Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида, хусусан ўқув муассасаларида тарқатилиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Шу йилнинг апрель ойида Тошкент вилояти Паркент туманидаги 27-ўрта мактаб биноси ойналарига ИШИДга доир экани гумон этилган араб ёзувида портлашлар таҳдиди битилган варақалар ёпиштитириб кетилган эди. Орадан бир неча кун ўтиб, Паркент туманининг яна учта жойида Транспорт ва сервис коллежи, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларидан бирининг кириш йўлакчасида айни варақалар тарқтилган эди.

Паркент туманида ўтказилган махсус амалиёт натижасида уч киши ҳибсга олингани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди. Ўша воқеадан кейин Ўзбекистон таълим муассасаларида хавфсизлик ва назорат чоралари кучайтирилган эди.

Шу йил бошроғида Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани мактабларидан бирида ҳамдаБухорода "Исломий давлат" экстремист гуруҳиникига ўхшаш қора байроқ осиб кетилган.

Ўтган йилнинг август ойида пойтахт Тошкентнинг Юнусобод туманидаги кўприкка ҳам қора байроқ осиб кетилгани катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

XS
SM
MD
LG